Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

So`ngi habarlar:
Biz tarmoqlarda:

“Уддабурон” фирибгар тўрт фермерни чув туширди

“Уддабурон” фирибгар тўрт фермерни чув туширди

          Улуғнор туманида яшовчи  Шерзод Мамаев “Уддабурон Шерзодбек” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди-ю, аммо чинакам уддабуронлик қилмади. Аксинча, тадбиркорлик ниқоби ортида учинчи маротаба фирибгарликка қўл урди.

        Гап шундаки, 2016 йилнинг сентябрь ойида Ш. Мамаев Фарғона шаҳридаги “Ҳавас” номли ошхонани ижарага олди. Чунки у ошхонада балиқ пишириб сотишни мўлжаллаганди. Шу мақсадда Шерзод аввалига бинойидек иш юритиб борди. Лекин фаолиятининг учинчи ойида ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан тап тортмай, фирибгарликка ўтди.

          Дастлаб унинг “тўри”га Бешариқ туманидаги “Абдушукур Юсупжон келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Адҳамов илинди.

         – Балиқ пиширадиган ошхонани ижарага олганман, – дея гап бошлади у. – Энди менга тонналаб балиқ керак бўлади. Пули нақд, 2-3 кунда оласиз, савдо яхши кетяпти.

         Соддадил, ишонувчан Дилмурод Ш. Мамаевга ишониб, ҳар бир килограми 14.000 сўмлик 1242 килограмм жами 17.400.000 сўмлик балиқ маҳсулотини насияга бериб юборди...

       Фирибгар қараб ўтирмади, энди бир ҳафта ўтиб, тумандаги “Нафасобод кўли” фермер хўжалиги раҳбари Толмас Холмуратовни ҳам қуюқ ваъдалар билан ишонтирди.  659 килограмм 8.237.500 сўмлик балиқни текинга олиб кетди...

       Табиийки, шундан сўнг Шерзод Бешариққа қайтиб бормади. Д. Адҳамов ва Т. Холмуратов бўлса “Ҳавас” балиқхонасига бир неча марта келиб кетишди, лекин Ш. Мамаевнинг “эртага”си тугамади...

       Алдаб, авраб пул топишни “касб”га айлантирган Шерзод ўтган йилнинг январь ойида  Олтиариққа бориб, “Усмонали Аъзамжон келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Маҳаммаджон Маматқуловниям қоп-қоп ваъдаларига чиппа-чин ишонтириб, уч кун ичида 6 тонна балиқнинг ҳар бир килограммини 6200 сўмдан жами 45.900.000 сўмга савдолашиб, насияга олиб кетди. Бир ҳафтадан кейин эса: “Хоҳласангиз, пулнинг бир қисмини шартнома орқали ҳам ўтказиб беришим мумкин”, – деди. Ва 2017 йил 16 январь куни фермер хўжалиги билан “Уддабурон Шерзодбек” МЧЖ ўртасида 14 миллион сўмлик 1-сонли шартнома имзоланди. Маълум бўлишича, ўша шартнома сохта экан. Энг ажабланарлиси, ўша санадан 2 кун аввал – 2017 йил 14 январь куни Ш. Мамаев Олтиариқ туманидаги Қизилтепа қишлоғида жойлашган “Шуҳратобод орзуси” фермер хўжалиги раҳбари Умарали Ғаниев билан ҳам 1-сонли сохта шартнома тузиб, 32.934.000 сўмлик балиқни текинга олиб кетган экан...

           Улар ҳам бешариқлик фермерларга ўхшаб учига чиққан товламачига алданганларини кеч бўлса-да, тушунишди ва ниҳоят, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишди. Ш. Мамаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,б”-бандлари, 228-моддаси 2-қисми “а”-банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди айбдорга нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳукм ўқилиб, судланувчидан жабрланувчиларга келтирилган зарарни ундириш ҳам белгиланди.

        Буни қарангки, Шерзод Мамаев айбини тан олишни истамай, аксинча, фирибгарлик қилмагани, ошхона раҳбари И.Акбаров ҳар ойда ижара ҳақини ошириб боравергани туфайли фермерлар билан ҳисоб-китоб қилолмаганини билдириб, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига апелляция шикоятини берди. Бироқ апелляция судлов ҳайъати унинг келтирган важларини инобатга олмади. Чунки жабрланувчиларнинг кўрсатмаларидан ташқари гувоҳлар Ж. Мамирбоев, Э. Исақов, И. Акбаров, Р. Мамаева ва А.Маматовларнинг кўрсатмалари, тилга олинган қалбаки шартномалар ҳамда АТИБ “Ипотека банк” Фарғона вилоят филиалининг маълумотномаси ҳам судланувчига қўйилган айбловни тўлиқ тасдиқлади. Натижада апелляция шикояти қаноатлантирмасдан, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди...

       Тергов ва суд жараёнида аён бўлишича, Ш.Мамаев дастлаб 2015 йил 4 февралда жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б”-банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига тортилгану, лекин кўзи очилмаган экан. Яъни, жазони ўташни бошлаган кезлардаёқ иккинчи бор фирибгарликка қўл урган. Оқибатда орадан салкам 5 ой ўтгач – 2015 йил 29 июлда жиноят ишлари бўйича Улуғнор туман суди томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б”-бандига биноан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2016 йил 27 майда Шерзодга нисбатан бағрикенглик қилиниб, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг шу кунги ажримига кўра унинг ўталмай қолган 2 йил 4 ой 9 кун жазо муддати ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган. Бироқ 5 ойлик “танаффус”дан сўнг ўрганган кўнгил яна ўртаниб, у учинчи маротаба фирибгарлик кўчасига қадам қўйган. Шунинг учун суд “қаҳрамон”имизнинг ўталмай қолган жазосини ҳам қўшган ҳолда жазо тайинлади.

                                                                                                                                                                                Маъруфжон ТЕШАБОЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти
суди раисининг ўринбосари