Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Халқ таълими вазири диққатига: дарслиги йўқ ўқувчи... қуролсиз аскарга ўхшайди!

Халқ таълими вазири диққатига: дарслиги йўқ ўқувчи... қуролсиз аскарга ўхшайди! – Она тили дарслигингни бериб тур.
– Йўқ, беролмайман, ўзим дарс қилишим керак.
– Устоз айтди-ку, бир-бирингга ёрдамлашинглар, деб. Ҳа, мактабдан бизга ҳам китоб тегиб қолар.
– Майли,  китобни бераман, фақат бир соатда олиб кел.
– Бўпти, кейин чет тили китобингниям берасанми?
– Уйда бўлсам, олиб кетарсан...
– Бундай қилма, эртага устоз икки баҳо қўйиб қўймасин-да...

Мана, 2018-2019 ўқув йилининг биринчи чораги тугади ҳамки, Кармана туманидаги айрим мактабларнинг 8-синф ўқувчилари китоб етишмаслиги оқибатида юқоридаги каби муаммоларга дуч келяпти.

– Ўғлим Диёржон 31-мактабнинг 8-синфида ўқийди, – дейди Аллон маҳалласида яшовчи Муҳаррам Муқимова. – Ҳалигача дарслик берилмаяпти. Бу эса унинг фанларни ўзлаштиришига ёмон таъсир кўрсатяпти. Кундалик дафтаридаги баҳолар нега пастлигини сўрасам, китоб йўқлигини баҳона қилади. Айт­ганча, шаҳардаги дўконлардан бирида ушбу дарсликларни нусха ҳолида сотилаётганини кўрдим. Лекин сифатли эмас, қолаверса, нарх-навоси ҳам одамни чақиб олади...

Вилоят халқ таълими бошқармасида бир неча бор бўлиб, дарсликлар таъминоти билан қизиқдик. Масъул шахслар ҳали ҳам китоб етказиб бериш бўйича ишлар давом этаётганини важ қилиб, аниқ маълумот тақдим этишни лозим топишмади. Бундан кўринадики, худуддаги бошқа мактабларда ҳам дарслик етишмайди. Аҳолиси нисбатан кам бўлган Навоий вилоятида аҳвол шундай экан, бошқаларида ҳам бу борада муаммолар етарлича топилса керак!?   

Бугун таълим тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлардан кўзланган мақсад ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етишини таъминлаш ҳамда ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини оширишдан иборатдир. Албатта, устозлар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганидан руҳ­ланиб, вазифасига сидқидилдан ёндашаётгани бор гап. Лекин муаллим жон куйдириб дарс ўтса-ю, ўқувчи уйга вазифани дарслиги йўқлиги сабабли уддалаб келолмаса?! Албатта, бу ўқитувчининг ўз ишига ижодий ёндашишига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Қайси туманда, қайси мактабда неча нафар ўқувчи ўқийди, уларга қайси фандан нечта дарслик кераклигини ўз вақтида аниқлаштириб олиш, наҳотки, шунчалар қийин бўлса? Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари ушбу кечиктириб бўлмас муаммони тез орада ижобий ҳал этади деган умиддамиз. Бугунги техника ва технологиялар замонида сумкасида дарслиги йўқ ўқувчи қўлида қуроли йўқ аскарга ўхшаши кундек равшан-ку!

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

“XXI asr” мухбири