Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

УЛАРНИНГ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН, ЛЕКИН...

УЛАРНИНГ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН, ЛЕКИН...

Чилонзор педагогика коллежи спорт майдонидамиз. Турли ёшдаги ўғил-қизлар машғулот олдидан мураб­бий ўгитларини тинглашарди. Уларга разм солганимизда бирининг қўлида, бошқасининг оёғида камчилиги сезилади. Баъзиларининг кўзи яхши кўрмаса, баъзиларининг ўз танасини бошқаришга қийналиши кўриниб турарди.

Ҳайратлана бошладик: ақлий ва жисмоний нуқсони борлигига қарамай, спорт билан шуғулланишга аҳд қилган шижоатли ёшларни кўриб, ўзимиздан хижолат бўлдик. Боиси, соғлом танимиз билан охирги марта қачон жисмоний машқлар бажарганимизни эслолмадик-да!..

Фурсатдан фойдаланиб, кўп йиллар болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида муносиб шогирдлар тайёрлаган, 2008 йилдан Ўзбекистон паралимпия ассоциацияси мураббийлари сафида хизмат қилиб келаётган O‘zLiDeP аъзоси Рашид Сафариев билан суҳбатлашдик.

 – 2008 йилдан ногиронлиги бор ёшларни ассоциация қошидаги спорт тўгаракларига жалб қилиб, терма жамоамизга муносиб ёшларни тайёрлаб берамиз, – дейди мураббий. – Шогирдларим Ватанимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилиб келишмоқда. Янгиланган тартибдаги жамоамизда элликдан ортиқ спортчи бор.

Мураббий 100 метрлик масофага икки спортчини ўзаро беллашиш учун тайёрлади. Қўлидаги секундомерни босиб, команда бериши билан чопағонлар старт чизиғидан ўқдек учиб чиқди... Мана, улар белгиланган масофани босиб ўтишди. Натижалар ҳайратга солмасдан қолмайди. Тани соғларнинг ҳаммаси ҳам 100 метрлик масофани 12,4 секундда босиб ўтолмайди-да, ахир.

Биз жисмоний имконияти чекланган инсонларга ачиниш нигоҳи билан қараб ўрганганмиз. Ногирон деса, тиланчилик қилиб ўтирган ёки аравачага михланиб қолганлар кўз ўнгимизга келади. Ҳозир майдонда машғулот олиб бораётган ёшлар эса, бу нотўғри тушунча эканини яна бир бор исботладилар. Оиласи, юрти олдидаги бурчини адо этиш йўлида чекланган имкониятини чеккага суриб, яхши яшашга, ҳамма қатори бўлишга чиндан интилаётганларни шунчаки кузатиб ўтиролмайсиз. Қадамини зўрға босиб юрган Абдулазизхоннинг ҳаракатлари ақлингизни шоширади. У шундай чаққонлик билан машқ бажарардики, қойил қолмасликнинг иложи йўқ.

– Енгил атлетика билан уч йилдан буён шуғулланиб келаман, – дейди Абдулазизхон Абдуҳакимов. – Спортга меҳрим ортиши сабаби Бразилияда ўтказилган “Rio–2016” мусобақаларида тенгқурларимнинг кўрсатган натижалари, эришган ютуқлари бўлди. Ҳозирда ядро ирғитиш, диск улоқтириш бўйича вилоят ва республика турнирларида совринли ўринларни эгаллаб келяпман.

– Аввал югуриш билан шуғулланардим, – дейди Олим Абдураҳимов. – Кейин ўзимни найза улоқтириш, узунликка сакрашда синаб кўрдим. Ҳозир ядро ирғитаяпман. Бошида 5-6 метр узоқликка отардим. Айни пайтда бу кўрсаткич 7,60 метрга етди. Терма жамоа сафига киришим учун натижам 8 метрдан ошиши керак. Ишонаманки, буни эплай оламан.

