Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Виртуал хуруж: “Бошқарилаётган бошқарув”

Виртуал хуруж: “Бошқарилаётган бошқарув”

Ўқитмоқ учун
таҳқирламоқ шартми?

          Америкалик машҳур олим Самуэл Хантингтон “Тамаддунлар тўқнашуви” асарида моддий таъминланган маданиятлар нисбатан кичикроқ маданиятларни ўз домига тортиб кетишини, шу орқали бора-бора қадрият тушунчалари йўқолиб боришини, бунда ахборот асри унсурлари муҳим роль ўйнашини уқтиради. Ҳозирда Ғарб журналистикаси қонун-қоидаларга тўла асос­ланганлиги билан мақтанса, Шарқ журналистикасида эса миллий ҳамда минтақавий ахлоқ меъёрлари, менталитет устувор эканини англаш қийин эмас.

         Бугун бутун дунё гўё “глобал аудитория”га айланган: ижтимоий тармоқлар эса ахборотни лаҳзада у ёқдан-бу ёққа итқитади. Блогерлар ёки алоҳида сайтлар хабар, янгилик, миш-мишу машмаша, фисқу фасодларини ҳам айнан шу ерда тарқатади (тарғиб қилади). Аммо авом ўқувчи журналистик материалнинг не мақсадда ёзилгани, нима учун айнан қитмирона позиция танлангани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

          Омма эътиборига ҳавола этилаётган материал доимо ахборот бериш, тушунтириш, изоҳлаш функцияларига эга бўлади. Шундан келиб чиқсак, ижтимоий тармоқлар айнан юқоридаги параметрларга кўра жамиятнинг ахборотга эҳтиёжини қондириши зарур. Ундан ўз шахсий манфаати, обрў-эътибор қозониш ва бировларнинг ҳаётига дахл қилиш мақсадида фойдаланиш, босиқлик билан айтганда, ноинсофликнинг ўзгинаси, бунинг устига, журналистика меъёрларига ҳам тўғри келмайди.

           Шу тоб қизғин фаолият олиб бораётган айрим сайтлар тарғибот, шахсни обрўсизлантириш, муаммо чиқариш орқали аудиторияни кенгайтириш, ёлғон маълумот тарқатиш ва ҳатто кишиларни таҳқирлашгача боришмоқда. Жабр кўраётганлар эса асосан жамиятга ўз мавқеига эга кишилардир (Бухоро вилояти ҳокими билан боғлиқ уйдирмани эсланг). Буни интернет тармоғидан фаол фойдаланувчилар яхши билишади. Баъзи бир сайтлар эса фақат ўз шахсий манфаати йўлида шартакилик билан одимламоқда.

         Ҳақиқатан, эндиликда ахборот асри одамлардан ахборот маданияти – “Infoetika”ни талаб этмоқда. Интернет манбалар эса баъзи ахборот хуружлари учун катализатор вазифасини ўтамоқда. Масалан, журналистик материалда очиқдан-очиқ фитна қўзғовчи, адоватни кучайтирувчи ва тарафлар ўртасида уриш (уруш) келтириб чиқариш характерига эга информациялар талайгина. Бундай чиқишлар кун сайин кўпайиб бораётгани кўнгилни ҳам хижил қилади, ҳам хавотир уйғотади. 

“Тийиб туриш” ёхуд
ахборот мувозанати

         Одамларнинг этник қадриятларини ўзгартириш, жамоатчилик фикрини турли хил йўлларга буриш, икки хил фикрловчилар ўртасига адоват сепиш, пул йиғиш, овоз тўплаш, миллатлар ўртасида низо қўзғаш...

           Яқинда расмий фаолият юритаётган бир сайт “Арманистон матбуоти: “Бабаян миллатчилик қурбони бўлди” сарлавҳали мақола эълон қилди, унда Арманистоннинг “Armenian Report” нашри футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг лавозимидан кетказилиши ва шунга доир федерация қарорини “миллатчилик” дея баҳолагани айтилган.

            Энди мулоҳаза қилайлик: материални шу ҳолича бериб бўладими? Икки халқнинг азалий дўстлик ришталари икки оғиз ножоиз маълумот ортидан узилиб кетмайдими? Сайт жамоаси шов-шув кўтариб, ўқувчилар контингентини кўтаришга урингунча, ҳақиқий ёндашув бериши, таҳлилга эътибор қаратиши керак эмасмиди?

