Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Унутилмас ташриф ташаббускорликка, шижоаткорликка ундайди

Унутилмас ташриф ташаббускорликка, шижоаткорликка ундайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида ўтган ҳафтада Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2-3 май кунлари вилоятга ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Саноат, транспорт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби тармоқларни изчил ривож­лантириш, уй-жойлар барпо этиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва топшириғи асосида Наманган шаҳрида 6 та кичик саноат зонаси иш бошлади. Ҳозирда тадбиркорлар ташаббуси билан кичик саноат зоналарида умумий қиймати 1 триллион 229 миллиард сўмликдан ортиқ 211 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Учрашувларда Наманган халқининг уддабуронлиги, тадбиркорлиги билан ажралиб туриши, кейинги йилларда ёш тадбиркорлар креатив ғоялари билан янада танилаётгани ҳам тилга олинди.

Мамлакатимиз раҳбари бу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, вилоятда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун 1 триллион сўм ажратилишини маълум қилди. Бу маблағлар ҳисобига вилоятда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янгича тизими жорий этилади.

Президентимиз ташрифи вилоятда фаолият юритаётган электоратимиз вакиллари – тадбиркорларни ҳам ниҳоятда руҳлантириб юборди. Давлатимиз раҳбари кўздан кечирган кўпгина йирик лойиҳалар айнан хусусий сектор томонидан амалга оширилаётгани эътиборга молик. Ишбилармонлар юртбошимизнинг иқтисодиётимиз рақобатбардошлилигини ошириш, илғор технологиялар воситасида сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бошқа муҳим фикрларини дас­туриламал сифатида қабул қилдилар. Ташриф мобайнида Президентимиз бир неча хусусий корхона фаолияти билан яқиндан танишди. Қуйида ана шундай корхоналарнинг раҳбарлари фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Зафар РАҲИМОВ, “Ft textile group”  масъулияти чекланган жамият раҳбари, O‘zLiDeP аъзоси: 

– Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳар бир ҳудуднинг имкониятларини ишга солиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган тизимли ишлар туфайли тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб боряпти. Тўрақўрғон туманида ўтган йили барпо этилган “Ft textile group” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонамиз ҳам ана шундай оқилона сиёсат маҳсули, десак янглишмаймиз.

“Шаҳанд” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган корхонамиз биноси бир пайтлар қаровсиз, абгор ҳолатда эди. 2018 йили капитал таъмирлаб, Германия, Бельгия, Швейцария, Ҳиндистон ва Туркиядан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатдик. Корхона яқинидаги Боғишамол, Дукат, Темирқишлоқ, Олчин, Ахси маҳаллаларида яшовчи 300 кишини доимий иш билан таъминладик. Йилига 15,6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариб, маҳсулотларимизни Хитой, Россия, Туркия ва Украинага экспорт қилаяпмиз. Йиллик экспорт ҳажми 10,2 миллион долларни ташкил этмоқда.

Германиядан газогенератор олиб келиб, ишга туширганимиз туфайли корхонамиз электр энергияси билан ўзини-ўзи тўлиқ таъминлаяпти. Иш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқ сув ҳам исроф қилинмайди, 9 гектарлик иссиқхонани етарлича ҳарорат билан таъминлайди.

Фаолиятимизни янада кенгайтириш, 200 та янги иш ўрни яратишни режалаштиряпмиз. Яқин истиқболда 20,8 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариб, экспорт ҳажмини 25,2 миллион долларга етказмоқчимиз.

Давлатимиз раҳбарининг корхонамизга ташрифидан ниҳоятда мамнун бўлдик. Президентимиз корхона фаолияти билан яқиндан танишди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ишчи-хизматчиларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш юзасидан аниқ йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди.

Олимжон БОБОХОНОВ, Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” хусусий

корхонаси раҳбари, O‘zLiDeP аъзоси:

– Корхонамизда турли бичим ва рангдаги сочиқ, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Улар ички бозорга, шунингдек, Россия, Украина, Молдова, Болгария ҳамда қўшни давлатларга етказиб берилмоқда. Ўтган йили 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 9,4 миллион доллар миқдорида экспорт қилинди. 

Наманган шаҳри, Риштон ва Янгиқўрғон туманларида ҳам корхонамиз тасарруфидаги бир неча цех бор. Уларда 2 мингдан зиёд киши ишлайди. Яқинда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш мажмуаси фаолиятини йўлга қўямиз. Бу ерда яна минг киши иш билан таъминланади.

Фаолиятимиз узлуксиз кенгайиб бор­япти. Кластер усулида ишлашга ўтмоқчимиз. Бунинг учун ҳамма нарса тахт. Корхонамиз учун Мингбулоқ ва Поп туманларидан ер ажратилган, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олинган.

Давлатимиз раҳбари корхонамизга ташрифи чоғида режаларимиз билан қизиқди. Пахта тозалаш, уруғ етиштириш, дон маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларининг ишга туширилиши, иссиқхона ташкил этиш, чорва боқиш, ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маъқуллади. Кластер услубида иш юритиш бўйича қимматли маслаҳатларини берди. 

Президентимиз эътибори бизга куч-ғайрат, шижоат бағишлади. Ўз олдимизга қўйган мақсадларни амалга ошириш учун янада қатъият билан киришдик. Бизга билдирилган ишончни оқлаш учун бутун салоҳиятимизни сафарбар қиламиз.

Ўз мухбиримиз

ЎзА суратлари