Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ХАЛҚЛАР ҚАЛБИНИ ТУТАШТИРГАН СЎЗ

ХАЛҚЛАР ҚАЛБИНИ ТУТАШТИРГАН СЎЗ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Махтумқули Фироғийнинг “Сайланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Туркман халқининг улуғ шоири ижоди кўплаб шарқшунослар, хусусан, ўзбек олимлари томонидан ҳам тадқиқ этилган. Махтумқулини халқимиз ҳамиша ўз шоиридек қабул қилиб, шеърларига кўнгил бериб келган.

 – Оташнафас шоир ижоди уч асрдан буён халқ тилидан тушмасдан, ҳофизлар томонидан қайта-қайта куйга солиб келиняпти, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон Муҳаммад Пирриев. – Бизгача шоирнинг 700 шеъри, 10 га яқин достони етиб келган. Уларни биздан олдин Жуманиёз Шариф, Музаффар Аҳмад, Мирза Кенжабек ўзбек тилига ўгирган. Янги таржимада асарлар мазмун-моҳиятини иложи борича тўла-тўкис ҳолида китобхонларимизга етказишга ҳаракат қилдик.

“O‘qituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйи нашр этган “Сайланма”дан унинг 250 та шеъри ўрин олган. Китобни мутолаа қилар экансиз, Махтумқули ўз халқини севган, эл дарду ҳасрати билан ёнган ватанпарвар сифатида намоён бўлади.

Тақдимотда сўз олганлар Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги алоқалар, яхши қўшничилик муносабатлари муттасил ривожланиб бораётгани, ушбу нашр ҳам ана шу амалий тадбирларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлашди.

Шу йилнинг ўзида “Дўстлик ва биродарлик йўлларимиз кенгайсин!” мавзусидаги адабий-мусиқий тадбир ҳамда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилиши, қолаверса, Тошкент шаҳрида Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган ёдгорликнинг очилиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланаётганидан далолатдир, – деди Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Авезмурод Хуммиев. – Ўйлаймизки, Махтумқули Фироғийнинг “Сайланма”си ўзбек китобхонлари учун муносиб туҳфа бўлди.

Шаҳло РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири