Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Халқи мард, танти, тупроғи зар, олтин Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов билан суҳбат

Халқи мард, танти, тупроғи зар, олтин Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов билан суҳбат

Мамлакатимиз миқёсида кечаётган жадал ислоҳотлар самараси қайси вилоятда қандай бўй кўрсатиши маҳаллий аҳолига, айниқса, ҳудудий бошқарув раҳбарларига боғлиқлиги кундек равшан. Ҳазрат Навоий айтганидек, қуёш ҳамма ерга баробар нур сочса-да, даштда тикан, боғда эса гул битади. Албатта, бу ўринда офтоб нуридан ташқари ҳам муҳим омиллар кўп. Бир замонлар республикамизнинг жанубий вилояти – Сурхондарёга ислоҳотлар ҳадеганда етиб боравермайдиган олис ҳудуд сифатида қараб келингани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ кейинги йилларда бу элда юз очган янгиланишу ўзгариш­лар бутун мамлакатимиз афкор оммасининг нигоҳини бот-бот жанубий воҳага тортаётгани ҳам бор гап. “XXI asr” газетаси мухбири воҳада аҳоли манфаатларини таъминлаш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, бунёдкорлик ва яратувчанлик, бир сўз билан айтганда, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни жиловини қўлга олган вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатовга бир неча савол билан мурожаат қилди.

– Баҳодир ака, вилоят ҳокими этиб тайинланганингизга ҳали кўп бўлмади. Шу боис суҳбатимизни Сурхондарёга келиб чиқарган дастлабки хулосаларингиз, илк таассуротларингиз билан бошласак.

– Сурхондарё юртимизнинг бошқа ҳудудларида учрамайдиган бир қатор ўзига хосликларга эга. Энг муҳимидан бошлай, вилоят аҳли мард ва танти. Гапини очиқ, истилоҳасиз айта олади. Қадрлаганни қадрлайдиган эл. Самимиятни яхши кўради. Воҳада бир неча миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқликда, яқин қардошлик, қуда-андачилик ришталари билан боғланиб кетган ҳолда истиқомат қилади. Уч томони осмонўпар тоғлар билан ўралган, бир томони Амударё орқали Афғонистон билан чегарадош воҳамиз табиати ҳар қандай одамни ҳайратга солиши шубҳасиз. Шу боис экотуризм ва зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболлари юқори. Бу заминда қишлоқ хўжалиги экинларидан йил давомида очиқ усулда, уч мартагача ҳосил олиш имконияти мавжуд. Ҳар йили икки миллион тоннадан ортиқ мева-сабзовот ва полиз маҳсулотлари етиштирилади.

Кейинги икки йилда вилоятда катта ишлар амалга ошириляпти. Хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан йирик лойиҳаларга қўл урилмоқда. “Gold Agro Fresh”, “ASG Group” корхоналар уюшмаси, “Жарқўрғон мева-сабзовот экспорт”, “Сурхонтекс”, “Амудар текс” каби кўплаб йирик саноат корхоналари юқори қувват билан иш бошлади. Яқинда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда Шеробод туманида йирик цемент заводи фойдаланишга топширилди. Йилига 1,5 миллион тонна цемент тайёрлаш қувватига эга мазкур корхонада мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида табиий бойликлардан унумли фойдаланиш имконини берувчи бир неча йирик саноат корхоналарига ҳам тамал тоши қўйилганди. Россиялик ишбилармонлар ҳамкорлигида Бойсун туманида лойиҳа қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган, йилига 4 миллиард куб метр газни қайта ишлаш, 289 минг тонна полипропилен, 211 минг тонна полиэтилен ва 293 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуасини қуриш ишлари олиб бориляпти.

– Давлатимиз раҳбари бир гапни кўп такрорлайди: “Халқнинг ичида бўлинг, халқнинг дарди билан яшанг”. Бугун фуқароларнинг, жумладан, сурхондарёликларнинг ҳокимиятга бўлган ишончи қай даражада деб ўйлайсиз?

– Очиқ айтиш керак, кечаги бюрократ раҳбар бугунги шароитда ишлай олмайди. Ҳозир халқимиз давлат номидан иш кўрувчи ҳокимларнинг, мансабдорларнинг ўзлари қонунларга қанчалик риоя этаётганини жиддий кузатадиган ва шу асосда ҳокимиятга ва ҳокимга баҳо берадиган бўлди. Жамоатчилик назорати тобора кучайиб бормоқда. Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук” асарида келтирган бир ҳикмат уч асрдан бери исботини топиб келяпти: “Агар паст, хасис, бойликка, пул, мол-дунёга ўч одамларга мансаб супасидан жой бериш кўпайса, давлат тушкунликка юз тутади, яъни ўз қувватини йўқота бошлайди. Бинобарин, ақлли одамлар айтадиларки, давлатнинг ҳалокати, емирилиши паст, очкўз кишиларнинг мансаб шоҳсупасига кўтарилишидан бошланади”.

