Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Умид”чиларда умид уйғоняптими?

“Умид”чиларда умид уйғоняптими?

Маълумки, бундан роппа роса йигирма бир йил аввал – 18 феврал куни Биринчи Президентимиз таклифи ва ташаббуси билан “Умид” жамғармаси таъсис этилган эди. Мазкур жамғарманинг асосий мақсади ёшлар орасидан истеъдодли, билимга чанқоқ, тиришқоқ ёшларни танлаб олиб, уларни хорижий мамлакатлардаги нуфузли ўқув юртларида таълим олиши учун имконият яратиш бўлган. Бу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, 1990 йиллар охири — 2000 йиллар бошида 800 дан ортиқ йигит ва қизлар АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Германия ва Япония университетларида таҳсил олишган.  Аммо ҳозирда уларнинг аксарияти қаерда?..

Қуйида “Умид” йўлланмаси билан Буюк Британияда ўқиган, 2004 йилдан бери эса АҚШда яшаб келаётган иқтисодий таҳлилчи, андижонлик Аробиддин Тўрахановнинг айрим мулоҳазаларини ўқишингиз мумкин. “Fortune 500” га кирувчи турли компанияларда ишлаб, 10 миллиард АҚШ долларлик инвестицион портфелни бошқарган, айни пайтда сармоя компаниясида акция ва облигациялар бўйича таҳлилчи бўлиб ишлаётган ўзбек ўғлони Аробиддин мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ўзгаришларга муносабат билдирди. Унинг бу борадаги фикрларини “Америка овози”нинг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси эълон қилди.

Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларни кузатар эканман, 1998-2001 йиллари "Умид" жамғармаси орқали Англияда ўқиган талабалик пайтларим, айниқса “Макроиқтисодиёт” ва “Монетар сиёсати” фанлари эсимга тушади. Ўша пайтда АҚШнинг, ваҳоланки, 21 асрнинг буюк иқтисодчиси, Нобель мукофоти совриндори Милтон Фридманнинг "... the tectonic shift that was quaking old notions of the federal government as the great fixer and tweaker of America's economy", яъни "... тизимли ўзгариш АҚШ федерал ҳукуматининг иқтисодиётни тузатувчи ва чимчилаб турувчи… каби қарашдан қайтараяпти" деган улуғ бир гапини Президент Шавкат Мирзиёев фикрларида ва ҳаракатида кўрдим.

АҚШда ҳам 1960-80 йиллари консерватив қарашга эга бўлганлар бозор иқтисодиётини эркинлаштиришга қарши чиқишган. Иқтисодиётни либераллаштиришга авваламбор монополист ва уларга яқин бўлганлар, яъни консерватив қарашга эга бўлганлар қарши бўлишади. Либерал сиёсатчилар эса очиқ иқтисодиёт тарафдоридир. Эркин савдо эса одамлар ўртасида тўсиқсиз товар алмашуви (пул ҳам товар) ҳисобланади. Либерaлизация АҚШ иқтисодиётини дунёнинг энг кучли иқтисодиётига айланишига олиб келади. Шуниси қизиқарлики, АҚШда ўртача иш маоши баланд ($58,000/йилига) бўлиши билан биргаликда, кўп истеъмол товарлар (электроника, юқори сифатли кийим-кечаклар, автомобиль, ва ҳоказо) нархлари керак бўлса Ўзбекистондаги нархлардан арзонроқ.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсат ҳам айнан Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштиришга қаратилган. Ана шундай, яъни эркин иқтисодиёт (ва рақобат) орқали товарлар сифати яхшиланади, нархлар арзонлашади ва халқнинг турмуш даражаси ўсади.

Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб шуни хулоса қилиш мумкинки, агар мақсад иқтисодиётни ривожлантириш бўлса, унда давлатни иқтисодиёт олдида битта вазифаси бўлиш керак: у ҳам бўлса икки қўлини иқтисодиёт томоғидан олиш. Қолганини эркин иқтисодиёт ўзи жой-жойига қўйиб олади. Энг асосийси, нима қилиш эмас, балки нима қилмаслик керак деган саволга жавоб бериш керак. Эркин бозор иқтисодиёти "ихтиёрий ҳамкорлик" принципига асосланади. Давлат томонидан бошқариладиган иқтисодиётда ким, нима, қачон ва қанча истеъмол қилишлиги режалаштирилади ва бундай тизим нимага олиб келишини (инқирозга) собиқ совет сиёсати кўрсатди.

