Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Хирмонлари тўлди Қашқадарёнинг!

Хирмонлари тўлди Қашқадарёнинг!
Воҳа ғаллакорлари ҳозирга қадар давлатга 461 минг тонна ўрнига 508 минг тонна сара дон топширди. Ўртача ҳосилдорлик сувли майдонларда 60, лалми майдонларда 20 центнерни ташкил этди. Доннинг катта қисми уруғлик учун жамғариб қўйилди. Ҳа, бу йил осмондан Оллоҳнинг баракаси ёғилди. 
Рақамларга қаранг: 141 минг 800 гектар сувли, 63 минг гектар лалми майдонларда ғалла майсаларини юксак агротехника қоидалари асосида парвариш қилдилар. Бободеҳқонлар белгиланган чора-тадбирлар асосида озиқлантириш, суғориш, бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш тадбирларини тизимли равишда олиб бордилар. Вилоятда ғаллачиликни ривожлантириш орқали аҳолининг дон маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш мақсадида бошоқли дон экинлари етиштириладиган майдонлар кенгайтирилиб, истиқболли навлар яратилаётгани боис ҳосилдорлик йил сайин ошиб бормоқда.
– Ғалладан мўл ҳосил олиш, аввало, майсалар парваришига боғлиқ, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг ғаллачилик, дуккакли дон ва мойли экинлар бўлими бошлиғи Маҳмаюсуф Қурбонназаров. – Фермерларимиз иштирокида мунтазам равишда деҳқончилик сирларини ўргатиш мавзусида иқтисодий ўқувлар ташкил этиб келяпмиз. Ғалла уруғчилиги бўйича ном қозонган таниқли олимлар, малакали мутахассислар ўтказаётган машғулотлар натижасида фермерларимизнинг билим-тажрибаси йил сайин ошиб, ғаллачиликда сезиларли ютуқларни қўлга киритишмоқда. Суғориш “шарбат” усулида олиб борилди, ҳар гектар майдонга 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғарилди. Майсаларнинг баравж ривожланиши учун асосий майдонларга суспензия сепилиб, керакли миқдорда минерал ўғитлар билан озиқлантирилди. Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё филиали илмий ходимлари вилоятнинг табиий иқлими, қурғоқчиликка чидамли навлар яратиш борасида олиб бораётган илмий изланишлари ўз самарасини берди. Улар яратган янги “Ғозғон”, “Бунёдкор”, “Ҳисорак” навлари вилоятимизнинг катта майдонларига экилиб, 60-70 центнердан хирмон кўтарилди. Шунингдек, сувли ерларга “Шамс” ва “Насаф”, лалмига эса “Мингчинор” ва “Лангар” каби янги нав уруғлар сепилиб, синаб кўрилди. Натижа кутилганидан ҳам юқори бўлди. Кейинги йилларда бу навларни катта майдонларга экишни режалаштиряпмиз. 
Албатта, ҳосил етиштириш анча мушкул иш. Аммо тайёр дон маҳсулотини ўриб-йиғиб олиш ундан-да қийинроқлигини саратонда далаларда жавлон урган фидокорлар яхши ҳис этишади. Миришкорларнинг йил бўйи қилган заҳматли меҳнатлари натижасини қисқа фурсатда, нест-нобуд этмай йиғиштириб олиш ишларига пухта ҳозирлик кўрилган ҳолда киришилди. Ғалла ўрим-йиғимига 470 та комбайн жалб этилди. Шундан 70 таси жорий йилда харид қилинган “Клаас” комбайни бўлиб, 226 таси “Кейс”, 50 таси эса “Вектор 410” ҳамда 124 таси “Клаас Доминатор” русумли ўриш техникаларидир. Ҳар бир комбайнга бешта ташиш техникаси бириктирилиб, ёнилғи таъминоти, ер текислаш, ҳайдов тракторлари ва бошқа техника воситаларидан унумли фойдаланилди. 2 847 та дон ташиш техникаси (шундан 2054 таси юк автомобили) ишлаб турди. Мавсумда иштирок этаётган барча техника воситаларининг бетўхтов ишлашини таъминлаш мақсадида бензин, дизель ёнилғиси ва суюлтирилган газ захираси яратилди. Барча комбайн ва транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилди. Ҳар бир комбайнни икки нафардан ҳайдовчи оператор галма-галма самарали ишлашни таъминлаш мақсадида туну кун бошқарди. Битта отрядга бир дона комбайн бириктирилиб, кўчма таъмирлаш устахонаси, ёнилғи ва мойлаш материаллари узлуксиз етказиб берилди. Ўрим-йиғим мавсумида иштирок этаётган барча механизатор ва ҳайдовчилар, дала меҳнаткашларининг меҳнат қилиши ва дам олиш соатларини мазмунли ўтказиши учун барча шароитлар яратилди. Вилоятдаги 5 та донни қайта ишлаш корхонасига қарашли 26 та дон қабул қилиш маскани кечаю кундуз ишлади. Ҳосил талон-торож этилишининг олдини олиш мақсадида 20 та йўл патруль хизмати экипажи, 24 та назорат маскани ташкил этилди. Илғор комбайнчилар, ғаллакорлар мунтазам равишда рағбатлантириб борилди. 
Косон тумани деҳқонлари кузда 18 минг гектар майдонга дон сочган эдилар. Ҳосилдорлик ҳар гектарига 60 центнердан ошди. “Оллоназар файз” фермер хўжалиги аъзолари ҳар гектардан 68 центнердан ғалла олишди. Яккабоғликлар 8 минг гектарда ғалла парваришлашди. “Яккабоғ миришкори” фермер хўжалиги 80,5 центнердан, “Жовлиев Дилмурод Абдишукурович” фермер хўжалигида эса 78 центнердан ҳосил олинди. 