            “Ўзбекистонда юз бераётган воқеалар у ерда истиқомат қилаётган арманлар учун яхши бўлмаган даврлар бошланаётганини кўрсатмоқда, – дейилади мақолада. – Терма жамоа собиқ бош мураббийи Самвел Бабаяннинг футболга алоқадор ҳар қандай фаолиятдан умрбод четлатилгани биз арманлар учун ёқимсиз ва ҳаттоки ташвишли хабар бўлди”, “Шуниси аниқки, Бабаян ўзининг миллати туфайли ўзбек амалдорларининг ғазабига дучор бўлди”, “Ўзбеклар азал-азалдан “юмшоқ қилиб айтганда, арманларни ўзига тенг кўрмаган”. Арманларнинг “ақлли, маданиятли ва бой экани” ўзбекларнинг нафратига сабаб бўлган”, “Мени Ўзбекистондаги арман жамоатчилигининг хавфсизлиги ташвишлантирмоқда. Биз илгари бир неча бор ўзбекларнинг миллатчилигига гувоҳ бўлганмиз” сингари жумлаларни ўқиган киши, шубҳасиз, чуқур ўйланмаган, оний хулоса чиқариб қўяди.

          Кутилганидек, бироз ўтиб, ижтимоий тармоқларда тортишув ва эътирозлар янгради.

          “Хўш, нима бўпти? Биттаси мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик, ижтимоий тенглик муҳитини билмасдан туриб, ўзича алланималар деб алаҳсиб турганда, биз жим туришимиз керакми? Ахир сайт мазкур муаммони кўтариб чиқмаганда бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди, сайт жамоасининг иши шу ахир!” дейсиз-да.

           Ана шу ерда жиндек шошмай турганингиз маъқул. Келинг, нега ахборотнинг тезоб оқимига бу қадар шўнғиб кетганингизни таҳлил қилиб кўрамиз.

            Биринчидан, миллатлараро муносабатлар масаласи ўта нозик бўлиб, давлат аҳамиятидаги ўта муҳим воқеликдир. Яъни, юқоридаги каби вазиятларда асосий муносабат давлат томонидан билдирилади, айрим жойларда бош­қарув шаклига қараб, парламент ёхуд ҳукумат ўз муносабатини айтиши мумкин. Энди, манба сифатида қаралаётган armenianreport.com сайтига кириб кўрайлик-чи? Унинг Арманистонда расмийлик мақоми борми, ё?.. Хуллас, ушбу сайтнинг “Биз ҳақимизда” бўлимига назар ташладик, унда шундай ёзилган: “Armenian Report – асосан чет элда яшовчи, аммо Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган арманлар томонидан яратилган сайт”. Кейинги хатбошида эса “муддао” янада аниқлашади. Сайт атрофидагилар “ҳалол” ва “ватанпарвар” сифатида Арманистоннинг “ҳозирги жиноий-олигархик режимидан норози” эмиш, эмиш, эмиш ва ҳоказо...                 Англашилмоқдаки, сайтнинг молиявий дастаклари Арманистонда эмас. Улар ўзларининг “шов-шув” лари учун сайтда ахборий ин қуришган.

            Иккинчидан, “Armenian Report” муаллиф мақоласини омма ҳукмига ҳавола этар экан, охирида “Муаллифнинг позицияси таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин” дея қитмирлик (ҳа, айнан шундай; чунки миллатлар­аро низо келтириб чиқариш эҳтимоли юқори бўлган материал ҳар қандай ҳолатда ҳам эътиборга олиниши шарт) қилган. Майли шу изоҳ учун ҳам сайт томон бўлиб турайлик. Эълон қилинган мақолага “имзо битган” Тевос Аршакян деганлари ким бўлди? Арбобми, ҳукумат вакилими, депутат ёхуд миллат зиёлисими? Уни Арманистон расмий идораларига дохил интернет манбалардан излаб кўрамиз. Бундай шахс ЙЎҚ! Энди ахборот қидирув майдонини кенгайтириб кўрамиз. Ўҳҳў! Бу “жаноб” сал аввалроқ грузин миллати устига ҳам қора чизиқ тортиб юборган “аналитик” экан-ку!

