Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“VАGUS” хусусий клиникасида тез кунларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказила бошлайди

“VАGUS” хусусий клиникасида тез кунларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказила бошлайди

Навоий шаҳрида 2004 йилдан бери фаолият юритаётган “VАGUS” хусусий даволаш мас­канида барча қулайликларга эга жарроҳлик маркази иш олиб бормоқда.

– Тиббиётда хусусий секторни ривожлантиришга кенг имконият ва имтиёзлар яратиб берилаётганидан фойдаланиб, замон талабига тўла мос келадиган жарроҳлик маркази қуриш учун “Асака банк”дан 7 йилда қайтариш шарти билан 2 миллиард 400 миллион сўм миқдорида кредит олдик, – дейди “Vаgus” хусусий клиникаси директори Фахриддин Хирочев. – Ушбу сармоя эвазига қисқа муддатда замонавий 50 ўринли жарроҳлик марказини қурдик. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тузилган нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан эса 155 минг АҚШ долларига хориждан энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар олиб келиб ўрнатдик.

Шифо масканида малакали жарроҳ, уролог, кардиолог, гинеколог, невропатолог ва стоматологлар иш олиб бормоқда. Жамоа Президент соврини учун ўтказилган “Ташаббус-­2018” кўрик-танловининг шаҳар босқичида биринчи, вилоят босқичида эса иккинчи ўринни қўлга киритди.  

– Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 30 сентябрь –  1 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Ҳиндистонда бўлди, – дейди Фахриддин Хирочев. –  Президентимиз ташрифи арафасида ўтган икки мамлакат мутасадди вазирлик ва идоралари ҳамда ишбилармон доираларнинг қўшма бизнес-форумида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд бўлган сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Айниқса, тиббиёт ва фармацевтика бўйича имзоланган ҳужжатлар келгусида аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Биз ҳам хусусий тиббиёт вакили сифатида ушбу бизнес-форумда иштирок этиб, Ҳиндистоннинг “МАХ” компанияси билан келишув имзоладик. Ушбу фирма вакили доктор Ананд келиб, клиникамизда яратилган шароит билан яқиндан танишди, ҳамкорликдан ҳар икки тараф манфаатдорлигини билдирди.

Президентимизнинг мамлакатимизда тиббиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани сабабини, тўғриси, Ҳиндистонга бориб чуқурроқ англадим. Биз билан самолётда учган йўловчиларнинг кўпчилиги касалликдан азият чекаётган ватандошларимиз эди. Юрак-қон томир касалликлари, буйрак етишмовчилиги каби оғир дардларга чалинганлар шифо излаб шунча вақт, маблағ сарфламоқда. Беморнинг бир ўзи эмас, унга ҳамроҳлик қилувчи яқини ҳам биргаликда сафарга отланишини эътиборга олсак, авиабилет, меҳмонхона ва бошқа хизматлар учун қанча маблағ кетишини тасаввур қилаверинг. Шу боис хусусий клиникамизни шахсий маблағимиз ва тижорат банклари кредити ҳисобига замон талаблари асосида таъмирлаб, энг сўнгги русумдаги тиббиёт жиҳозларини олиб келиб ўрнатдик. Президентимиз билдирган ишончни оқлаб, клиникамизда келгусида юрак қон-томир, буйрак касалликлари бўйича мураккаб жарроҳлик операциялари, ҳатто аъзоларни кўчириб ўтказишни амалга оширишни мақсад қилдик.

“VАGUS” хусусий даволаш масканида Г. Худойбердиева, А. Хирочева, А. Авезов, Ш. Ражабов, Ш. Норқулов, О. Санаев, А. Ширинов, Н. Атахонова каби қўли енгил шифокорлар бу ерга дардига даво истаб келган беморларнинг ишончини қозонган.

– Шифохонадаги шарт-шароит, шифокор ва ҳамшираларнинг ширин муомаласи ҳам танга малҳам бўлар экан, – дейди шу ерда даволанаётган Азиз Ражабов. – Озода ва шинам хоналар, замонавий тиббиёт жиҳозлари баҳри дилимизни очяпти. Қон босимим ниҳоятда кўтарилиб, юрагимни беҳузур қилаётган эди. Ҳозир аҳволим анча яхшиланди. Бунинг учун қўли енгил шифокорларга беҳад миннатдорлик билдираман.

– Узоқ чўлдан келиб, шу ерда даволаняпман, – дейди учқудуқлик Марина Михайловна. – Бу ердаги шарт-шароитлар пойтахтдаги шифохоналардан кам эмас. Ўзимизда шундай клиника ишлаётганидан хурсандмиз.

Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар натижасида хусусий клиникаларнинг сони ортиб бораётгани аҳолининг саломатлигини асрашга, тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Б. ТОШНАЗАРОВ,

“XXI asr” мухбири