Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ВАЪДАЛАРНИ УНУТМАНГ, ДЕПУТАТЛАР!

ВАЪДАЛАРНИ УНУТМАНГ, ДЕПУТАТЛАР!

Электоратнинг ишончини қозониш – масъулият маҳсули. Сайловчининг овозини олиш учун айтилган гап лафздир. Лафзида турмоқлик эса чин инсоний зийнат. Одамлар шу зийнатнинг амалий ифодасига қараб баҳо беради. Фикрнинг тасдиқ ёки инкорига мисоллар биздан. Хулоса ҳар доимгидек ўзингиздан...

– Қишлоғимиз қабристони дарёнинг нариги қирғоғида жойлашган. Аммо кўприк йўқлиги сабаб қатор йиллардан буён вафот этган кишини дафн қилишда турли муаммоларга дуч келардик, – дейди Оқдарё тумани “Истиқлол” МФЙда яшовчи Т.Исмоилов. – Ҳудуддан ким депутатликка сайланмоқчи бўлса, “Агар мен депутат бўлсам, кўприк муаммосини ҳал қиламан”дан бошларди. Кейин ваъдаларини унутиб қўярди. Лекин O‘zLiDeP депутатларининг сайёр қабулида мазкур муаммо яна бир бор кўтарилгандан сўнг масала 2019 йил дастурига киритилганини эшитиб хурсанд бўлдик.

Юртдошларимиз қанчалик бағрикенг, нақадар самимий. Келажакдаги дастурга киритилганига ҳам миннатдорлик билдиради. Яхши ният – ярим давлат нақлини эслайди. Ишонади, инонади. 

– Депутатлик сўровлари орқали эришган натижаларимиз ёмон эмас, – дейди партия Самарқанд вилоят Кенгашининг депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Нодир Тўраев. – Жумладан, Пайариқ тумани “Қўлтўлсин” МФЙда ўтказилган  сайёр қабулдан кейин ҳудудда миллий телеканалларнинг сигнал йўқлиги боис кўрсатмаслиги муаммоси, Нуробод тумани “Олға” МФЙда  ўтказилган сайёр қабулда қишлоққа олиб борувчи йўлни таъмирлаш масаласи, Каттақўрғон туманидаги Каттакўрпа маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда эса мактаб хоналари етишмаслиги бўйича чиқарилган депутатлик сўровлари натижасида ана шу масалаларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

O‘zLiDeP томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкиллаштирилиб, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш тизимининг жорий этилганига бир йилдан ошди. Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, шу йилнинг 6 ойи давомида O‘zLiDeP Самарқанд вилоят, шаҳар, туман кенгашлари томонидан  жойларда 53 та сайёр қабул уюштирилган бўлиб, фуқаролардан 240 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 32 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, 3 таси фермерлик, 205 таси ижтимоий соҳаларга оиддир.

– Сайёр қабул давомида  келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти жойида ечимини топган, қолганлари юзасидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари томонидан тегишли ташкилотларга сўровлар чиқарилган, – дейди  O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгашининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Бахтиёр Мустафоев.

Кейинги йилларда жамиятда йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолар  O‘zLiDeP депутатларининг аралашуви орқали ижобий ҳал қилинаётгани қувонарли, албатта. Маълумотларга қараганда, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан турли идора ва ташкилотлар раҳбарларига жами 514 та сўров юборилган, 500 тасидан ортиғига жавоб олинган, 7 та сўров жавобсиз қолган.

– Бугун депутатлик сўровларига муносабат анча ўзгарди, – дейди халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари ўринбосари Бахтиёр Хўжаёров. – Тўғри, айрим ташкилотларга такрорий сўровлар юборишга тўғри келмоқда. Аммо белгиланган муддатдан кечикиб бўлса-да, муаммо ижобий ҳал этилгани тўғрисида маълумотлар олаяпмиз. Буни юртимизда мурожаатлар билан ишлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижаси деб биламан. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари йиғилишларида 120 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботлари эшитилган. Вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сессияларига 27 та таклиф киритилиб, 15 та таклиф юзасидан Кенгаш қарори қабул қилинишига эришилган.

Депутат фаол бўлиши керак. Афсуски, орамизда мудроқлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳатто ўз ваколатини яхши тушуниб етмайдилар. Жонкуяр депутатлар бармоқ билан санарли. Агарда депутатларимизнинг барчаси масъулиятни ҳис этиб, ишга янгича ёндашсалар, бундан-да юқори натижаларга эришиш мумкин.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят
Кенгаши матбуот котиби