Нишонлик ғаллакорларнинг ҳам бу йил юзлари ёруғ бўлди. 18,5 минг гектар ерга дон эккан бободеҳқонлар 60 центнердан ошириб ғалла ўриб-йиғиб олдилар. Ҳосилдорлик “Нишон нурли келажаги” фермер хўжалигида 74, “Очил ота издошлари” фермер хўжалигида эса 71,6 центнерни ташкил этди. Воҳада ғалладан юксак хирмон кўтариб, давлат шартномасини ортиғи билан бажарган бу каби фермерларни санаб адоғига етиш қийин. 
– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан давлатга дон сотишда янги харид нархларининг белгилангани биз дала меҳнаткашларини қувонтириб юборди, – дейди Косон туманидаги “Шерхон Аҳмед” фермер хўжалиги раиси Ориф Нормуродов. – Жорий йил ҳосили учун буғдойнинг ҳар бир тоннасига кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 млн. 200 минг сўм этиб белгиланди. Давлат хариди учун етказиб берилган ғалла нархига 10 фоиздан 25 фоизгача устама, агар паст бўлганда худди шу тарзда чегирма қўлланиладиган бўлди. Биз ҳосилдорликни 40 центнер ўрнига 66 центнерга етказдик, эндиликда давлатга топширилган доннинг ҳар тоннаси учун 1 млн. 200 минг сўм эмас, балки 1 млн. 500 минг сўмдан тўланади. Ҳалол меҳнат қилган деҳқоннинг косаси оқарадиган кун келди. 86 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 65-70 центнердан хирмон кўтардик. Шартномадан ортиқчасини ишловчиларга тарқатдик. Қишлов даврида чорва молларига ем қилиш учун жамғариб қўйдик. Таъкидлашни истардимки, фермерлик ҳаракати ривожлантирилиб, ер майдонлари тажрибали ва ишбилармон деҳқонларга ишониб топширилгани боис маҳсулот етиштириш ҳажми йил сайин ўсяпти. Ҳалол меҳнат қилиб, ердан ризқ ундираётган меҳнаткашларнинг ютуқлари таҳсинга сазовор. Берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, изланишу интилиши туфайли мамлакат тараққиёти, эл-юрт ривожига муносиб ҳисса қўшаётган фермерлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланаётгани ислоҳотларни жадаллаштиришда яқиндан ёрдам бераётир. Фермерликнинг ривожланиши, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг давомийлигини таъминлашга, мамлакат иқтисодиётининг янада барқарор ривожланишига, энг муҳими, аҳоли турмуш тарзининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Об-ҳавонинг ғалла майсалари парвариши учун жуда қулай келгани, ёғингарчиликнинг кўп бўлгани деҳқонларга хуш кайфият бағиш­лади. Улар ҳар қачонгидан-да баракалироқ меҳнат қилдилар. Бугун эса юзлари ёруғ бўлиб, режаларни ортиғи билан бажариб, тўйларни бошлаб юбордилар. Ғалладан бўшаган 50 минг гектар майдонга сабзи, мош, ловия, кунгабоқар, маккажўхори ва лавлаги экиш қизғин давом этмоқда. 
– Деҳқоннинг ҳақиқий мададкори бу табиат. Ўтган йили ёғингарчилик кам бўлгани боис давлат шартномасини бажариш учун даладаги ғалла ҳосилини сўнгги килограммигача қабул пунктларига топширишга мажбур бўлганмиз. Ўзимиз ҳам, ишчиларимиз ҳам йил бўйи тиним билмай ишлаб, бир кило ҳам дон ололмагандик. Ғалла етиштирсанг-у, ўзинг қуруқ қолсанг, алам қилади-да, – дейди Касби туманидаги “Жабборов Алланазар Жабборович” фермер хўжалиги раҳбари Ботир Жабборов. – Оллоҳга минг қатла шукр, бу йил нафақат давлат олдида юзимиз ёруғ бўлди, балки хўжалигимизда қишин-ёзин машаққатли тер тўкаётган аъзоларимизни ҳам хурсанд қила олдик. Уларни совға-саломлар билан рағбатлантирдик, 1,5 тоннадан ғалла, чорва молларига истаганча хашак бердик. Қишлоқ одамининг даромади асосан чорвадан. Бу йил Парвардигор ҳамманинг ризқини мўл қилди. Шартномани ортиғи билан бажардик. 31 гектар ерга “Ғозғон” навидан экиб, 50 центнердан ошириб ҳосил олдик. 15 гектар ерга экилган Россиянинг “Гром” ғалла нави ҳам еримизга мос экан. Ҳосилдорлик 40 центнердан ошди. 13 йилдан буён фермерлик билан шуғулланаман. 15 нафар ҳамқишлоғимни иш билан таъминлаганман. Тўй-маъракаларида ҳам қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари текинга улашилади. Ғалладан бўшаган майдонларга чорва моллари учун маккажўхори етиштиряпмиз. 10 гектар жойга сабзи экиб қўйдик. Ишчиларимизнинг кайфияти аъло, иккинчи экин учун уларга ҳам ер ажратяпмиз. Бизнинг Байдақчи қишлоғимизда ҳар бир оилада чорва бор. Партия фаоли сифатида томорқалардан самарали фойдаланиш, ҳар қарич ерни бўш қўймаслик тўғрисида тарғибот ишларини олиб боряпмиз. 
Сайфулла ИКРОМОВ,
 “ХХI asr” мухбири