Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ваъдалар билан алдаб бўлмайди

Ваъдалар билан алдаб бўлмайди

Навоий шаҳрида “Энг намунали туман (шаҳар) партия ташкилоти”, “Энг намунали БПТ”, “Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги энг фаол депутат” танловларининг  вилоят босқичи бўлиб ўтди. Маҳаллий кенгашлар депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда OzLiDeP вилоят Кенгаши раиси Яшин Душанов сўзга чиқиб, ушбу сиёсий куч ташкил топганига 15 йил тўлгани муносабати билан ўтказилаётган танловнинг мақсад ва вазифалари хусусида тўхталди.

Навоий вилояти географик жиҳатдан кенглиги, аҳоли тарқоқ ҳолда яшаётгани боис бу ерда бошқа ҳудудларга қараганда ишга анча масъулият билан ёндашиш талаб этилади. Мисол учун, Учқудуқ тумани вилоят марказидан 300 километр, Зарафшон шаҳри 200 километр олисда жойлашган. Ана шу ҳудудларда ҳам партия фаоллари уюшқоқлик билан иш олиб бораётгани, электоратни битта мақсад сари бирлаштираётгани эътирофга лойиқ.

Очиқ-ошкора ўтган танловнинг вилоят босқичида O‘zLiDePнинг Зарафшон шаҳар Кенгаши “Энг намунали партия ташкилоти”, ушбу ҳудуддаги 2-ГМЗда фаолият юритаётган таянч тузилма “Энг намунали БПТ”, “Қизилқумцемент” АЖ тоғ-кон мажмуаси директори, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Амир Азимов “Энг фаол депутат” деб топилди. Улар танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятга эга бўлди.

– Одамлар қуруқ ваъдалар эмас, амалий ишлари билан юрт ободлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшаётган партияга ишонишини англаб етдик, – дейди O‘zLiDeP Зарафшон шаҳар Кенгаши аппарат раҳбари Нодира Отамуродова. – Бундай эътироф бизни янада фаол бўлишга, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни рўй-рост кўтариб чиқишга ундайди.

Танлов ғолиблари партия фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

“XXI asr” мухбири