Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ХОРАЗМЛИК ИҚТИДОРЛИ ОЛИМАЛАР

ХОРАЗМЛИК ИҚТИДОРЛИ ОЛИМАЛАР
O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Урганч давлат университетида “Инновацион технологияларни ривож­лантиришда таълим, фан ва бизнес тизимларининг ўзаро алоқаларига оид долзарб масалалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.  
“Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори” партиявий лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда университетнинг кимё технологиялари факультети талабалари иштирок этишди.
– Тадбиркорлик ва фермерликка инновацион технологияларни кенгроқ татбиқ этиш соҳаларнинг янада ривожланишига имкон яратади. Ҳозирда мен саноат чиқиндилари ва бошқа техноген ресурслар асосида ўрама материаллар олиш технологияси устида ишлаяпман, – деди тадқиқотчи Шаҳло Айитова. –  Госсипол смоласи, резина кукуни, полиэтилен чиқиндиларидан олинган изоляцион материаллар қурилиш соҳасида том ёпиш ва қувурларни чиришдан ҳимоя қилишда ишлатилади. Мазкур ишланма учун яқинда патент олиниб, эндиликда саноатда қўллаш учун тавсия қилинмоқда.
Яна бир тадқиқотчи Наргиза Исмаилова кир ювиш воситалари ишлаб чиқариш бўйича изланиш олиб бораётгани, ҳозирда Боғот туманидаги “Ёвмут ниҳол” хусусий корхонасида тажриба ўтказаётганини билдирди. Мақсуда Йўлдошева ҳамда Асал Жуманиёзова эса маккажўхоридан консерва, попугидан шарбат тайёрлаш, пўстлоғидан тиббиётда фойдаланиш устида ишламоқда.
Партиянинг Урганч шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Д. Жуманиязов ёш олималаримиз илгари сураётган ишланма ва ғоялар амалга оширилса, вилоят саноатининг ривожланишига катта ҳисса бўлиб қўшилишини таъкидлади.
Давра суҳбати доирасида ўтказилган ёш ихтирочиларнинг кўргазмалари кўпчиликка манзур бўлди. Тадқиқотчи Шаҳло Айитовадаги ташаббускорликни пайқаган партия ходимлари уни кадрлар захирасига олишди. Яна 8 нафар талаба сиёсий куч сафига қабул қилинди.
 Д. ҚОБУЛОВА,
O‘zLiDeP Хоразм вилояти
Кенгаши ҳузуридаги Сиёсий
таълим маркази раҳбари