Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ХАЙРИХОҲЛИКДАН УНГАН ҲИДОЯТ

ХАЙРИХОҲЛИКДАН УНГАН ҲИДОЯТ

Опа-ука низосига барҳам берилди

O‘zLiDeP Балиқчи туман Кенгаши раисининг Аёллар билан ишлаш бўйича ўринбосарига тумандаги Алчазор маҳалласида истиқомат қилувчи М. Қодировадан мурожаат келиб тушди. Арзнинг муддаоси булким, аёл ўз туғишган укаси Ж.Олимов билан уй-жой масаласида келиша олмаяпти. Ука бўлмиш қондошлик, қариндошликни ҳам унутган шекилли, опасини 5 ой аввал кўчада қолдирган. Ота-она ҳаёт чоғи боқувчисини йўқотиб, қисмат изми билан ота уйига қайтган М. Қодированинг қарамоғида бир нафар қизи бор. Ўзига қолса, уй талашармиди? Яна денг, ҳайҳотдек 12 сотихлик катта ҳовли бўлса?.. Кечагина, бола-бақра пайти шу ҳовлида чуввос солиб ўйнаб юрган жигарлар бугун уй талашиб туриши кўнгилни хира қилади, албатта. Хуллас, опани сиғдирмаётган укани инсофга келтириш осон бўлмади.

“Аёллар қаноти” “Фаровон оила” лойиҳаси доирасида мазкур низо бўйича маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, тегишли мутасаддилар билан атрофлича ўрганиш олиб борилди. Маълум бўлишича, суд ҳукмига асосан Ж. Олимовга 12 сотихли ҳовлининг атиги 1 фоизигина теккан экан. Тарғибот-тушунтириш ишларидан сўнг опа-ука низосига барҳам берилди. М. Қодирова ота уйига қайтарилди. Бош­қача айтганда, “Аёллар қаноти” фидойилиги билан унутилаёзган меҳрга қайта жон кирди...

Қўрғонлар бузилмаяпти, тузиляпти

Пахтаобод тумани, Шовруқ маҳалласида истиқомат қилувчи Бозоровлар оиласидаги нотинчлик маҳалладагиларни ҳам хавотирга солгани аниқ. Акс ҳолда O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ҳудуддаги хонадонларда ўтказилган очиқ мулоқотларда бу масала кўтарилган бўлармиди? Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, оила устуни бўлмиш эркакнинг биргина қалтис гапи билан никоҳ қўрғонига дарз кетган, “йўл” йўқолган.

– Оила муқаддас даргоҳ, – дейди партия вилоят Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари Хуршидахон Халилова. – Унинг мустаҳкамлигига ҳар икки томон бирдек жавобгар. Оилада эр шоҳ, хотин вазир вазифасини аъло даражада бажарсагина, уни пароканда қилиб бўлмайди. Ушбу оилани тиклаш учун маҳалладаги намунали оилаларни ибрат сифатида кўрсатдик, узоқ йиллар чиройли ҳаёт кечириб келаётганлар ташрифини уюштирдик. Мутасаддилар, шунингдек тумандаги “Муаззимбой” масжиди имоми билан бирга, ниҳоят, мақсадимизга эришдик.

Туманнинг “Зиёли” маҳалласида ҳам шундай манзара эътиборни тортди. Абдумажидовлар оиласи атиги 9 ой турмуш қургану, сабаб бўлишга арзимайдиган жанжал билан ажрим ёқасига келган. Ёшлар оиладаги ўзаро ҳурмат, қайнота-қайнонага эъзоз, никоҳ муқаддаслиги тўғрисидаги тушунчаларга лоқайд қарагани суҳбатларда яққол кўринди. Ўртада туғилган фарзанд ҳам оилани сақлаб қолиш учун сабаб бўлолмаганлиги дилни оғритади. O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан олиб борилган эзгу саъй-ҳаракатлар мева бермай қолмади.

Олтинкўл тумани Бўстон маҳалласи, Одиллик кўчасида яшовчи эр-хотин Ғолибжон Ўктамов ва Нигорахон Ўктамованинг доимий жанжаллари охири кўринмасди. Маҳалла-кўйнинг аралашуви ҳам бефойда эди. Эр оила муқаддаслигини тушунишни истамайди, хотин эшитишни... Хуллас, қолипдан кўчган ғиштни жойига қўйиш яна “Аёллар қаноти” зиммасига тушди. Аризани атрофлича ўрганиб чиққан масъуллар ҳамкорларни тўғри танлади. Маҳалла фуқаролар йиғини, туман хотин-қизлар қўмитаси, отинойилар биргаликда муаммога ечим топди: оила соҳиби ва соҳибаси муқим ишга жойланди, рўзғор камларидан чиқадиган низолар бартараф этиладиган бўлди.

