Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Уялмас юзга толмас жағ беради

Уялмас юзга толмас жағ беради

              Қардош қозоқ халқининг улуғ фарзанди, буюк шоир ва маърифатпарвар Абай (Иброҳим) Қўнонбоев (1845–1904) умум­инсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғуларини юксак пардаларда тараннум этган. Бу номни эшитганда беихтиёр:

            Тўғри сўзли ўланим, ўзинг кўркам!

           Майли, татимаса ҳам сўйла бардам…

           Бу юрт сўз ошиғимас, мол ошиғи,

          Розиман, мингдан бири тушунса ҳам, –

деган халқона ўланлар ёдга тушади. Абайнинг назмий асарларидан ташқари “Қора сўзлар”и ҳам борки, бу насиҳатларидан намуналарни Носир Фозилов таржимасида ўқир эканмиз, муаллифнинг миллатпарвар, ахлоқшунос сифатидаги сиймоси ўз-ўзидан кўз ўнгимизда гавдаланади. Катта шахслар жамиятга танқидий муносабат билдириши, иллатларни аёвсиз фош этиб ташлаши, аслида, она халқини янада мукаммал кўриш истагидан келиб чиқишини тушунгандек бўламиз. Ва бундай нуқсонлар фақатгина бир элга тегишли эмаслиги боисидан Абай Қўнонбоевдек мутафаккирлар сарҳадлар ошаверади, замонлар ошаверади...

 
***

             Бизда мақтанчоқлик деган бир ярамас нарса бор. Асли шу нарсанинг нима кераги бор, ўзи? Зотан, бу – ор-номуссизлик, нодонлик, ўйсиз-хаёлсизлик ҳамда на ботирлик ва на одамгарчиликдан хабари йўқликнинг аломатидир! Тағин, безрайиб туриб: “Э, бор худоё! Кимдан ким ортиқ экан шунчалик! Бировнинг насибасини биров топиб берармиди ҳеч? Кимнинг боши кимнинг эгари қошида юрибди… Биров менинг қозонимни қайнатиб берибдими, ё мен бировнинг қўлига қараб қолибманми?” деб керилади. Баъзан эса дағдаға қилиб, “Ҳаммага бир ўлим!.. Вой онасини фалон қилай! Бундай юргандан кўра ўлганим ортиқ! Жуда нари борса – ҳайдаб юборар, отиб юборар! Қаерга борсам ҳам бир ўлим!” деб кекирдагини чўзадиганлар кўп-ку.

              Мана, ўзларингиз кўриб юрибсизлар: ҳозир ҳеч бўйига қараб тўн бичадиган, айтган гапида қатъий турадиган қозоқ борми дунёда? Йўқ, мен ҳали ўлимга бардош бера оладиган қозоқни ҳам ёки, аксинча: мен ўлимга бардош бера олмайман, деб очиқ гапирадиган қозоқни ҳам кўрганим йўқ… Борди-ю, ақлсиз бўлса-да, шундай журъатли қозоқ топилса, ҳаммани ҳайратга солган бўлур эди! Афсуски, йўқ. Бунинг ўрнига шундайлар борки, зўр келганда сичқоннинг инини минг танга қилиб, қочиб кирарга тешик топмай қолади. Хўш, бундай кишиларни нима деб атаймиз? Эй, Худо! Ўз жонига ортиқча ҳотамлик қиладиган, мол-дунёни писанд қилмайдиган бечораларнинг аҳволига қаранг. “Уялмас юзга толмас жағ беради”, деб шуни айтишар эканлар-да... Бундай кишилар ҳам уятсиз, орсиз кишиларнинг бири-да. 

***

              Киши эшитган нарсасини унутмаслик учун тўртта шарт бор: аввало, бунинг учун зеҳнли бўлмоқ керак; иккинчидан, бир нарсани кўрганда ё эшитганда – унга чин юракдан ихлос қўйиб, фаҳм-фаросат билан уқиб олмоқлик лозим; учинчидан, эшитганларини ичида бир неча марта такрорлаб, кўнгилга жо қилмоқ керак; тўртинчидан, кўнгилга бош­қа нарсаларни мутлақо келтирмаслик ва келса ҳам унга заррача эътибор бермаслик керак. Масалан: беғамлик, бепарволик, ўйин-кулги ёки қайғу-ҳас­ратга берилмаслик ва бош­қа нарсага ихлос қўймаслик керак. Акс ҳолда, бу тўрт нарса ақл билан илмга путур етказадиган омиллардир.

***

             Илм ўрганишни талаб қилган киши, аввало, уни билиши керак. Бунинг бир неча шартлари бор. Буларни билмай туриб ўрганилган илм юқмайди.

             Аввало, ўрганилаётган илм-ҳунарни охир бир кун келиб бирор кори-ҳолимга яраб қолар, деб ўрганмасдан, ҳаётда уни турмушга татбиқ қилиш мақсадида ўрганмоқ керак. Чунки илмни фақат билиб қў­йиш учунгина ўргансанг ва шу билан қаноат ҳосил қилсанг, бундай илмнинг кимга кераги бор? Киши ўзининг билмаган нарсасини билиб ўрганса – бундан қанчалик ҳузур-ҳаловат топишини асти қўяверинг! Агар сен илмга астойдил меҳр қўйиб ўргансанг, сенда яна кўпроқ билсам экан, деган муҳаббат пайдо бўлади. Шундагина сен кўзинг кўрган ҳар бир нарсани кўнглингга маҳкам тугиб, уқиб оладиган бўласан.

