Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Уйшин маҳалласида 600 дан зиёд хонадоннинг сал кам 900 та иссиқхонаси бор

Уйшин маҳалласида 600 дан зиёд хонадоннинг сал кам 900 та иссиқхонаси бор

            Тадбиркорликда, она заминимизнинг ҳар бир қаричини эъзозлаб иш юритишда, бу билан ўзи ҳам бойиб, эл-юртни-да обод ва фаровон этишда андижонлик­ларга етадигани йўқ. O‘zLiDeP Олтинкўл туман Кенгаши аппарати раҳбари Ҳуснора Абдуллаева билан шу ҳақда суҳбатлашиб ўтирарканмиз, эшик очилиб, ўрта бўйли, оқ-сариқдан келган, қирқ-қирқ беш ёшлар чамасидаги кўҳликкина аёл кириб келди.

           – Э, ана! – кўзлари чақнаб кетди Ҳусноранинг. – Келинг, Барнохон опа! Эндигина сиз ҳақингизда гапириб бермоқчи бўлиб тургандим... – шундай дея бизга юзланди: –  Барнохон Қодирова “Темирхўжа” маҳалла фуқаролар йиғини раисаси. “Барнобегим сўнмас юлдузи” оилавий корхонаси ҳам бор. Фаол, ташаббускор, тадбиркор.

          – Кечаги кунги маслаҳатимиз бўйича бизнес лойиҳамни тузиб келгандим, – деди Барнохон. – Агар шу яхши ниятимиз амалга ошса, маҳалламизда яна 200 хўжалик ўз иссиқхонасига эга бўлади. Кам деганда 150-200 нафар аёлни иш билан таъминлаймиз.

              Барнохонни эшитиб, ҳайратимиз янада ошди, кўнгилдан кечган  саволларни бера бош­ладик.

             – Андижон – Қирғизистоннинг Ўш вилояти билан чегарадош, – дея сўзида давом этди Барнохон. – Яширишнинг ҳожати йўқ, кейинги йилларда қўшниларимиз билан дўс­тона алоқаларимиз, борди-келдимиз узилиб қолувди. Бу эса кўплаб муаммоларни, қийинчиликларни келтириб чиқараётганди. Президентимизга минг раҳмат! Алоқаларимизни қайтадан тиклаб, йўлларимизни очиб бердилар. Ўтган йили қирғизистонликларнинг вилоятимизга меҳмон бўлиб келишлари, бизнинг у томонга боришимиз икки халқнинг катта тўйига, байрамига айланиб кетди. Ўшда кўп дўст-дугоналарим, таниш-билишларим бор. Эндиликда тез-тез кўришиб, дийдорлашиб турибмиз. Улар келяп­ти, биз боряпмиз. Тўй-тўйчиқларимиз, маърака-маросимларимиз ҳам бир-биримизсиз ўтмайдиган бўлиб қолди. Яқинда борганимда ҳам дўстлар билан юртимизда рўй бераётган жараёнлар ҳақида анчагина гаплашиб қолдик. Улар барча жабҳаларда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлардан яхши хабардор. Айниқса, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, янгиликлар дўстларимизни бефарқ қолдирмаётганига амин бўлдим. Хуллас, Ўш ­– тоғли ҳудуд, об-ҳавоси ҳам бизга қараганда анча салқин эмасми, уларда мева-чевалар ҳам, сабзавот маҳсулотлари ҳам кечроқ етилади. Шундан келиб чиқиб, биз уларга эртаги помидор, карам, бодринг етказиб беришимиз мумкин экан. Йирик корхона ва ташкилотлар, савдо идоралари раҳбарлари билан учрашиб, маслаҳатлашдик. Ҳаммалари ҳам хурсанд бўлиб, икки томонлама фойдали шартномалар тузиш истагини билдиришди. Бу эса менинг янги бизнес лойиҳамга асос бўлди. Ҳозир маҳалламизда икки юзта оила ўз иссиқхонасига эга. Улар аллақачон помидор, бодринг экишни бошлаб юборишди. Бу маҳсулотлар кечи билан мартнинг охири, апрелга бориб пишиб етилади. Биз бу ноз-неъматларни қўшниларимизга экспорт қиламиз. Яна шуниси қулайки, ўшликлар шартнома бўйича келишилган маблағнинг бир қисмини олдиндан бизга ўтказиб беришади. Биз эса бу маблағга маҳалламизда қўшимча замонавий иссиқхоналар қурамиз. Жами иссиқхоналаримиз сонини камида 400 тага етказамиз.

          – Битта маҳаллада тўрт юзта иссиқхона, бу тасаввургаям сиғмасди, бир замонлар!

