Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Ваъда бердингми, бажар” – шиоримизга айланади

“Ваъда бердингми, бажар” –  шиоримизга айланади

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва ҳудудий партия ташкилотлари масъул ходимлари, депутатлик корпуси вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг жойлардаги амалий фаолияти изчил давом этмоқда. Бу сафар аввал ўрганилган масалаларнинг ечими қай даражада таъминлангани бўйича Хоразм ва Тошкент вилоятлари, шунинг­дек, Тошкент шаҳри мисолида сўз юритамиз. Зеро, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари аниқ натижа учун ишлайди, электоратга берилган ваъдалар бажарилишини дастурий мақсадлардан келиб чиққан ҳолда назорат қилади.

Бири иссиқхона қуряпти, бошқаси цех очаяпти...

Хоразм вилоятида “Обод қишлоқ”, “Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурлари доирасида аҳолининг қизиқиш ва имкониятлари атрофлича ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинаётгани ўз самарасини бермоқда. Бу ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, улар орқали яратилаётган шароитлар жонли мисоллар орқали тушунтирилиши тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини янада оширяпти.

Инсон кун сайин турмушини яхшилашга интилиши табиий, албатта. Тоза ичимлик суви таъминоти эса ана шу жараённинг асосий бўғинлардан бирини ташкил этади. Шунинг учун ҳам хонадонма-хонадон юриш давомида ишчи гуруҳи ичимлик ва томорқа учун сув масалаларига жиддий эътибор қаратаяпти. Мурожаатларнинг аксарияти ҳам айнан томорқадан оқилона фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши юзасидан бўлмоқда.

– Ҳовлимизда иссиқхона қуришни  орзу қилиб юргандим, – дейди Хива туманидаги Чанашиқ маҳалласида яшовчи Бекзод Раҳмонов. – Партия фаоллари уйимизга келиб, тушунтириш ишларини олиб борганидан ке­йин ниятимни амалга оширишга қарор қилдим. Ишчи гуруҳи зарур ҳужжатларни тез ва тўғри расмийлаштиришга ёрдам берди. Натижада 27 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, иссиқхона қуришни бошлаб юбордим.

Ҳазорасп туманидаги Саноат маҳалласида истиқомат қилувчи Малоҳат Худайберганова ишчи гуруҳидан нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини очишда кўмаклашишни сўраганди. Партия фаолларининг амалий ҳаракатлари билан қисқа муддат ичида унга “Ҳамкорбанк”нинг туман филиалидан 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

Аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар, хусусан, ички йўлларнинг аҳволини яхшилаш, мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш масалалари мутасадди идоралар вакилларини жойига таклиф қилиш орқали ҳал қилинмоқда. Муайян вақт ва алоҳида ёндашув талаб қиладиганлари юзасидан эса депутатлик корпуси назорати остида тегишли ташкилотларга расмий сўровлар чиқариляпти. Жумладан, 57 та депутатлик сўровининг 52 тасига мурожаат муаллифларини қаноатлантирувчи жавоблар олинди.

Изланувчан ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларнинг қизиқишларини рағбатлантириш ва бизнес-режаларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида навқирон авлод вакиллари учун ҳам очиқ мулоқотлар уюштирилди. O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг лойиҳалари, партиянинг инновацион ривож­ланишга йўналтирилган тадбирлари аҳамияти хусусида маълумотлар берилди. Ана шундай учрашувлардан бирида Гурлан туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи Нозима Дўстчанованинг ички йўллар бўйича мурожаати депутатлик назоратига олинган эди. Орадан кўп ўтмай Халқ депутатлари туман Кенгашидаги  O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Қ.Сапаев томонидан йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига сўров юборилиши натижасида мазкур маҳалла йўлларининг 7,47 километрлик қисмида тош­ли қоплама ишлари бажарилди. Тўлиқ таъмирлаш ишлари эса давом этаётир.

“Файзиобод”га янада файз киряпти

Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган сафдошларимиз ҳам “Обод қишлоқ” дастурининг мақсади ва аҳамиятини аҳолига кенг тушунтириб, ана шу ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб “O‘zLiDePнинг обод кўчалари” акцияси амалга оширилаётганининг ўзига хос жиҳатларини тарғиб қилишди. Хусусан, дастур доирасида Пискент туманининг Файзиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қилинаётган тизимли ишлар намуна сифатида кўрсатилди.

– Бу маҳаллада 809 та хонадон бўлиб, жами 5 242 киши истиқомат қилади. Айни чоғда “Обод”, “Истиқлол”, “Мустақиллик”, “Шифокор”, “Мингчинор” ва “Пахтакор” кўчаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Бунинг учун давлат томонидан 12 миллиард 204 миллион сўм маблағ ажратилган, – дейди O‘zLiDeP Пискент  туман Кенгаши аппарати раҳбари З. Маҳмудова. – Қисқа вақт ичида мақтаса арзигулик янгиликлар рўй берди. Ушбу жараёнда партия электорати фаол қатнашаётир. Уйларнинг деворлари оқланиб, кўчаларга асфальт қопламаси тўшалди, йўл четларига гуллар экилди. Ичимлик суви ва табиий газ қувурлари янгидан тортилаётгани эса барчани қувонтирмоқда.

