Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Халқаро фестиваль тадбиркорларимиз учун ҳам фойдали бўлмоқда

Халқаро фестиваль тадбиркорларимиз учун ҳам фойдали бўлмоқда

Мана, уч кундирки, мамлакатимиз жанубий дарвозаси – Термиз шаҳри чинакам байрамоналик оғушида. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, Ўзбекистон тарихида илк маротаба ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали боқий меросимиз – халқ оғзаки ижоди анъаналарини дунё жамоатчилигига яна бир бор ҳавола этиш учун қулай имконият туғдирди.

 Айниқса, анжуман доирасида ташкил этилиб, миллий ва азалий қадриятларимизни тараннум этган нодир экспонатлар намойиши ҳамда тадбиркор, ҳунарманд, фермер ва ишбилармонлар томонидан ишлаб чиқарилаётган турфа маҳсулотлар кўргазма кўркига кўрк қўшиб турибди.

Шаҳар марказидаги Санъат саройи майдони чиройли дизайн ва креатив ландшафтни ўзида жо этган. Павильонларни томоша қилар эканмиз, муҳим бир манзара эътиборимизни тортмай қўймайди. Эътироф этмоқ керак, кўргазма қатнаш­чилари фестивалга сидқидилдан тайёргарлик кўришибди: минг йиллик меросдан тортиб, янги аср инновациялари – бари-бариси намоён. Шу тобда ичкин бир ғурур этингизни жимирлатмай қўймайди.    

– Тадбиркор сифатида дўппичилик фаолиятимни бошлаганимга ўн йилдан ошди, – дейди фарғоналик ишбилармон Ҳидоят Умарова. – Бироқ уч йил аввал бироз таваккалчиликка қўл урдим. Яъни, дўппига солинадиган кашта гулларига қўшиб, ёнидан дунё мамлакатлари рамзларини тушира бошладим. Янгилик ўзини оқлади. Хориждан келган меҳмонлар мос равишда ўз давлати байроғи туширилган дўппиларимизни бажонидил, хурсандчилик ила харид қилишмоқда. Улар ўзбекнинг миллий маҳсулотини кийиб, ўз ватанига бўлган муҳаббатини яна бир карра оширяпти, деб ўйлайман. Ҳозирда яна бир янгилик устида ишлаяпман. У ҳам бўлса, давлатимиз рамзлари туширилган дўппиларимиз тарғиботини янада кучайтириш. Фикримча, бу кўринишдаги бош ки­йимлар мактаб ўқувчиларимиз формасида акс этиши керак. Бу фарзандларимиз қалби ва онгида ватанпарварлик ҳиссини юксалтиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Томошани давом эттирамиз. Санъат саройи майдонида узоқдан Қўйқирилганқалъа ёхуд Қирққиз қалъани эслатгулик улкан девор кўриниш беради. Ҳайратимиз ошиб, шу тарафга ошиқамиз.

Баракалла, қорақалпоқ бовурлар!

Сал дейишмаса, қалъани пойдеворидан кўчиртириб келган дейсиз. Урф-одатлар манаман дея бўй кўрсатиб турган ишланмалардан эса эсингиз шошади. Гавжумлик шундан экан-да!     

– Кўргазмада ҳунармандчиликнинг ўн тури, жумладан, мусиқа созлари, гиламчилик, каштачилик, қўғирчоқчилик, телпакчилик йўналишларидаги маҳсулотларимиз билан қатнашяпмиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ҳунармандлар  бошқармаси бошлиғи Дилфуза Алламбергенова. – Бунда Шуманай, қўнғиротлик моҳир усталаримиз, мўйноқлик гиламчиларимиз, тўрткўллик телпакчиларимиз яратган ишланмалар акс этган. Аслида иштирокимиз бу каби халқаро фестивалларда биринчи маротаба эмас. Яширадиган жойи йўқ, халқаро кўргазмалар ишбилармонларимиз учун ҳам намойиш, ҳам даромад дегани. Хусусан, ўтган йили Шаҳрисабзда бўлган Мақом фестивалидаги намойишимиз тадбиркор-ҳунармандларимиз учун ҳар томонлама фойдали бўлган. Бир тарафдан яхшигина тажриба, бошқа тарафдан эса мўмайгина даромад. Мисол учун, телпак тикувчи Расулбек Касимов Шаҳрисабздаги фестиваль кўргазмаси доирасида 11 миллион сўмлик маҳсулотини сотишга эришди. Турли-туман бежирим қўғирчоқлар ясайдиган ҳунармандимиз эса соф 8 миллион даромад қилди...

 Бобо қуёш тафтини Сурхон диёрига мўл-кўл сочади. Заррин нурларда эса сабри Қоражондек мустаҳкам мисгарлар яратган эртакнамо анжомлар жилва қилади. Яқин борсангиз, бебаҳо хазина қаршисида тургандек сезасиз, ўзингизни.

– Камина мисгарлар авлодининг олтинчи вакилиман, – дейди Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси аъзоси Аъзам Дадажонов. – Халқаро фестивалга ташриф буюрган кўпчилик меҳмонлар аввалбошда биз яратган маҳсулотларни қўл иши эканига шубҳа билан қарашди. “Қолипи бўлса кераг-а,” дея сўраганлар кўп бўлди. Ана шунда биз шу жойнинг ўзида меҳнат намунамизни кўрсатяпмиз. Тўғриси, олқиш олишнинг ўзи катта мукофот! Фестиваль якунида манфаатли шартномалар тузишга умид қиляпмиз.

Бошда айтганимиздек, кўргазма ўз номига муносиб. Ҳудудда тадбиркорликнинг юздан ортиқ турини кўрамиз. “Султон шарбати” оилавий корхонаси раҳбари Икром Султонов эса 15 хилдан ортиқ вино маҳсулотлари билан иштирок қиляпти.

– 125 гектардан зиёд узумзоримиз бор, – дей­ди винопаз ишбилармон. — Ўнга яқин узум навларидан сифатли вино тайёрлаймиз. Натижаларимиз ёмон эмас. Бу йили Москвада ўтган “Продэкспо-2019” халқаро кўргазмасида маҳсулотимиз 3 та олтин, 1 та кумуш медалга сазовор кўрилди. Бундан ташқари, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларига мунтазам экспортни йўлга қўйганмиз. Ишлаб чиқаришимиз ҳажми ҳар мавсумда 1000 тоннага тенг. Аксарият тадбиркорлар каби биз ҳам бу фестиваль доирасидаги кўргазмада манфаатли шартномалар тузишни мўлжаллаб турибмиз.

Лўнда қилиб айтганда, юқоридаги мисоллар кўргазманинг ишбилармонларимиз учун манфаатли эканидан дарак бермоқда.

Халқаро бахшичилик санъати фестивали 10 апрелга қадар давом этади.

Аслиддин АЛМАРДАНОВ,
“XXI asr” махсус мухбири