2004-2010 йиллари АҚШнинг энг нуфузли "Fortune 500" компанияларидан бирида ишлаётган вақтимда, Ўзбекистон давлат идораларидаги раҳбарлардан бир-иккитаси менга телефон қилиб, ишлаётган компаниямни филиалини Ўзбекистонда очишни таклиф қилиб, ўз томонидан давлат гарантияси берилишини таклиф қилишган эди. Ушбу таклиф билан мен компаниямиз раисига чиқиб, юзма-юз гаплашдим. Стив исмли компания раҳбари Ўзбекистон тўғрисида ўрганиб чиқиб, менга қуйидаги гапни айтди: Биласизми, албатта, мен бундай таклифдан хурсандман. Лекин сармоя олиб кирувчига давлат кафолати эмас, балки очиқ иқтисодиёт керак. Конвертация очилиши, сиёсат ва иқтисодиётни эркинлаштирилиши, молк-мулк кафолати таъминланиши аста-секин бизнинг компания кабилар ҳам Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиш yйғотади, деб ўйлайман.

Кўп Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (собиқ CCCP) мамлакатлари иқтисодиётлари асосан хомашё ресурсларини сотишга асосланган. Бизнес тизими эса давлат сиёсатидан келиб чиққан ҳолда оборилади; мисол учун Россияда. Лекин дунёнинг энг ривожланган иқтисодиётлари, энг юқори турмуш сифатига эга бўлган Япония, Сингапур, Гонконг, Швейцария каби мамлакатларда умуман на нефт, на олтин, на бошқа табиий бойликлари бор, лекин турмуш даражаси АҚШникидан баланд.

Нега деб ўйласиз? Жавоб оддий: 1. Ривожланган давлатларда давлат сиёсат режасини бизнес ҳолатидан келиб чиққан ҳолда тузади. Сабаб бизнес ҳам давлатни, ҳам халқни боқади. 2. Давлатлар сармояни ўз халқининг илмини оширишга сарф қилган ва инновацион ғояларга асосланган иқтисодиётни қуришга ихтисослашган. Бир пайтлар Сингапур ҳам оғир аҳволда бўлган. Лекин халқини турмуш даражасини кўтариш учун қўл урган Сингапур давлат раҳбари, пул топиб, аҳолисини энг иқтидорли фарзандларини ривожланган давлатларга ўқишга юборади. Ўқишни тугатиб, тажриба олиб келган ёш cингапурлик мутахассислар ўз мамлакати иқтисодиётини кўтаришади. Бугунги кунда бу мамлакат иқтисодиёти ва давлат сиёсати муваффақият модели сифатида ўрганилади.

Юқоридаги тажрибани бизнинг биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва иккинчи Президентимиз Мирзиёев ишларида кузатишимиз мумкин. Ўзбекистон иқтисодиёти қийин аҳволда бўлишига қарамай, Биринчи Президентимиз пул топиб 800 дан ортиқ ёшларимизни дунёнинг энг ривожланган давлатларига ўқишга “умид” билан юборади. Президент Мирзиёевнинг мактабгача бўлган таълим вазирлигини ташкил қилиши – революцион ғоя. 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни амалга ошириш йили” деб номлаши эса ана шу юқоридаги ривожланган мамлакатлар қатори илғор технологияларга асосланган иқтисодиётни қуришга қуйилган қадам – мустаҳкам пойдевордир.

Фақат хомашёни сотишга асосланган иқтисодиётнинг келажаги йўқ. Мисол учун кўп ривожланган давлатлар ва Хитой 2040 йилларгача анъанавий ёқилғидан фойдаланадиган автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотишни тўхтатиш планида. Бу фақат автомобилсозлик индустриясида бўлаётган янгилик. Менимча, Ўзбекистон шундай моделни, йўлни танлаши керакки, энг камида 25 йилдан кейинги иқтисодиёт кўринишини инобатга олиб ҳаракат қилиш керак. Ўзбекистонда шундай имконият борки, ривожланиш босқичининг бир нечта поғонасидан сакраб ўтиши мумкин. Президент Мирзиёев айтганларидек, бунинг учун янгилик яратишни кераги йўқ. Иқтисодиётни кўтариш учун керакли янгиликлар аллақачон яратилиб, синалиб, хаётга татбиқ этиб бўлинган. Биз шу илғор технологияларни ўрганиб, Ўзбекистон тажрибасида қўллашимиз керак.

Янгиликларни ўз мамлакатингда татбиқ қилишдан мақсад "бизда ҳам бу нарса бор" деган фикр эмас, балки қандайдир аниқ бир муаммони ҳал қилишга қаратиш керак. Бу эса давомий жараён. Шунинг учун “ривожланган давлатлар тажрибасига эга” мутахассислар кўмаги доимий равишда керак, албатта. Кадрлар масаласида қийинчилик бўлишига қарамай шуни айтиш мумкинки, президент сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган энг камида 800 та "Умид" жамғармаси собиқ талабалари бор. Булар оддий талабалар эмас, балки Ўзбекистонда саралаб олиниб, иқтидорли ёшлар деб тан олинган тиришқоқ, илмга чанқоқ ёшларимиздир. Энди эса бу собиқ талабалар профессионал мутахассислардир.

