Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Volvo Group”даги ўзбек йигити: Келажак электромобиллар ва ишидан завқ оладиган ёшларники

“Volvo Group”даги ўзбек йигити: Келажак электромобиллар ва ишидан завқ оладиган ёшларники

         “Volvo” компаниясида молиявий назорат бўлими мутахассиси лавозимида фаолият кўрсатувчи Шерзод Жалилов асли самарқандлик. У Самарқанддаги 1-физика-математика лицейида таҳсил олган. Лицейни тамомлагач, Тошкент Молия институтининг молия-иқтисод факультетида бакалавр даражасини, Польшадаги Вроцлав университетида эса магистрлик даражасини олган. У ўша ерда ўқиб юрганида ўз резюмесини хориж компаниясига жўнатишга қарор қилган ва “Volvo Group” компаниясига ишга жойлашган.  Бу ҳақда “Халқ сўзи” маълумот берди.

        “Дунёни ўзгартиришга ҳисса қўшиш истагида менга ушбу имкониятни тақдим этадиган компанияни излай бошладим. “Volvo Group” — айни пайтда автосаноат тараққиётида янги даврни бошлаб берган электромобиллар ишлаб чиқариш борасида иш олиб бораётган кам сонли компаниялардан бири. Айнан мана шу нарса мени Вроцлав университетида таҳсил олаётган пайтимдаёқ ўз резюмемни жўнатишга ундади”, — дейди Жалилов.

         Унинг айтишича, компаниядаги битта бўш ўринга 100дан ортиқ номзод даъвогарлик қилган.

          “Энг мураккаб ва ҳал қилувчи босқич бу суҳбат эди. Суҳбатда ишга қабул қилувчиларни ҳайрон қолдириш, ўзингни табиий тутган ҳолда бошқача фикрлай олишингни кўрсатиш даркор эди”, — дейди у.

          У ҳозирда молиявий назорат бўлими мутахассиси ҳамда “Volvo Production System”да фасилититатор сифатида фаолият олиб бормоқда.

         “Асосий вазифам молиявий ҳисоботларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш, етказиб берилган маҳсулот учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш, Бельгия ва Швеция билан ўзаро молиявий масалаларни ҳал қилиш. Иккинчи лавозимимда эса статистик маълумотлар орқали ишлаб чиқариш жараёни устидан мониторинг ва назорат олиб бораман”, — дейди Шерзод Жалилов.

         Унинг айтишича, иш куни 8 соат бўлиб, бунинг ичига танаффус ва шведларнинг анъанавий “fika” одати ҳам киради.

  • “Fika” — бу шведларга хос маданий хусусият бўлиб, ҳамма қилаётган ишини бир озга тўхтатади ва қаҳва ичади. “Ғika” пайтида иш ҳақида гапириш мумкин эмас. Бу одамларга миясига дам бериш ва янги куч билан ишлашда давом этишига ёрдам беради”, — дейди Жалилов.

         Шерзоднинг сўзларига кўра, Вроцлав гўзал ва шинам шаҳар. Шаҳар Иккинчи жаҳон урушига қадар Германияга қарашли бўлгани учун шаҳарда немис архитектурасига тез-тез дуч келиш мумкин.

  • “Мени бу ердаги аҳолининг китоб ўқишга қизиқиши ҳайратга солади. Паркларда, трамвай, автобусларда қўлида китоб тутган одамларни тез-тез учратиш мумкин. Технологиялар асрида бу жудаям ноёб ҳодиса ҳисобланади”, — дейди у.

        У тез орада жаҳоннинг етакчи компаниялари ёнилғи билан юрадиган автомобиллар ишлаб чиқаришдан воз кечишига ишонади. Шу боис Ўзбекистон ҳам бугундан электромобилларни жорий этиш учун шароит яратиш ҳақида ўйлаши керак. Ишни, масалан, электрда қувватланадиган автобуслар юрадиган кичик тажрибавий электр-шаҳарлар яратишдан бошлаш мумкин.

           Унинг фикрича, маҳсулотлар сифатини ошириш ва янги ғоялар яратиш қобилиятини ривожлантириш учун Ўзбекистондаги компанияларда ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш бўлимларини ташкил этиш лозим. Бу ходимларнинг билимини оширишга ва уларни доимо изланишга ундар экан. У ишлаётган компанияда “Volvo Group University” ана шундай фаолият билан шуғулланади.

         Бундан ташқари, унинг айтишича, ўзбек компаниялари жаҳоннинг етакчи университетларидаги илмий лабораториялар билан алоқа ўрнатса бу ишлаб чиқариладиган маҳсулот сифатини оширишга, юзага келган муаммоларни ечишда илмий ёндашувдан фойдаланишга хизмат қилади.

           Шунингдек, “раҳбар ва мутахассис ходим орасидаги лавозимий масофани қисқартириш керак. Мутахассислар — бу етказиб берувчилар, мижозлар, маҳсулот билан бевосита мулоқотда бўладиган кишилар. Шундай экан, раҳбарият ва мутахассис ўртасида очиқ мулоқот бўлгандагина муаммонинг асл сабабини аниқлаш, унга ҳар томондан разм солиш ва ҳамкорликда қарор қабул қилиш мумкин бўлади”, — дейди Жалилов.

           У бугунги ёшлар ҳақида қуйидагича фикр билдирди:

  • “Менимча, бугунги ёшлар дуч келаётган асосий муаммо мавҳумлик, ўзига ишонмаслик, ўзлари машғул бўлган ишга нисбатан меҳрнинг йўқлигидир. Иш роҳат эмас, мажбурият бўлар экан, инсон мақсадини йўқотади, оқим бўйлаб сузувчи қайиққа айланади”.

         Шу сабабли у ёшларга нафақат завқ бағишлайдиган, балки уларни эртанги кун янада яхши бўлишига илҳомлантирадиган иш топишларини тилади.

  • “Ўзбекистонга қайтиб ўз юртингизда фаолият юритиш режангиз борми” деган саволимизга Шерзод Жалилов “Албатта”, деб жавоб қайтарди.

         У Ўзбекистонга қайтгач, “Volvo”да орттирган тажрибасини, корпоратив бошқарув усулларини Ватандаги корхоналарда қўллашни ният қилганини билдирди. 

         Унинг ишонишича, хорижнинг илғор тажрибаларини қўллаш орқали маҳаллий компаниялар янги ғоялар яратади ва ривожланишнинг янги босқичига кўтарилади.