Уйингиздаги қайси буюмлар биринчи навбатда дезинфекция қилиниши кераклигини биласизми?

Уйдаги айрим буюмлар коронавирус пандемияси вақтида ўзида кўзга ташланмайдиган хатарни акс эттиради. Lifehacker инфекциядан ҳимояланиш учун қайси буюмларни биринчи навбатда зарарсизлантириш кераклиги ҳақида сўз юритади.

Фото: Lifehacker

Смартфон

Сиз кун давомида энг кўп қўлингизга оладиган нарса бу — смартфонингиз. У уйда, кўчада, ишхонада сиз билан бирга. Эҳтимол, мақолани ҳам смартфонингиздан ўқиётгандирсиз?

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, смартфонда унитаздагидан ҳам кўпроқ бактериялар тўпланади. Барча тавсияларга амал қилган ҳолда қўлингизни ювсангиз ҳам, агар тоза бўлмаган телефонингизни ушласангиз, барча ҳаракатларингиз йўққа чиқади.

Шунинг учун смартфонни дезинфекция қилиш ўта муҳим. Бу ишни 2:3 нисбатдаги спирт ва сув аралашмасида намланган сочиқча билан қилиш мумкин.

Клавиатура

Фото: Lifehacker

Клавиатура ҳам тез-тез қўл теккизиладиган буюм. У ҳам микроб ва бактерияларнинг ўчоғи ҳисобланади. Компьютер клавиатурасини дезинфекция қилиш учун, аввало, компьютерни ўчирасиз. Сўнг 70 фоизли этил спиртига ботирилган сочиқча билан уни артасиз. Фақат артаётганингизда суюқликнинг клавиатура орасига оқиб кетмаслигига эътибор беринг.

Эшик тутқичлари ва чироқни ўчириб-ёқиш тугмаси

Аввал эшик тутқичини ушлашни ёқтирмайдиган одамларнинг бу қилиғи эриш туюлган бўлса, энди биз уларнинг қанчалик ҳақ бўлганини англамоқдамиз.

Экспертларнинг фикрича, эшик тутқичи ёки чироқни ўчириб-ёқиш тугмасини ушлаб, бирон инфекцияни юқтириб олиш эҳтимоли жуда юқори. Спиртли салфеткалар билан, айниқса, ювиниш хонаси, ҳожатхона эшигининг тутқичи ва чироқни ўчириб-ёқиш тугмаларини тез-тез артиб туринг.

Ҳожатхонадаги сувни оқизиш тугмаси

Фото: Lifehacker

Ҳожатхонадаги сувни оқизиш тугмаси бу — ҳар бир оила аъзоси бир кунда бир неча маротаба ушлайдиган нарса. Шунинг учун уни ҳам тез-тез зарарсизлантириш фойдадан холи эмас.

Кран тутқичлари

Уйга келиб қўлимизни ювиш учун биринчи навбатда кран тутқичини ушлаб, уни бураймиз ҳамда сув туша бошлагандан кейин қўлимизни ювамиз. Ифлос қўллардаги микроблар кран тутқичига ўтади, уни ҳам спиртли салфетка билна тозалаб туринг.

Ёстиқ ва юмшоқ ўйинчоқлар

Уйимиздаги бу буюмлар ўзида жуда кўп микроблар ва бактерияларни тўплайди. Уйга келишимиз билан диванга ўтириб, кир қўлларимиз билан ёстиққа тегинамиз, ўйинчоқларни ушлаймиз, қўлимиздаги микроблар уларга ўтади. Шу сабабдан ёстиқ ва юмшоқ ўйинчоқларни ҳам иссиқ сувда тез-тез ювиб туриш керак.

Иш столи

Фото: Lifehacker

Ҳозир кўпчилик уйдан ишлаётгани учун иш столи тозалиги ўта муҳим. Стол устини спиртли сочиқча билан артинг ёки антисептик спрейдан фойдаланиб, уни зарарсизлантиринг. Стол устидаги органайзер ва бошқа буюмларни ҳам тозалаб туринг.

Телевизор пульти

Уйда қанча кўп вақт ўтказсангиз, шунча кўп телевизор кўрасиз ёки онлайн ўйинлар ўйнайсиз. Тез-тез фойдаланиладиган пультни ҳам спиртли сочиқча билан артиб туришни унутманг.