Жазодан кейин...жафо чекмаслик керак-да

Ҳасанованинг жазони ижро этиш муассасасидан қайтганига бир ойдан ортиқ вақт ўтди. Унинг нигоҳларига қарасангиз, дарди, ташвиши бир дунё эканини ҳис қиласиз. Баъзи сабаб­ларга кўра жазони ижро этиш муассасасида бўлган аёл уйга – оиласи ва фарзандлари, яқинлари бағрига қайтгач... бир ташвиши икки бўлди гўё.

Нега дейсизми? Мажбурий ижро бюроси томонидан бор мол-мулки, рўзғор камини тўлдириб турган буюмлари ҳам, электр, газ ва сув таъминотидаги қарздорлиги сабаб мусодара қилинди. Дардини кимга айтишни билмай юрган аёл, нажот излаб O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашига борди. Унинг мурожаатини тинглаган партия Андижон вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Тоҳиржон Толипов МИБга депутатлик сўрови билан мурожаат қилиб, Феруза опанинг муаммосини ҳал қилишга ваъда берди. 

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмасида ташкил қилинган тадбирда Ф. Ҳасанова сингари жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизларнинг муаммолари муҳокама этилди.  

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва O‘zLiDeP фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахс­ларни ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, вилоят Бандликка кўмаклашиш маркази, вилоят тижорат банклари раҳбарлари ҳамда Андижон шаҳри ва Андижон туманида яшовчи жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизлар иштирок этди.

– Жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида вилоят ИИБ томонидан профилактик ҳисобга қўйилган 413 нафар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг 23 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади, – дейди вилоят ижтимоий муҳофаза қилиш маркази раҳбари ўринбосари Камолиддин Эгамбердиев.  – 413 нафар шахсга жами 405 миллион 22 минг 360 сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ўрнатилган тартибда жойлардаги банклар орқали тўлаб берилди.

Н. Қирғизова жазони ижро этиш муассасасидан қайтгач, тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилди. Чорвачиликни ривожлантириш мақсади уни Халқ банкининг туман бўлимидан имтиёзли кредит олишга ундади. Бироқ дуч келаётган турли тўсиқлардан чарчади. O‘zLiDeP вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти”га қилган мурожаати билан тегишли ташкилотга хат берилиб, масаланинг ҳал этилиши бўйича партия вилоят Кенгаши томонидан натижали ишлар олиб борилди.

Бепул тиббий кўрик беминнатми?

– “Соғлом оиладан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида вилоятнинг энг чекка ҳудудларида бепул тиббий кўриклар ташкил қилишга эришяпмиз, – дейди партия вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш бўлими мудири Умидахон Исаева. – Бунда, албатта, туманларнинг тиббиёт бирлашмалари, вилоят она ва бола скрининг маркази, вилоят ОИТС маркази билан доимий ҳамкорлигимиз яхши натижа беряпти.

Ҳошияхон Мирзаева Андижон шаҳрининг Уйғуробод маҳалласида истиқомат қилади.  Бир неча йилдан буён тизза соҳасидаги оғриқдан азият чекади. Айни вақтда 2-гуруҳ ногирони. Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Шоҳруҳбек Солиев ҳамда O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан ташкил этилган уч кунлик бепул тиббий кўрикда Ҳошияхон мутасаддилар  томонидан ўзига кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан боши осмонга етди.

Андижон шаҳрининг “Гумбаз”, “Чўлпон 100 йиллиги”, “Наврўз”, “Саноат”, “Уйғуробод” маҳаллаларида яшовчи хотин-қизлар учун  ташкил қилинган уч кунлик чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрикда 1 000 нафарга яқин аёллар ва болалар саломатликларини текширувдан ўтказдилар. Шаҳар тиббиёт бирлашмасидаги тор соҳа мутахассислари ҳамда УЗИ, ЭКГ, лаборатория текширувларида  аниқланган касалликлар бўйича “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси Андижон филиали томонидан 871 миллион  230 минг сўмлик дори-дармонлар бепул тарқатилди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги  қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган мазкур тадбирда 80 нафар аёл аниқланган турли касалликлар бўйича стационар ва амбулатор даволанишга жалб қилинди, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши масъул ходими Муяссархон Умурзақова. – Шунинг­дек, тиббий кўрикда туғруқ ёшидаги  аёллар, имконияти чекланган болалар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқароларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди.

Мухтасар айтганда, бундай тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказилиб келинаётгани юртдошларимиз ўртасида партияга бўлган ишончнинг янада юксалиб боришига сабаб бўлмоқда.

Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr”   мухбири