            Тасаввур қилинг: ўзбек миллатига мансуб киши Швециядан туриб, “Бразилияда ўзбеклар эзилмоқда, улар миллатчилик қурбони бўлди” деб аюҳаннос солса, бу ўзбек матбуотининг ёким ўзбек миллатининг муносабати бўлиб чиқадими? Ҳайратингизни чунонам оширмайлик-да, шу икки мисол билан хулосани ўзингизга қолдирамиз. Фақат қўшимча савол: иши фақат халқлар, миллатлар орасига нифоқ уруғини сочиш бўлган бундай кимсанинг “ахборот”идан фойдаланиш нечоғлик тўғри?..

 Маълумот узатиш 
комбинацияси

           “Кўп ақллилик қилдингиз! Бундан чиқди, ўша маълумотни умуман бермаслик керак эди, шундайми? Барибир одамлар бу ҳақда бошқа хорижий манбалардан ўқиб билишади-ку!”

            Мулоҳазангиз ўринли. Ҳақиқатан ҳам, ўқувчилар бу ҳақда барибир билишарди. Зеро, ҳозирги глобаллашув шароити шуни тақозо қилади. Аммо масаланинг ажиб бир нозик томони борки, ана шу жойда профессионализм балқиб чиқади. Буни содда қилиб қуйидагича тушунтириш мумкин.

            Дейлик, таҳририятга Тевос Аршакяннинг фисқу фужур кайфиятдаги мақоласи келиб тушди. Ўз миллатини севган киши уни ўқибоқ қони гупириши табиий ҳол. Албатта, нуқтаи назар кўрсатилиши шарт. Бироқ у қандай “узатилса” мақсадга мувофиқ?

           Материал қандай бўлса, ана шундай қўйилади (агар таржимага эҳтиёж туғилса, мутаржим жалб қилинади) – охирида муаллиф ва мақола кўчириб олинган сайт тўғрисида холис муносабат билдирилади. Ўқувчи мақолани ўқиш мобайнида нечоғлик ғазабнок ҳиссиётга берилган бўлса, охиридаги таҳлилни ўқиб, ким аслида ким эканини билади, қолади. Вассалом.

             Бироқ биз нима қилдик? Хабар асносидаги довдирашдан ҳали ўзига келиб улгурмаган Самвел Бабаянни бориб турткиладик. Қизиққонлик қилиб, интервью беришини сўрадик. Оқибатда нима бўлди?.. Нега Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланиб, “интернет уммонида икки миллат ўртасида келишмовчилик келтириб чиқариш хавфи катта бўлган ахборот сузиб юрганини, бунга арман ҳукумати нима деяётгани” билан қизиқмадик?.. Яна хулоса ўзингиздан...

             Биз бу жойда кимнидир айбситмоқчи эмасмиз, обрўсига путур етказишдан йироқмиз. Икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, давлат-миллат-халқ аҳамиятига молик ахборотни тарқатишда янада эътиборлироқ бўлишни, бундай характердаги материалларни оддий, маиший кундалик янгиликлар билан бир қаторга қўйиб бўлмаслигини эслатмоқчимиз, холос.

Давом этамиз

            Ёнғинни (ахборот узатувининг нотўғрилиги сабаб юзага келган ижтимоий ларзани) қуйидаги сабаблар келтириб чиқарган бўлиши мумкин:

1. Ёш бола гугурт ўйнаган (ахборот узатувчининг савияси паст, соҳада ҳали ғўр, лекин ўқувчиси кўп);

2. Кимдир қасддан содир этган (бирор ғаразли мақсад кўзланган ва четдан туриб молия­лаштирилган);

3. Эҳтиётсизлик оқибатида (“қовун туширган”);

4. Электр жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилмаслик (миллий, этник ва минтақавий жараёнларни ҳисобга олмасдан “қисқа туташув” қилишга уриниш);

5. Ностандарт газ улагичдан фойдаланилган (ёт оқимлар таъсирига берилиш).

           Келтирмаларни узоқроқ давом эттириш ҳам мумкин. Аммо муаммо – ёнғин келтирган талафотда. Яъниким, бу офат умум аҳамият касб эта боради. Интернетдан фойдаланувчилар онги заҳарланиши баробарида, уларда лоқайд­лик, бефарқлик, якунда эса бу каби маълумотларни “одатий тарзда қабул қилиш иммунитети” ҳосил бўлади. Тафаккур ғайри тарафга бурилиб кетади (буриб юборилади).