Кўзида чўғ, қалбида ўт ёнган бу йигит-қизлар билан суҳбатлашганингиз сайин ҳаётнинг имкониятлари нақадар чексизлигини тушуна бошлайсиз. Бир жойимиз оғриса, дардимизни достон қиламиз, нолишни бошлаймиз. Лекин кўз ўнгингизда имконияти чекланган боланинг чексиз имкониятлари намоён бўлганида... Улар сизу биз тез-тез унутиб қўядиган шукроналикни, кўнгил хотиржамлигини ҳис этяпти.

Машғулотлар узвийлигини таъминлашга O‘zLiDeP Чилонзор туман Кенгаши ҳамда туман ёшлар иттифоқи етакчилари  бош қўшмоқда. Кимдир спорт кийими, бошқаси эса жой борасида ёрдам қўлини чўзмоқда. Шунга қарамай, муаммолар ҳам йўқ эмас. Коллеж ҳудуди кореялик ишбилармонлар қўлига ўтган, бу ерни қайта таъмирдан чиқариб, янги университет очиш ишлари бошлаб юборилган.

– Қиш яқин, – дейди мураббий тушкун кайфиятда. – Аввал Чилонзор болалар ва ўсмирлар мактабида шуғулланардик. Шароит яхши эмаслиги, қишда спорт залнинг совиб кетиши боис бу ерга кўчгандик. Мана, куз-қиш мавсуми остонада, энди машғулотларни қаерда давом эттирамиз? Масъуллардан илтимос қилиб қолардимки, биз ҳеч кимдан ортиқча ёрдам сўрамаяпмиз, фақатгина фаолиятимиз тўхтаб қолмаслиги учун жой ажратишса…

Мураббийнинг гаплари ўринли. Спортчилар билан гаплашиб, бунга яна бир карра амин бўлдик. Спорт анжомларида ҳам камчиликлар кўзга ташланади. Футбол, волейбол тўп­лари, ядро ирғитиш машқлари учун махсус тошлар, спорт кийим ва ҳимоя воситалари, бошқа керакли анжомларга зарурат бор. Голбол учун оғирлиги (қизларга 950 г, йигитларга 1,250 г) турлича бўлган, ҳаракатланганда овоз чиқарадиган махсус тўп керак. Мураббийнинг айтишича, улар шунақа тўпни сўраб бормаган жойи қолмаган.

Билишимизча, бу спорт тури жуда қизиқ. Чет элда оммалашган бўлиб, мусобақаларда майдон атрофи қизиқувчи мухлислар билан тўлиб кетади. Рақиб жамоаларда уч нафардан ўйинчи бўлади. Улар эни 9 метр, узунлиги 18 метр келадиган майдонда баҳслашадилар. Ҳар икки жамоа ўз дарвозасини қўриқлайди. Рақиб тўпни улоқтирганда у овоз чиқаради. Шунга қараб иккинчи томондагилар тўп йўналишини сезади, эшитади ва ўша томонни қўли ёки оёғи билан ёпади. Мақсад – ўз дарвозасига гол ўтказиб юбормаслик. Агар тўп дарвозадан ўтиб кетадиган бўлса, мураббийнинг ҳуштаги чалинади. Голбол нафақат кўзи ожизлар, балки соғлом инсонларни ҳам завқлантирадиган ўйин, шундай эмасми? Голбол ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлинг.

Хуллас, ёш спортчиларимизга бир нарса муҳим: машғулотларни хотиржам олиб бориш учун ҳуқуқий ҳужжатга эга бўлган спорт комплексига етишиш бахти!

Футбол бўйича ногирон-ампутантлар ўртасида ўтказилган 2007 йилги жаҳон биринчилигида чемпионликни қўлга киритиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатган футболчиларимизни бир эсланг! Бирининг оёғи йўқ эди, бирининг қўли. Жисмоний камчиликлар қаҳрамонлик кўрсатишда тўсиқ бўлолмади! Ишонамизки, кун келиб Рашид Сафариев бошчилигидаги жамоа вакилларидан ҳам ана шундай чемпионлар етишиб чиқади. Бунинг учун эса... ёш спортчилар эмин-эркин шуғулланишларига зарур шарт-шароитга эга жой керак.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ,

“XXI asr” мухбири