Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Уммоннинг энг йирик компанияси Ўзбекистонга кирмоқда

Уммоннинг энг йирик компанияси Ўзбекистонга кирмоқда
 
Уммон давлатининг “ASYAD” компанияси вакиллари Наманган ва Фарғона вилоятларида экспортчи корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида амалий ташриф билан юртимизга келди. “ASYAD” (Уммон) компаниясининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича савдо директори Игорь Егоров, “Alawkiya Trading” (Уммон) компанияси директори Халифа Салим Ал-Амри, “EASA Freight Forwarding” (Греция) компаниясининг транспорт масалалари бўйича бош бошқарувчиси Юлия Шабанова ва “EGRONAS Trading” (Эстония) компанияси бошқарувчиси Роман Шабановлардан иборат меҳмонларни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабул қилди.
 
Делегация аъзоларига вилоятда яратилган тадбиркорлик ва сармоявий муҳит, саноат ҳудудлари ва мева-сабзавотларни ишлаб чиқариш, экспорт қилиш ҳажми, географияси ҳақида маълумот берилди.
 
40 дан зиёд мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатган “AYSAD” халқаро логистика компанияси хизматлари мева-сабзавотларни экспорт қилувчи ва четдан тропик цитрус меваларни импорт қилувчи маҳаллий тадбиркорлар учун қулай имкониятдир.
 
Мазкур компания вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича етакчилардан бўлган Тўрақўрғон туманидаги “Pure Fruit Trade”, Наманган шаҳридаги “Афрўз Камол Наби” корхоналари томонидан тақдимотлар ўтказилди.
 
Вилоят божхона бошқармаси ва экспорт-импорт амалиётига дахлдор бошқа тегишли идоралар вакилларининг амалдаги тартиб-қоидалар, тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар юзасидан маърузалари тингланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавотларни ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи тадбиркорларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди. 
 
Делегация аъзолари Наманган халқаро аэропортида бўлиб, вилоят ҳаво дарвозасининг логистика имкониятлари билан танишди.

Акромжон САТТОРОВ, ЎзА