 “Виртуал маданият”

             Маданият тушунчаси кенг маънода инсониятнинг бутун тарихий тараққиёт жараёнида яратган барча моддий ва маънавий бойликларининг йиғиндисини акс эттиради. Шу пайтга қадар инсониятга маданиятнинг уч хил шакли маълум эди. Булар:

1. Элитар маданият

2. Халқ маданияти

3. “Оммавий маданият”

             Одамзот икки маданият кўринишига икки эра сарфлади, “оммавий маданият”га эса салкам бир аср. Аммо ҳаётимизга интернетнинг шиддат билан кириб келиши ва унинг атрофида ҳамда ичида кечаётган ҳодисалардаги фойдаланувчилар иштироки тўртинчи маданият шаклини ҳам пайдо қилганини кўрамиз. Сезганингиздек, бу маданият шакли – “Виртуал маданият”дир. Бироқ у ҳали жамият томонидан маълум бир тартибга солинган, таърифи аниқ кўрсатилган, амал қилиш тамойиллари эса ишлаб чиқилган эмас (қолганлари маълум).

              Масалан, тиббий-ижтимоий йўналишларда “Сохта шифокор 33 кишига ОИВ инфекциясини юқтирди”, “Эр ўз хотинининг буйрагини арзимаган пулга сотиб юборди”, “Саудиялик дин пешвоси аёлларнинг жамоат жойларда қандай кийиниши лозимлиги ҳақида гапирди” сарлавҳалари қон-қонимизга сингиб кетган ахлоқ қоидаларига бўйсунадими? Хорижий манбадан ахборот олаётган бирор сайт унинг “госсип” (уйдирма) эканига эътибор ҳам бермайди. Аксига олиб, турли тиллар сигментида фаолият юритаётган сайтларнинг ҳаммаси ҳам расмий ахборот манбаи сифатида тегишли идора рўйхатидан ўтмаган.

                “Zo’rTV” халқни алдади(ми?), “Марғилонлик йигит тилхати: “Мактабга ибодат либосида келсам кўмир ташишга, ҳожатхона тозалашга розиман” каби мақолалар ислом динининг ҳақиқий маърифатига соя солиб қўймаслигига ким кафолат беради?

 Аниқ механизм 
борми?

            “Виртуал маданият”нинг энг оммабоп кўриниши – ўқувчисини кўпайтириш илинжида ҳар қандай усул ва воситани қўллашдан тап тортмасликдир. Яна бири ­– иғво тарқатиш орқали аудиторияни иккига бўлишга уриниш. Бунда айнан қадриятларга зарба берилаётгани, қадрият тушунчасини четга суриш урчиб бораётгани “виртуал маданият” борасида ҳуқуқий механизм яратиш пайти келганини англатади. Бунинг сабаблари кўп: биринчидан, халқимиз орасида ҳали интернетдан фойдаланиш маданиятининг тўла шаклланмагани ва аудиториянинг нохолис ахборотга дарров ишониши; иккинчидан, муаллиф томонидан ўз манфаатларига зид фикр айтганга нисбатан аёвсиз танқид кучайгани ҳамда ўртада низоли вазиятлар кузатилаётгани; учинчидан, кўп миқдорда аудиторияни нохолис ахборот билан алдашга уриниш кўпайгани; тўртинчидан, ортиқча таҳқир ортидан руҳий зарар етаётгани; бешинчидан, матнлардаги хатолар сабаб саводсизлик кучайгани...

 Қонунчилик нима 
дейди?

           Кўча-кўй, жамоат жойларида кимнидир ҳақорат қилсангиз қонунчиликда жазо муқаррар. Инчунин, инсон шаъни, қадр-қимматини топташ мақсадида туҳмат уюштирганлик учун ҳам. Аммо виртуал сўкиш, таҳқирлаш, нопок ниятни кўзлаб ижтимоий тармоқ орқали шахсга маънавий босим ўтказганларга худди шундай жазо берилиши қонунчиликда айнан кўрсатилганми?

           Шунингдек, интернет тармоғида умумий фойдаланишда бўлган, бироқ ОАВ сифатида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан ҳали рўйхатдан ўтмаган, расмий гувоҳномаси ва юридик мақоми йўқ сайтларда чиқиб кетган нохолис материаллар учун жавобгарлик масаласи-чи?

            Яқиндагина Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида бир қатор долзарб муҳокамалар орасида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ҳамда “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Умид қиламизки, депутатларимиз учинчи ўқиш мобайнида биз юқорида қайд этган масалаларга эътибор қаратишади.