Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ВАЛЮТА СИЁСАТИНИНГ ЭРКИНЛАШУВИ юртдошларимизнинг янги ислоҳотларга ишончини янада мустаҳкамлади

ВАЛЮТА СИЁСАТИНИНГ ЭРКИНЛАШУВИ юртдошларимизнинг янги ислоҳотларга ишончини янада мустаҳкамлади
Пул, молия соҳасига оид билимлардан озроқ хабардор одамга ҳам яхши маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида ҳар қандай хорижий валюта эркин айирбошланувчи товар ҳисобланади. Демак, талаб ва таклиф асосида олди-сотди қилинади. Шу билан бирга, валюта савдосини чайқовчилик асосида эмас, балки бозор иқтисодиётининг муайян қонуниятлари асосида ташкил этиш ҳар қандай давлат олдидаги муҳим масалалардан биридир. Мамлакатимизда яқинда амалга оширилган валюта ислоҳотларига қадар ана шу масалада муайян чекловлар бор эди. Бунинг сабаби сифатида эса асосан қуйидагилар кўрсатиларди:
– хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг миллий бозорга кўплаб кириб келиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги;
– истеъмол товарлари нархларининг кес­кин ошиши туфайли инфляция кучайиб кетиши ва оқибатда аҳолининг харид қобилияти пасайиб кетиши эҳтимоли мавжудлиги...
Лекин, очиқ айтиш керакки, юзага келган шарт-шароит хорижий валюталар баҳоси бўйича чайқовчиликка шароит яратган эди. Валюта курсидаги кескин ўзгаришлар аҳоли норозилигига, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий инвесторларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Мазкур масала қайта-қайта кўтарилиб, иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланса-да,  эътибордан четда қолиб келаётганди. Хорижий валютага реал талабнинг ортиб бориши эса ноқонуний валюта савдосини кескин авж олдираётганлиги ҳам аён эди. 
Шу боис давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида илғор халқаро тажрибада қўлланиладиган инструментлардан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, шунингдек, валютани тартибга солишда замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳаракатлар стратегиясида валютани тартибга солиш масаласи аниқ-равшан  белгилангач, ўтган давр давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида бу йўналиш бўйича пухта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Хусусан, мулк­чилик шаклидан қатъи назар, барча экспортёр корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини Марказий банкка мажбурий сотиш амалиё­тининг бекор қилиниши ҳамда экспортёрларга экспорт бўйича тушумни тўлалигича эркин тасарруф этиш ҳуқуқининг тақдим этилиши шулар жумласидан. 
Миллий валютанинг жорий операциялар бўйича конвертациясини йўлга қўйиш арафасида бирламчи истеъмол товарлари нархларининг кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 августдаги “Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2017 йил 1 сентябрдан қатор бирламчи истеъмол товарлари импорт божхона божлари ва акциз солиғидан озод этилди.
Ниҳоят, 2017 йил 2 сентябрда давлатимиз раҳбарининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди ва 2017 йил 5 сентябрдан бошлаб сўмнинг жорий операциялар бўйича конвертацияси йўлга қўйилди. Мазкур фармон ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада юксалишимизга хизмат қилиши аниқ.
Қуйида ушбу фикрни асослаб берамиз.
Мамлакатимизда валютани эркин алмаштириш амалиётининг йўлга қўйилиши, аввало, хорижий валютадан чайқовчилик йўли билан даромад кўришга интилувчи гуруҳлар фаолиятига барҳам беради. Бу эса валюта қийматининг асоссиз ўсиши ҳамда истеъмол товарларининг қимматлашишини чегаралайди.
Шунингдек, хорижий инвесторларнинг мамлакатимиздаги корхоналар фаолиятидаги иштирокидан олган фойдаларини ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб чиқиб кетишларига имконият яратилди.
Хорижий валютани эркин айирбош­лаш амалиёти йўлга қўйилиши билан бир пайтда сўмнинг қадрини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани ҳам диққатга сазовордир. Чунки валюта ислоҳотидан аввал мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар, авиа ва темирйўл чипталари нархлари, уяли алоқа компанияларига тўловлар ва бошқаларнинг хорижий валютада белгилангани бир томондан валюта бўйича қонунчилик бузилишига,  иккинчи томондан сўмнинг қадрсизланишига олиб келарди. Бундан ташқари, мазкур омиллар хорижий валютага нисбатан сунъий эҳтиёжни юзага келтириб,  умумий талабни янада оширар ва хорижий валютага боғлиқликни кучайтирарди. Ана шундай нотабиий ҳолатларни бартараф этиш ҳамда сўмнинг қадрини ошириш мақсадида валюта асосида белгиланган нархлар тўлиқ сўмда белгиланди. Ҳатто меҳмонхоналарга тўловларнинг ҳам сўмга ўтказилиши алоҳида эътиборга молик. Вокзаллар, аэропортлар ва меҳмонхоналарда дам олиш кунларисиз 24 соат давомида ишлайдиган валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилгани, тижорат банкларидаги валюта айирбошлаш шохобчаларида эса ҳар куни соат 22.00 га қадар иш фаолиятининг ташкил қилингани меҳмонлар ва аҳоли учун қулайлик яратиб, ноқонуний валюта савдосини кескин камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Валюта девальвацияси туфайли импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархларининг қимматлашуви чет давлатлар амалиётида кўп кузатилган. Бунга импорт товарлар божхона тўловларининг хорижий валютада ҳисобланиши сабаб бўлади. Валюта сиёсатини либераллаштиришда бу жиҳат ҳам эътибордан четда қолмади. Президентимизнинг 2017 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 42 та гуруҳдаги товарлар бўйича “ноль” божхона божи ставкаси ўрнатилди. Яъни, рўйхатга киритилган маҳсулотлар республикага олиб кирилишида божхона божи тўлашдан озод этилди. Шунингдек, эндиликда 8 та гуруҳга киритилган товарлардан акциз солиғи олинмайди.
Мамнуният билан қайд этиш зарурки, бугунги кунда одамлардаги ишончсизлик, ҳадик ўрнини иқтисодий барқарорликка бўлган ишонч эгаллай бошлади. Бу ишончни мустаҳкамлаш керак.
Шу ўринда миллий валютамизнинг қадрини янада ошириш бўйича ҳам баъзи мулоҳазаларимизни билдириш мақсадга мувофиқдир. 
Фикримизча, юқори ликвидли (тезда пулга айлантириш мумкин бўлган)  активларнинг молия бозорида деярли мавжуд эмаслиги аҳолининг АҚШ долларига боғлиқлигини вужуд­га келтирган. Зеро, АҚШ долларини ҳар қандай вазиятда, қисқа фурсат ичида сўмга айлантириш имконияти мавжуд, лекин бошқа бирор бир шунга ўхшаш активни тилга ололмаймиз. Ривожланган давлатларда эса тижорат банклари, суғурта компаниялари, айниқса, қимматли қоғозлар бозори валюта бозорига рақобатчи ҳисобланади.  Шундан келиб чиққан ҳолда банк омонатлари бўйича жозибадор таклифларни кўпайтиришимиз, қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозорини ривожлантиришимиз, қимматли қоғозларни очиқ жойлаштиришга жиддий эътибор қаратишимиз тақозо этилаётир. 
Самариддин ЭЛМИРЗАЕВ,
Тошкент молия институти доценти,
иқтисод фанлари номзоди