          – Олтинкўлликлар учун бу одатий ҳол, – суҳбатимизга қўшилади Ҳуснорахон. – Туманимизда томорқа деҳқончилиги, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш бўйича катта тажриба тўпланган. Бугун томорқачиларимиз ҳисобида, хонадонларимизда 8305 та иссиқхона бор. Улар қишин-ёзин бозорларимизни тўлдириб, халқимиз дастурхонига турли ноз-неъматларни узлуксиз етказиб беришяпти. Бу ёғини сўрасангиз, энг сархил, сифатли, бозоргир маҳсулотлар бизнинг Олтинкўлда битади. Балки, эшитган чиқарсиз, Уйшин деган маҳалламиз бор. Бутун водийда уларнинг миришкорлигига қойил қолиб, “Олтин қўлли, олтин одамлар”, дейишади. Ана шу маҳаллада олти юздан зиёд хонадон бўлиб, ишонсангиз, сал кам 900 та иссиқхона бор.

           “Қизиқ...Олти юздан ортиқ хонадон бўлса-ю, иссиқхоналар хонадонлардан кўп бўлса?.. Ҳисоб-китобда бирозгина адашилмадимикан?”

            Ҳуснорахон кўнглимиздагини сезиб, кулади:

          – Ажабланманг, – дейди у. – Уйшинда бир эмас, икки-учтадан иссиқхонаси бор хонадонлар ҳам талайгина.

            Астойдил қизиқиб қолганимизни сезган мезбонлар бизни Уйшинга таклиф қилишди.  Андижонга олиб борадиган катта йўл маҳалланинг қоқ ўртасидан ўтар экан. Шундоқ йўл ёқасида участка нозирлари учун иккита ярақлаган уй қурилибди. Яна сартарошхона, новвойхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, савдо дўконлари, мактаб, оилавий поликлиника маҳаллага узукка кўз қўйгандек ярашиб турибди. Хонадонлар... Бири-биридан кўркам тураржойлар, бежирим, гулдор дарвозалар, йўлакларга экилган арча дарахтлари, гулзор учун ажратилган жойлар маҳалла аҳлининг турмуш тарзидан, яшаш шароитидан сўзлаётгандек...

          – Бизда бекорчининг ўзи йўқ, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Жўрабой Ҳакимов. – Маҳалламизда 3600 нафар фуқаро яшайди. Одамларимизнинг аксарияти турли касб эгалари бўлиш билан бирга, ҳаммалари ҳам томорқачиликнинг ҳадисини олишган. Ҳамма хонадонлар бир сотихдан уч сотихгача иссиқхонасига эга. Помидор, бодринг, саримсоқ, турли кўкатлар, турфа гуллар етиштиришади. Томорқачиларга хизмат кўрсатадиган алоҳида агрофирмамиз бор. Бу ташкилот иссиқхона эгаларига сифатли кўчат танлашда, зараркунанда ҳашаротларга қарши курашишда, маҳсулотни сақлаб-сотишда амалий ёрдам беради. Кўчат етиштирадиганлар ҳам ўзимизда. Барча бола-чақаси билан томорқасида, иссиқхонасида банд бўлади, меҳнат қилади. Бу ёшларни меҳнатга қайишиб ўсишида, уларнинг тарбиясида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Кейинги йилларда маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир этилмагани ҳам ёшларимизнинг фойдали меҳнат билан бандлиги туфайли. Хўш, қайси хонадонга бош­лай?

           – Яшашни биладиганларига-да! – дейди Барнохон. – Шояд биз ҳам ўрганадиган, ўрнак оладиган янгиликлар чиқиб қолса...

          – Бизда энди... мақтанчоқликка йўйманг-у, ҳаммаси яхши, ҳаммаси ибратга лойиқ, – дейди маҳалла котиби. – Истаган оилага киришимиз мумкин...

           Шундоқ рўпарамиздаги катта дарвоза қўнғироғини босамиз. Эшикни ўрта ёшлардаги, қорамағиздан келган аёл очади. “Келинглар”, дея қўли кўксида салом беради. Котибдан мақсад-муддаомизни билгач, ҳовлисига таклиф қилади.

          Жўрабойнинг изоҳ беришича, бу маҳалланинг фаол тадбиркорларидан Дилхушбек Мирзабаҳромов хонадони. Бу аёл эса Дилхушбекнинг умр йўлдоши Гулнорахон экан. Кираверишга кўркам уйлар тикланган, мўъжазгина, файзли хонадон. Оила бекаси илтимосимизга кўра, бизни рўпарадаги плёнка билан қопланган бир ярим сотих чамаси келадиган иссиқхона сари бошлайди. Бу ерда кашнич, укроп, шивит каби турфа кўкатлар, бир қисмида эса саримсоқ яшнаб ётибди.

