Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Узумчилик энди сусткашликни кўтармайди

Узумчилик  энди сусткашликни кўтармайди O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши мажлислар залида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги мутахассислари, янги узумзор ташкил этиш истагидаги ташаббускорлар, партиямиз фаоллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида  давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, вилоятда узумчиликни ривожлантириш, соҳага янги технологияларни жорий этиш ҳамда экспортбоп вино ишлаб чиқариш учун янги токзорлар барпо этиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, ушбу йил Жиззах вилоятида бу борада бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга ошириляпти. Янгиобод туманида 500 гектар, Форишда 1 565 гектар, Бахмал туманида 455 гектар, Дўстлик туманида 50 гектар ва Зомин туманида 490 гектар – жами 3 060 гектар майдонда янги токзорлар барпо этиш бўйича саъй-ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилган. Хусусан, вилоятдаги 52 нафар ташаббускор Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг беғараз маб­лағлари ҳисобидан  артезиан қудуқлар ўрнатганлиги учун 10,7 миллиард сўмлик ҳамда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этганлиги учун 25,5 миллиард сўмлик – жами 36,2 миллиард сўм қоплаб берилиши кўзда тутилган субсидия маб­лағларини ўзлаштириш бўйича шартномалар имзолаган.

– Мазкур тадбирдан муддао ташаббускорларни нафақат соҳага оид қонун ҳужжатлари, янгиликлар билан таништириш, балки бевосита агентлик вакиллари билан мулоқотда бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишларини таъминлашдан иборат, – дейди O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Сиёсий таълим маркази раҳбари Зоҳид Гулмуродов.

Яна бир муҳим қадамлардан бири, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг ривожлантириш фонди сертификатланган ток кўчатларини харид қилиш ниятида бўлган ташаббускорларга (гаров таъминотига эга) 7 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан йиллик 8 фоизлик заём маблағлари ажратяпти. Шунинг­дек, сув таъминоти бўлмаган (электр таъминоти тизимини тортиб келиш харажатлари кўзда тутилмаган) ҳудуд учун ҳар 35 – 40 гектар лалми майдонларга артезиан қудуқлари ва томчилатиб суғориш технологияларини бюджет маблағлари ҳисобидан беғараз ўрнатиб бериш кўзда тутилган.

Бугунги кунга қадар Жиззах вилоятида 3 195 гектар майдонга янги токзорлар барпо этиш истагини билдирган 52 нафар ташаббускор рўйхати шакллантирилди.

Тадбирда таъкидланишича, янги токзорлар барпо этиш учун 1 075 гектар  ер майдони тайёрланиб, 575 гектар майдонда экиш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Бахмал туманидаги “Ruslanbek Abduraimov” фермер хўжалигига 35 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, ток кўчатлари тўлиқ экилган, ҳозирги кунда парваришлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Агентлик жамғармаси маб­лағи ҳисобидан ток кўчатларини харид қилишга муддатли имтиёзли кредитлар ажратилиши, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилгани учун гектарига 8 миллион сўмгача ва 1 дона сув чиқариш учун бурғулаш қудуғини қаздирганга 120 миллион сўмгача беғараз субсидия маблағларининг қоплаб берилиши биз фермерларга катта мадад бўлди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдураззоқ  Қаршиев.

Ҳисоб-китобларга қараганда, 3 195 гектар майдонда узумзор яратиш учун 4,3 миллион дона ток кўчат зарур бўлади. Ушбу кўчатлар академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий текшириш институти ва кўчат етиштирувчи субъектлар томонидан етказиб берилади.

Белгиланган режаларни жадал амалга ошириш баробарида камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, ташаббускорлар томонидан имтиёзли кредит асосида ток кўчатларини харид қилиш учун ўрнатилган тартибда банк муассасаларига ҳужжатлар топширилиши кечиктирилмоқда.

Гарчи вилоят АТ “Агро банк” ҳамда АТ “Асака” банклари томонидан туман филиалларига кўчат харид қилиш учун кредит маблағларига ҳужжатлар қабул қилиш юзасидан кўрсатмалар берилган бўлса-да,  Бахмал, Зомин ва Фориш туман филиаллари ташаббускорлар ҳужжатларини қабул қилишда сусткашликка йўл қўймоқда. Ваҳоланки, банк кредитлари ҳамда субсидия маб­лағларининг ўз вақтида ажратилишига Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги масъул этиб белгиланган.

 Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

XXI asr” мухбири