Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Хорижда ишлаган давр стажга қўшиб ҳисобланадими?

Хорижда ишлаган давр стажга қўшиб ҳисобланадими?

            Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 февралидан Президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини pm.gov.uz интернет манзилида тест режимида ишга тушган эди. Унда ҳар бир фойдаланувчига шахсий кабинет очиш, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб олиш имкони яратилган.

           Қуйида ушбу савол – жавоблардан айримларини келтирамиз.

 

Савол: Чет эл давлатларида ёки МДҲ давлатларида ишлаган давр стажга қўшиб ҳисобланадими?

          –  Чет элда ишланган даврлар, шу жумладан 1992 йил 13 мартдан кейин (МДҲ иштирокчилари бўлган Давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари Кафолатлари тўғрисидаги Битим имзоланган кунгача) МДҲ давлатларида ишланган давр Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

            Савол:  Иш берувчи қандай ҳолларда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаши лозим?

           – Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлганда, иш вақтида майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

 

             Савол:  Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими қолдириб кетилган транспорт воситасини (салони, юкхонаси ва ундаги йўловчиларни) текшириш ҳуқуқига эгами?

            –  Ўзбекистон Республикаси ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг асосий вазифаларидан бири жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят кўринишларининг, кўчалар, йўллар ва бошқа жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниши, аниқланиши ва бартараф этилишини таъминлашдир.

            Бу вазифаларни бажариш учун хизмат ходимлари зарурат бўлганида транспорт воситаларини тўхтатади, уларни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситаси ва ташилаётган юк ҳужжатларини текширади, ҳайдовчи ёки юк олиб кетаётган шахс билан бирга транспорт воситалари ва юкни ташқаридан кўздан кечиради.

           Ички ишлар органлари ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириши мумкин.

 

           Савол:  Технологик асбоб-ускуналарни олиб киришда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериладими?

            – Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик жиҳозлар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик жиҳозларни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши қайд этилган.

           “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхати” 2013 йил 20 мартда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2436-сони билан рўйхатга олинган идоралараро қарори билан тасдиқланган.