Халқимизнинг бизга, ишимизга муносабатини бевосита учрашувлар, очиқ мулоқотлар, сайёр қабуллардан ташқари оммавий ахборот воситалари орқали ҳам ҳис этиб турамиз. Ҳуқуқ-тартибот органларидан чиққан раҳбар-кадрлар журналистларни унчалик хушламайди, деган фикрга қўшилмайман. Бугун матбуотимиз чин маънода “тўртинчи ҳокимият”га айланиб бораётгани мени қувонтиради. Иш бош­лаганимдан кейин дастлабки йиғилиш­лардан бирида вилоятдаги журналистларни чорлаб, асосли танқидга муносабатим ижобий эканини билдирдим.

Сурхон элининг чинакам меҳрини қозонган собиқ вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан кечган суҳбатимизда у киши шундай деганди: “Воҳадаги катта ишларнинг замирида, аввало, шу ердаги фидойи, ватанпарвар, меҳнаткаш инсонларнинг заҳматли фаолияти мужассам”. Бугун вилоят ва туманлардаги бош­қарув тизимида, корхона ва ташкилотларда ана шундай раҳбар-ходимлар жамоаси ишлаётган экан, халқимиз ислоҳотлар самарасидан қачонлардир эмас, айнан бугун баҳраманд бўлиши шубҳасиз.

– Яқинда Термиз шаҳридаги Матбуот уйининг очилиш маросимида Сурхондарёдан етишиб чиққан улуғ инсонларнинг хотирасини абадийлаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтгандингиз. Бу йил Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан республикамиз бўйлаб бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Олтинсой туманида ҳам адиб номидаги боғ ва уй-музей ташкил этилаётгани ҳақида гап-сўз тарқалганига анча бўлди. Бироқ ҳали бирор амалий натижани кўрмадик... 

– Сиз айтган тадбирда Матбуот уйи фойесидаги деворда зарҳал ҳарфлар билан битилган фикр ва муаллифи ўрнига буюк мутафаккирларимизнинг ҳикматларидан ёздириш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлагандим. Саволингизга шундан ҳам жавоб изласангиз бўлади. Эл биринчи навбатда ўзининг улуғ фарзандларини ҳурматлашни билиши керак. Бойсунда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев, Шерободда академик рассом Рўзи Чориев, Олтинсойда эса Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод уй-музейларини ва хотира боғларини барпо этишни мақсад қилганмиз. Бу тўхтаб қоладиган жараён эмас. Бундай нурли манзиллар, энг аввало, ёш авлоднинг маънавияти юксалишига, эл-юртга хизмат қиладиган бўлиб улғайишига замин яратади.

– Сурхондарё уч давлат билан чегарадош вилоят саналади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратилгани, қўшни мамлакатлар билан муносабатлар илиқлашгани, табиийки, воҳамиз ҳаётида ҳам акс этмоқда.

– Албатта. Хитой Халқ Республикасининг Сичуан провинцияси ва Чэнду шаҳри мэрияси, Тожикистон Республикасининг Хатлон, Афғонистон Республикасининг Балх вилоятлари билан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, транспорт, илмий-техникавий, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш борасида истиқболли келишувларга эришилди.

Бугун Ўзбекистон Афғонистонни яқин қўшни ва дўст мамлакат деб билади. Давлатимизнинг бу юртда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлашга доир позицияси мудом қатъий ва ўзгармасдир. Термиз туманида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилгани, воҳада афғон сармоядорлари билан ҳамкорликда янги корхоналар иш бошлаётгани қувонарли ҳол. Таъкидлаш керакки, Афғонистон Ўзбекистон учун катта бозор. Ўз навбатида, қўшни давлат учун ҳам бизнинг юртимиз шундай. Минтақа мамлакатлари ишбилармонларининг Ўзбекистонга сармоя киритиш иштиёқи юқори. Бунинг учун уларга қулай бизнес муҳитини биз раҳбарлар яратиб беришимиз лозим. Шу мақсадда Термиздаги “Карго” логистика маркази ҳудудида эркин иқтисодий зона барпо этиш ниятимиз бор. Тожикистон Республикасининг биз билан қўшни Хатлон вилоятида бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида ҳам иштирок этяпмиз. Чегара яқинидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли бир ойлик муддатда визасиз борди-келдига шароит яратилганидан мамнун.

Сурхондарё яқин келажакда саноати ривожланган, юқори туризм салоҳиятига эга, аҳолиси бугунидан рози, келажакка катта ишонч билан қарайдиган фаровон манзилга айланишига ишонамиз.

“XXI asr” мухбири
Сарвар ТЎРАЕВ
суҳбатлашди.

Бизни телеграмдаги @XXIasrofficial каналимизда тезкор ва осон кузатиб боринг.