Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ХАЙРИЯТ, НЕСТЕРОВ БОР ЭКАН!

ХАЙРИЯТ, НЕСТЕРОВ БОР ЭКАН!

Хабарингиз бор, 5 январ куни Бирлашган Араб Амирликларида футбол бўйича Осиё кубоги – 2019га старт берилган эди. 17 маротаба ўтказилаётган қитъамизнинг энг нуфузли чемпионатида илк бора 24 терма жамоа иштирок этмоқда.

Ана шу кубок ўйинлари доирасида, бугун миллий терма жамоамиз илк ўйинни уммонлик футболчиларга қарши ўтказди. Баҳсда йигитларимиз 2-1 ҳисобидаги энг қийин ва қимматга тушган муҳим ғалабани қўлга киритишди.

Ўйинни кўпчилик кўргани аниқ. Тўхталиб ўтириш ортиқча. Кимдир биринчи таймдаёқ бетоқат тарзда ярим чин, ярим ҳазил баҳонасида луқма ташлади: “Нима, бизнинг командада фақат Одил Аҳмедов билан дарвозабон Игнатий Нестеров ўйнаяптими, бошқалар-чи, захирадан ўйинчи тушмаса ютқазамиз-ов?!”...

Ниҳоят, бош мураббийимиз Эктор Купер энг тўғри қарорни қабул қилди: Элдор Шомуродов майдонга тушгач, ўйин жонланди ва 85-дақиқада айнан унинг индивидул ҳаракати эвазига дурангдан қутулиб қолдик.

Тан олайлик, бугунги ўйин қаҳрамони барибир Нестеров бўлди, десак, ҳеч ким эътироз билдирмаса керак, ё ёлғонми?

Буниси ҳали ҳолва, олдинда янада оғирроқ учрашувлар кутиб турибди бизни. Агар кейинги ўйинлардаям терма жамоамиз шунақанги юрак ўйноғи қиладиган “қилиқ”лар кўрсатса...  

Ноумид шайтон, ҳозирча уч очко нақд, ишонамиз, мураббий айтганидек, келгуси ўйинларда “юриш” бошқача бўлади, а лаббай!?