Қолаверса, бундан ташқари, яъни шунча ўз ҳаракати билан чет элда таълим олиб, мехнатсеварлиги билан ажралиб турувчи бизнинг халқимиз вакиллари ривожланган давлатларда банк ва молия, олийгоҳ ва тиббиёт, информацион технологиялар ва инжeниринг, қонунчилик ва бошқа кўп сохаларида юқори малакали мутахассис бўлиб ишлаётган ватандошларимиз кам эмас. Миграция сиёсати институти статистика манбасига асосан Канадада 5500, АҚШда 200 000 дан ошиқ, Британия 4000, Португалия-Испания-Франция-Австриянинг ҳар бирида 1000 тадан ортиқ, Италия 3000, Греция ва Туркияда 8000 тадан кўп, Россияда 1 200 000, Австралияда 2000 дан кўп ватандошларимиз доимий равишда яшаб келишади. Фақат АҚШнинг ўзидан ўша 200 000 ватандошларимизнинг тенг ярми 1 йилда бир маротаба Ўзбекистонга қариндошларини зиёрат қилишга келиб кетиши Ўзбекистон иқтисодиётига энг камида 100 миллион доллар (йул-киранинг ўзи) даромад олиб келади.

Лондон Иқтисодиёт Университети (London School of Economics) профессори, менинг иқтисодиёт бўйича устозим 2000 йилда қуйидаги гапни айтган эди: Cизнинг президентингиз ривожланган давлатларга умид қилиб юборган эканлар, вақти келиб сизлар (яъни чет элда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар) ўз ватанингиз ва ривожланган давлатлар ўртасида муваффақият кўпригини қуришда инженер вазифасини ўтайсизлар. Ўшанда сизларга эркин фикрлаш майдони керак бўлади.

Президент Билл Клинтон АҚШга раҳбарлик қилган даврда давлат бюджети 1957 йилдан бери биринчи марта 4 йил мобайнида хақиқий профицитга кирган.

Бунга сабаб шу эдики, Клинтон АҚШдаги энг кучли иқтисодчиларни Оқ yйга тез-тез таклиф қилиб, улар билан иқтисодиёт ривожланиш стратегиясини баҳс қилиб турган. Президент Мирзиёевнинг хориждаги ватандошлар билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқишга чақириши ана шу юқоридаги гапларнинг тасдиғи десам ҳам бўлади. Лекин амалда бирон бир натижага эришиш учун бу ҳаракат марказлаштирилиши, яъни чет элда яшаётган ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилиш учун бир ташкилот яратилиши ва президент қошида бўлиши, фармон билан тасдиқланиши жуда муҳим.

Ҳозирда кўп юқори малакали ватандошларимиз скептик оптимизм билан ўзгаришларни кузатиб туришибди. Ўзбекистонга борсак, биз ким билан ҳамкорликда иш олиб борамиз? Бизни эркин келиб кетишимизга кафолат қани? Ўзбекистонга боргани қўйилган ноқонуний тақиқларни ким ечади? Виза олиш масаласи қачон енгиллаштирилади? Президентга юборган мурожаатлар етиб бормаяпти. Борсак, бизни алохида хонага олиб кириб сўроқ қилмайдими? Бу саволлар ва хавотирлар кўпчиликда йўқ эмас.

Бепул маслаҳат, семинар ва талабдан келиб чиқиб, бошқа ёрдамни беришга тайёр ватандошлар кам эмас. Мақсад Президент Мирзиёевнинг халқимизни оғирини енгил қилишдаги орзу-ниятларини амалга оширишда қўлдан келганича кўмаклашиш.

Шуниси аниқки, 100 та қарор чиқариш мумкин, лекин уни бажарадиган мутахассис бўлмаса, у қоғоздаги қуруқ гап бўлиб қолади.

Чумчуқ сўйса ҳам қaсcоб сўйсин, дейди халқимиз. Ўзбекистонда бирон бир ташкилотда ишлаётган мутахассисни 10 кунга чет элга олиб бориб, бирон бир нарсани ўргатиб, ўшани Ўзбекистонда қил деган яхшими ёки АҚШ каби давлатларнинг иқтисодиёти ривожига доимий равишда ҳисса қўшиб, ҳар бир янгиликдан хабардор бўлиб турган мутахассиснинг мураббийлик қилиши яхшими?

Бир яхши мутахассисни тайёрлаш учун энг камида 10-15 йил керак. Ривожланган мамлакатлардаги ватандошлар билан, яъни ўз касбининг ҳақиқий эгалари билан яқин алоқада бўлмасак, унда лавозимлар тез-тез ўзгариши давом этаверади. Президент Мирзиёев айтганларидек, ҳеч ким сармоя билан икки қўлини очиб бизни кутиб тургани йўқ. Дунёда 195 та давлат бор ва жаҳон иқтисодиётида ўз ўрнимизни топиш учун фақат ўзимиз курашишимиз керак.

 

 

 

 

 

 

 

 

.