Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Умумий ўрта таълим муассасаларида бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, унинг янгича тизими йўлга қўйилади

 Умумий ўрта таълим муассасаларида бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, унинг янгича тизими йўлга қўйилади

          Сўнгги йилларда Халқ таълими вазирлигига ўқитувчи-педагоглардан келиб тушаётган ариза ва шикоятларнинг аксарияти бухгалтерия соҳасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар билан боғлиқ. Хусусан, ходимларнинг ойлик иш ҳақларини ҳисоблашда, директор жамғармасидан устама ҳақ тайинлашда йўл қўйилаётган қонун бузилишлар педагогларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш борасида чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий сайти хабар берди.

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 3231-сон қарори бу каби муаммоларга барҳам бериш, ҳисоб-китоб хизматини такомиллаштириш сингари мақсадларга қаратилган.

 

       Мазкур қарорга биноан умумий ўрта таълим муассасаларида индивидуал тарзда фаолият юритиб келаётган бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилади. Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилиши, иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш, товар, иш ва хизматларнинг харид қилиниши, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)дан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш каби вазифаларни бажаради.

       Қарор ижросини таъминлаш мақсадида шу йил 31 октябрида Халқ таълими вазирининг Молия вазири билан келишилган “Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 346-сон буйруғи қабул қилинди. Низомда марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматининг вазифа ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

         Бугунги кунга қадар таълим муассасаларидаги индивидуал бухгалтерия самарали фаолият юритиши учун мактаб директори ҳам етарли даражада ҳисоб-китоб илмига эга бўлиши талаб қилинар эди. Табиийки, мактаб директорлари бу борада етарли билимга эга бўлмагач, турли қонун бузилишлари юзага келарди. Кимдир директор фонди маблағларини нотўғри тақсимлайди, яна кимдир ўз таниш-билишларига устамалар беришга интилади. Ўтган йиллар давомида бизга фуқаролардан келиб тушган кўплаб мурожаатларда айни шу мавзу кўтарилган. Мазкур қарор асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати ташкил этилаётгани шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш ва коррупцияга барҳам беришда муайян тизим яратади.

       Педагог-ходимларга ойлик маоши ва турли устамалар берилишида шаффофликни таъминлашга эришилади. Ҳар бир ўқитувчининг неча соат дарс ўтиши, унга тўланаётган иш ҳақи миқдори, директор фондидан тайинланаётган устамалар кимларга берилаётгани, умуман, бюджетдан ажратилаётган маблағнинг нимага сарфланаётгани ҳақидаги маълумотлар мактабдаги “Эълонлар тахтаси”га жойлаштирилиб, жамоага очиқ-ойдин кўрсатиб борилади.

       Яна бир жиҳати, маошнинг педагог-ходимларга етказилишидаги янгиликдир. Мактаб директори педагог-ходимларнинг маошини бериш тўғрисидаги маълумотномани тасдиқлагач, “ЎзАСБО” электрон дастури орқали уни марказлашган молия-бухгалтерияга жўнатади. Марказлашган молия-бухгалтерия хизмати ҳисобчилари қабул қилиб олган хужжатларни ҳисоб-китобини қилиб белгиланган муддатларда тумандаги барча ўқитувчининг банк пластик карточкасига ўз вақтида ўтказиб беради.

     Натижада, ўқитувчилар ўртасида “Ойлик маошимни ҳалигача ололмадим, кечикаяпти” ёки “Ҳисобчимиз нимагадир ойлик маошимдан ушлаб қолибди”, деган эътирозлар келиб чиқмайди.

      “Айримлар ҳисоб-китобларнинг янгича тизимини жорий этилиши мактаб директорининг фаолиятини мураккаблаштиради” ёки “бирон жойга пул ўтказмоқчи бўлса ҳам туманга боришга тўғри келар эканда” - деган мулоҳазалар туғилиши табиий. Аксинча, янги тизимда бу жиҳатлар анча соддалаштирилган. “Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари тўғрисидаги низом”да бухгалтерия хизмати ва таълим муассасаси раҳбари ўртасидаги муносабат тартибга солинган.

       Таъкидланганидек, хизмат кўрсатиладиган муассаса раҳбарлари бухгалтерия ҳисоби ва назорати учун зарур ҳужжатлар, жумладан, ходимларни лавозимга тайинлаш, мукофот, моддий ёрдам ва устамалар тайинлаш каби молиявий масалалар баён этилган ҳужжатларни электрон дастурдан унумли фойдаланган ҳолда марказлаштирилган бухгалтерияга белгиланган тартиб ва муддатда тақдим этади. Таълим муассасасига хизмат кўрсатиш бўйича марказлаштирилган бухгалтерияга қатор мажбуриятлар юклатилган бўлиб, улар ушбу вазифаларни ўз вақтида бажаради.

      Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Тошкент вилоятининг Бўка, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманлари ҳамда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида мазкур хизмат фаолияти синов тариқасида ташкил этилди. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилиб, зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Ҳозир синов жараёни давом этмоқда.