Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Халқ қабулхонаси ноҳақликка чек қўйди

 Халқ қабулхонаси ноҳақликка чек қўйди

            Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хива туманидаги Халқ қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслардан 2017 йили 875 та, шу йилнинг ўтган даврида эса 162 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг аксари ижобий ечим топди.

                Илғор мамлакатлар биринчи навбатда, ўз иқтисодиётини мустаҳкамлаш негизида фуқаролар учун муносиб турмуш шароитлари  яратиш ва албатта, арзон, қулай, шинам тураржой ажратиб беришга интилади. Бугунги Ўзбекистон яқин истиқболига мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ана шу олижаноб мақсадни рўёбга чиқармоқда. Кейинги йиллар ичида ўн минглаб хонадонлар янги уйларга кўчиб ўтди. У уйлар шинам, қулай, барча шарт-шароитларнинг муҳайё қилингани билан ҳавасни келтиради. Хива туманида ҳам юзлаб бахтиёр оилалар ана шундай намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган гўзал уйларнинг соҳибига айланди.

                Сангар маҳалласи Элобод кўчаси 74-уйда истиқомат қилувчи Давлатназир Қурбанов ҳам 2014 йили Эски Қиёт қишлоғи Аваздунак маҳалласида намунавий лойиҳалар асосида қуриб битказилган тураржойдан биттасини келини Анастасия Матёқубова номига сотиб олди. Ҳатто ҳовли тўйи ўтказишни дилига тугди. Аммо бу тантана унга насиб этмади. Чунки тураржойга кўчиб ўтмасидан аввал у уй авария ҳолатига тушиб, Урганч шаҳридаги “Қишлоққурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўта сифатсиз ҳолатда қурилгани маълум бўлди. Ҳолбуки, мижоз ана шу яроқсиз тураржой учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўнак пули тўлади. Чала иморатда умуман яшаш имконияти йўқлигини айтиб бормаган муассасаси, тақиллатмаган эшиги, мўраламаган тешиги қолмади. Охири, тумандаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилди.  Унинг мурожаати Халқ қабулхонаси томонидан дарҳол назоратга олиниб, қонуний чора кўриш учун туман прокуратурасига юборилди.

              Ҳақиқатан ҳам, мазкур уй-жой мутасадди шахс Д.Юсупов раҳбарлик қилиб келган “Хива афсона” ИТКК томонидан 2013 йили чала қуриб битказилгани, қурувчилар “Мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш тутиб, сифатсиз қурилиш ашёларидан фойдалангани, устига устак, иморат архитектура талабларига зид равишда битказилганидан ташқари пудратчи ташкилот лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган маиший техника воситаларини ҳам ўрнатиб бермагани аниқланди. Халқ қабулхонаси топшириғига биноан аниқланган камчиликлар қисқа фурсатда тўлиқ бартараф этилиб, фуқаронинг қонуний талаблари қаноатлантирилди. Халқ қабулхонаси ноҳақликдан жабр чеккан фуқаронинг ҳаётига нур олиб кирди...

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

“XXI asr” мухбири