             Агар борди-ю, кўнглинг бошқа нарсада бўлиб, ўқиб ўрганаётган илмингни шунга сабаб қилиб кўрсатсанг, яъни уни ана шу кўнглингдаги нарса учунгина ўрганаётган бўлсанг, унда илмга деган меҳринг гўё ўгай онанинг меҳри каби бўлади. Агарда чин ният билан ўрганаётган бўлсанг, унда илмга деган меҳринг худди ўз онангнинг меҳридай илиқ ва самимий бўлади. Сен илмга чиндан ҳам ихлос қўйсанг, у ҳам сенга меҳр қўяди ва сен уни тезроқ қўлингга киритасан. Агар сен унга чала меҳр қўйсанг, ўрганган илминг ҳам чала-чулпа бўлади.

             Иккинчидан, илмни ўрганганда яхши ният билан ўрганиш керак. Аммо биров билан баҳс бойлашмоқ, талашмоқ учун ўрганиш керак эмас. Баҳс, аввало, кўнгилдаги ишончни мустаҳкамлаш учун бўлса – бу зарар эмас, лекин ҳаддан ошиб кетса – кишини тузатишдан кўра ҳам кўпроқ бузиб қўйиши мумкин. Бунинг сабаби: баҳс қилувчилар кўпроқ ҳақиқатни аниқлаш учун эмас, балки бир-бирларини енгмоқ учун ҳаракат қилишади. Бундай баҳс хусуматни кучайтириб, одамгарчиликни йўқотишгача олиб боради. Бунда асосий мақсад илм ўрганиш бўлмай, одамнинг юзини ёлғон сўзга бурадиган бўлиб қолади. Бундай мақсад фақат бузуқ кишиларгагина хосдир. Тўғри йўлдан кетаётган юзта одамни адаштирган киши, эгри йўлдан кетаётган битта нотавонни тўғри йўлга солган кишидан сатқаи кетсин! Баҳс – бу ҳам аслида, илм ўрганишнинг бир йўли. Бироқ унга ортиқча ҳирс қўйиш ярамайди. Чунки баҳсга ортиқча ҳирс қўйишдан мағрурлик, мақтанчоқлик, хусумат, ёлғончилик, ҳатто арзимаган нарсадан жанжал чиқариш ва бировга мушт кўтариш каби ёмон фазилатлар туғилади.

              Учинчидан, агар ҳар бир ҳаракатинг туфайли ҳақиқатга эриша оладиган бўлсанг, ўлсанг ҳам бу йўлдан қайтма, маҳкам тур! Ахир, ўзинг шубҳаланган нарсага ўзгалар қандай қилиб ишонч билдирсин? Ўзинг ҳурмат қилмаган нарсани ўзгалар нега ҳурмат қилсин?

             Тўртинчидан, илмни кўпроқ ўрганиш учун одамда яна икки нарса бўлиши лозим: бири – мулоҳаза юритиш, иккинчиси эса – муҳофаза қилишдир. Бу икки хусусиятни борган сари кучайтира бориш керак. Бу нарса кучаймай туриб илм ўрганиш қийин.

            Бешинчидан, шу насиҳатларнинг ўн тўққизинчи сўзида ёзилган ақл касали деган тўрт нарса бор, шундан эҳтиёт бўлиш керак. Шуларнинг орасида беғамлик, бепарволик деган нарса бор, зинҳор-зинҳор шундан эҳтиёт бўл! Чунки бу, биринчидан – Худонинг, иккинчидан – халқнинг, учинчидан – давлатнинг, тўртинчидан – ибратнинг, бешинчидан – ақлнинг, ор-номуснинг душманидир; ор-номус бўлган ерда булар бўлмайди.

           Олтинчидан, сенда илмни, ақлни бир меъёрда сақлайдиган феъл-атвор, хулқ деган нарса бор. Сен шу нарсани эҳтиёт сақла! Кўрган нарсангга қизиқаверсанг: ё бировнинг ўринли, ё бировнинг ўринсиз гапига ишониб кетсанг, ёки тўғри келган нарсаларга кўнгил қўяверсанг – феъл-атворинг бузилиб кетиши ҳеч гап эмас. Феъл-атвор бузилганидан кейин эса ўқиб илм ўрганганингдан ҳеч фойда йўқ. Кўкрагингда унга ўрин бўлмагандан кейин, уни қаерда сақлайсан? Аксинча, киройи илминг бўлгандан кейин, уни эҳтиёт қиладиган фаҳм-фаросатинг, ақли-ҳушинг, ор-номусингни қўлдан бермайдиган феъл-атворинг ва ғайратинг бўлса – нур
устига нур! Лекин бу эҳтиёткорлигинг, шубҳасиз, ақл учун, ор-номус учун қилинган бўлсин!

Носир ФОЗИЛОВ таржимаси.