           – Август ойида эккан помидоримизни сотиб тугатиб, ўрнига шуларни экканмиз, – дейди Гулнорахон. – Ҳарна, оилага қўшимча даромад-да. Бу ёғига яна помидор экамиз.

           – Демак, бир йилда уч бора ҳосил олар экансизлар-да? Сир бўлмаса, шу иссиқхонадан қанча даромад топасизлар?

          – Ҳар йили ўрта ҳисобда 15-20 миллион сўм фойда кўрамиз. Шунинг орқасидан, мана, ўтган йили уй қилдик. Энди тўй қиламиз, деб турибмиз. Тўнғичимиз Шоҳжаҳонни уйламоқчимиз.

           Шуҳратбек Сотволдиевлар хонадонига кириб, ўзимизни баҳорий боғларда юргандек ҳис қилдик. Иссиқхонада ҳар хил гуллар чаман бўлиб ётибди.

        – Беш-олти йил бўлиб қолди, гулчилик билан шуғулланяпмиз, – дейди хонадон соҳибаси Наргизахон. – Ҳозир иссиқхонамизда қора шаҳзода, бенгал, Хитой атиргули, молача каби саккиз хил гуллар бор. Баҳорда қаламча қиламиз. Октябрга бориб тувакка оламиз. Шу билан баҳордан бошлаб то қишгача гул сотамиз. Даромадимиз рўзғорга етиб ортади...

        – Агар қўшни республикалардан харидор топсак, шартнома асосида гул етказиб берасизларми? – хонадон соҳибасидан сўрайди Барнохон.

         Қанийди? – дейди кулимсираб Наргизахон. – Маҳалламизда бизга ўхшаб гулчилик билан шуғулланаётганлар кўпчиликни ташкил этади...

           – Томорқачилик, оилавий тадбиркорлик партиямиз фаолларининг доимий диққат марказида, – дейди қайтаётганимизда Ҳуснора Абдуллаева. – Бу бўйича алоҳида дастур ҳам ишлаб чиққанмиз. Ҳозир туманимиздаги 56 та маҳалланинг деярли ҳар бирига биттадан агрофирма хизмат кўрсатяпти. Улар экинни экишдан тортиб, ҳосилни йиғиштириб олгунча, ҳатто сотгунча ҳам томорқачи деҳқонларга энг яқин ҳамкор, кўмакдош. Дастур доирасида ўтган йилнинг ўзида агрофирмалар орқали аҳолига 60 минг бош парранда, 107 минг туп лимон, салкам 37 минг туп чилонжийда, 71 минг тупга яқин ёнғоқ кўчатлари етказиб бердик. Президентимизнинг қишлоқ хўжалик ходимлари қурултойида сўзлаган нутқи ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар биз учун дастуруламал бўлиб хизмат қиляпти. Эндиликда аҳоли хонадонларида паррандачилик, асаларичиликни йўлга қўйиш, чорва бош сонларини кўпайтириш, энг сара маҳсулотларимизни қўшни давлатларга экспорт қилиш устида ишлаяпмиз.

           Барнохон Қодирова:

        – Чорвачилик хўжалигимиз бор, ажойиб қўлигул боғбон-соҳибкорларимиз бор, қани юринглар, улар билан таништирай, – дея маҳалласига таклиф қилади.

        – Янаги гал, албатта, ўтамиз, – деймиз.

       – Кутамиз, – дейди Барнохон. – Унгача мен яна Ўшга бориб келаман, Бишкекка ҳам ўтаман. Қўшниларимиз билан нафақат иқтисодий, савдо-сотиқ, балки маданий соҳаларда, туризм бўйича ҳам икки томонлама фойдали шартномалар тузсак, биргаликда ишласак, деймиз. Бу борада туманимиз, вилоятимиз раҳбарлари, O‘zLiDеP фаоллари, мана, Ҳуснорахон билан бамаслаҳат дилимизга тугиб қўйган анча-мунча режаларимиз бор. Ўш театридаги ажойиб санъаткорларни соғинганмиз. Арслонбобни, Сулаймон тоғини кўришга орзумандлар, Иссиқкўлга бормоқчи бўлганлар қанча. Қирғизистонликлар ҳам Ўзбекистонга талпиняпти. Шу баҳор келишмоқчи. Андижонимиздаги катта бунёдкорлик ишларини ўз кўзлари билан кўриб, томорқачиликдаги тажрибаларимизни ўрганишмоқчи. Меҳмон келган уйга қут-барака ёғилади...

                                                                                                                        Ортиқали НОМОЗОВ,

                                                                                                                           “XXI asr” мухбири