– Жорий йил давомида “Файзобод” МФЙда яшовчи аҳоли, айниқса, ёш болалар орасида вирусли гепатит касаллиги кўп кузатилган, – дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Ш.Ражабова. – Шу сабабли ҳудудда вирусли гепатит касаллигига қарши қўшимча чоралар кўриш, хасталанган фуқаролар уйини дезинфекция қилиш юзасидан депутатлик сўрови чиқарилди. Натижада туман тиббиёт бўлими, давлат санитария ва эпидемиология хизмати томонидан самарали тадбирлар амалга оширилди.

Олмалиқ шаҳрининг А. Навоий маҳалласидаги кўп қаватли уйда истиқомат қилувчилар электр энергияси катта кучланиши туфайли хонадонлардаги маиший техникалар куйиши билан боғлиқ муаммолар келиб чиқаётганлиги хусусида ишчи гуруҳига мурожаат қилишган эди. O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Абдувоҳид Шодиев томонидан мутасаддиларга депутатлик сўрови киритилиб, ушбу муаммони ечиш юзасидан амалий ишлар бошланганидан аҳоли мамнун.

O‘zLiDeP вакиллари Чирчиқ шаҳридаги Мирзо Улуғбек номли МФЙда бўлиб, “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлари билан яқиндан танишди. Партия фаоллари уйма-уй юриб, одамлар билан мулоқот қилди.

Шу маҳаллада яшовчи Комила Аҳмадова юртимизда тадбиркорларга қаратилаётган эътибордан самарали фойдаланиб, ўз бизнесини бошлаш ҳаракатида экани, лекин дастлабки маблағни топишда қийналаётганини таъкидлаб, ишчи гуруҳидан ёрдам сўради. Комиланинг мурожаатини ижобий ҳал қилишни партия фаоллари ўз зиммасига олишди.

 Пойтахтда ҳам ишлар чаккимас

Тошкент шаҳрида “Обод маҳалла” дас­тури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли жараёнда O‘zLiDePдан маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар, партия электорати вакиллари фаол қатнашмоқда. Айниқса, ижтимоий объектлар атрофини ободонлаштириш, маҳаллалар ичидаги кичик йўлаклар ва кўча йўлларини таъмирлашда жонбозлик кўрсатишяпти. Йўл бўйларига, маҳалла ҳудудларига  650 туп манзарали дарахт, 3 000 туп гул кўчати, 4 000 туп бошқа ўсимликлар экилди.

Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси
Р. Каримова томонидан “Кўтарма” маҳалласида жойлашган мактаб ва боғчага олиб борувчи йўлларга янги асфальт ётқизилди. Кўча чироқлари тўлиқ таъмирланди. Шунингдек, ушбу маҳаллада бекор юрган 10 нафар ёш иш билан таъминланди.

Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, “Даврбанк” хусусий акциядорлик тижорат банки бошқарув раиси Лутфулла Убаев “Ипакчи” маҳалласи болалари учун ўйин майдончаси қуриб берди.

O‘zLiDeP Юнусобод туман Кенгаши фаоли, “Top farm servis” МЧЖ раҳбари Азиз Михлиев бошчилигида “Ҳуснобод” маҳалласи идораси замон талабларига жавоб берадиган даражада янгитдан бунёд этилди. Эндиликда шу ерда 4 қаватли тиббий диагностик ва даволаш клиникаси қад ростламоқда.

– Мазкур клиника энг сўнгги технологиялар асосида жаҳон стандартларига мос ва хос андозада қурилмоқда, – дейди шижоатли тадбиркор. – Кунига 150 нафардан ортиқ беморга хизмат кўрсатишга мўлжалланган клиникада 60 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Виктор Адилов “O‘zLiDePнинг обод кўчалари” лойиҳаси доирасида Катта Қўйлиқ маҳалласидаги Тўёна кўчаси йўлларини таъмирлаб, симёғочлардаги ёриткичларни янгилаб берди. Шу қаторда ҳудуд чиқиндилардан тозаланган ҳолда оқова сув қувурлари янгисига ўзгартирилди. Мазкур ҳашар ишларида маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва маҳалла фаоллари яқиндан ёрдам беришди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳам амалий кўмак кўрсатилди. 

Яшнобод туманидаги “Беҳизор” маҳалласида яшовчи Эшматовлар оиласи 1966 йил Тошкентда юз берган зилзиладан кейин одамларга вақтинча яшаб туриш учун берилган икки сотихли ҳовлида 18 киши бўлиб яшаб келишаётган эди.

– Бу уйлар ёғочдан қурилган бўлиб, қўшниларнинг девори бир-бирига уланиб кетган, – дейди Шаҳноза Эшматова. – Бузиб янгидан қуришнинг иложи йўқ. Алоҳида уй-жой қилиб, чиқиб кетишга иқтисодий аҳволимиз тўғри келмайди. Кичик ҳовлида овсинлар, болаларимиз билан бир амаллаб кун кўриб келаяпмиз.

Эшматовлар оиласининг Халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ёрқин Зокировга қилган мурожаатига “Беҳизор” маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари билан биргаликда ижобий ечим топилди. Шаҳнозахон ва унинг овсинига Сергели туманида қурилаётган арзон уй-жойлардан иккита уч хонали квартира ажратиб берилди. Бошланғич тўлов ҳам тўланди...

Ҳа, бугун Эшматовлар оиласининг қувончи чексиз. Айниқса, болалар ҳадемай қурилиши якунланадиган янги, чиройли, кенг ва қулай уйга кўчиб ўтишни ҳаяжон билан кутишмоқда.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати кўмагида

О. ТЎРАБОЕВ тайёрлади.