Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Вазир "анъанани" ўзгартирди

Вазир

Асосий баёнга ўтишдан аввал бир жиҳатни айтмасак инсофдан бўлмас.  Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги анжуман ўтказиши ҳақида эшитиб... “яна мудраб ўтирарканмиз-да” қабилида ўй ўтгани рост. Агар ростанам шундай бўлса, бирор ўқишлироқ материал тайёрлашнинг ўзи душвор.

Яшириб нима қилдик, мутасадди раҳбар деса тасаввуримизга тадбирда узундан-узоқ ёзиб тайёрланган маърузани ўқиб, “Кечирасизлар, мени бошқа жойга ҳам чақиришганди, анжуманни, мана, ҳамкасбларим давом эттиради” дея секингина хайр-маъзурни унутиб кетадиганлар келиши-да бор гап. Шул учун аввалбошда Соғлиқни сақлаш вазири ҳам ўша анъанани “айни такрор” қилса керак, деб хаёл қилдик. Хайриятки, бу гал ниҳоятда жонли мулоқот бўлди.

Вазир Алишер Шодмоновнинг тадбирда қатнашаётган мухбирлар саволларига эринмасдан жавоб бергани-ку майли, ёндафтарига савол ташлаётган ҳар бир ОАВ ҳақида қайд қилиб боргани, ножоиз мурожаатларга дангал, раҳбарлик этикаси доирасида муносабат билдиришини... тўғриси, кўпчилик кутмаган экан. Сездингизки, анжуман қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтди.

Энди тадбир тафсилотлари ҳақида. Давра суҳбатининг тагмазмуни – тиббиёт соҳасини ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласи эди.

Ҳозир мамлакатимизда 7 олий тиббий таълим муассасаси ва уларда мавжуд 4 филиалда бўлғуси шифокорлар таълим олмоқда. 2018 йил ушбу олий таълим муассасаларини бакалавр йўналишида 2 000 битирувчи тамомлаб ишга йўлланма олган бўлса, ўз навбатида
­4 395 йигит-қизлар талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлган.

Тиббий таълим соҳасида энг жиддий ўзгариш ясаган воқеалардан бири сифатида мақсадли қабул квоталари йўлга қўйилганини эътироф этиш жоиз. Чунончи, 2017 йилда 1 180, жорий йилда 1 548 та квота шакллантирилди. Фақат шарти булким, мақсадли тайёрланаётган кадрлар 3 йилдан 10 йилгача муддатда тегишли ҳудудларда ишлаб беришади. Бундан ташқари, нафақага чиққанлар малака ошириб, ишга жалб этилиши, хориждаги мутахассисларнинг юртимизга қайтиб, фаолият юритаётгани нур устига аъло нур бўлаётир. 

– Кўрилаётган ушбу чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятларида умумий амалиёт шифокорига бўлган эҳтиёж деярли тўлиқ қопланди, – деди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. – Қолган ҳудудларнинг ҳам бу борадаги эҳтиёжи 2019 йил битирувчилари ҳисобидан тўлдирилади. Бирламчи тиббиёт муассасаларидаги тор мутахассислар етишмовчилиги клиник ординатура, магистратура, қисқа муддатли қайта тайёрлов курслари битирувчилари ҳисобига 2020 йилгача тўлиқ бартараф этилади. Ислоҳотлар жараёнида бакалавриат таълим йўналишлари ўқиш муддатлари 7 йилдан 6 йил ва “тиббий профилактика” йўналишида 6 йилдан 5 йилга қисқартирилди. Шунингдек, ўқув режаларидаги ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 23 фоиздан 7 фоизга қисқартирилди, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 55 фоиздан 85 фоизгача оширилди. Халқаро стандартларга мос янги ўқув режалари ишлаб чиқилгани эса таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. 

Мисол учун, жорий ўқув йилида Тошкент давлат стоматология институтида Москва давлат тиббиёт-стоматология университетининг “Стоматология” ва Италиянинг Турин политехника университетида “Биотиббиёт муҳандислиги” йўналишлари очилди. Яна бир қувончли хабар: Тошкент педиатрия тиббиёт институти Жанубий Кореянинг Индже университети Ильсан госпитали билан ҳамкорлик ўрнатишга эришди. Режага кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб “Травматология ва ортопедия” магис­тратураси бўйича қўшма дастур асосида магис­трлар тайёрлана бошланади.

Хуллас, ўқиганларингиз анжуманда билдирилган жўяли фикрлардан айрим парчалар эди. Тиббиёт таълими чинакамига янгиликка юз тутаётганини билиш учун эса мана шу далилларнинг ўзи кифоя қилар, деб ўйладик.

Миллий матбуот маркази масъулларига эса ана шундай мазмунли, қизиқарли ва эсда қоларли тадбирлар уюштиришларига тилакдошмиз. 

Авазжон БЕКМУРОТОВА,

“XXI asr”   мухбири