Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ХУШХАБАР: Жавоҳир Синдаров – жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери

ХУШХАБАР: Жавоҳир Синдаров – жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери
Бугун Венгрия пойтахтидан хушхабар келди. Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган “First Saturday GM” халқаро турнирида иқтидорли шахматчимиз Жавоҳир Синдаров муваффақиятли иштирок этиб, учинчи гроссмейстерлик талабини бажарди ва 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.
 
Бундан бир йил олдин Жавоҳир халқаро шахмат устаси унвонига сазовор бўлиб, Президентимизнинг қимматли совғаларини қўлга киритганди. 
 
Ўтган бир йил ичида Жавоҳир ўз устида тинимсиз ишлаб, жорий йил июнь ойида “Воронеж опен-2018” халқаро мусобақасида биринчи, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарганди.
 
Шуниси қувонарлики, Жавоҳир 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида С.Корякиндан (12 ёшу 7 ой) кейин иккинчи, шахмат ватани бўлмиш Осиёда эса биринчи – энг ёш шахматчи сифатида ўз номини тарих йилномаларига муҳрлаб қўйди.
 
Шу ўринда айнан Осий қитъасида, хусусан, Ўзбекистонда шахмат йилдан-йилга “яшараётгани”ни таъкидлаш лозим. Ўтган йили яна бир умидли шахматчимиз Нодирбек Абдусаттаров 13 ёшу 1 ойда гроссмейстерлик мақомига эришиб, юртимиз довруғини оламга ёйганди. 2018 йил июнь ойида эса Ҳиндистонлик ёш шахматчи Рамешбабу Прагнанандха 12 ёш 10 ой 13 кунда шундай унвонга сазовор бўлиб, Нодирбекнинг “рекорди”ни янгилаганди. Жавоҳир эса ҳинд тенгдошини 5 кунга ортда қолдириб, жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери деган шарафли номни яна Ўзбекистонга қайтарди. 
 
Эслатиб ўтамиз, бу юксак унвонга шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен 13, жаҳон чемпионлари Роберт Фишер 15, Владимир Крамник 16, Гарри Каспаров 17, Анатолий Карпов, Вишанатан Ананд 19, Михаил Таль 21, Тигран Петросян 23, Василий Смислов 29, Михаил Ботвинник 39 ёшида сазовор бўлишган. 
 
Дунёнинг энг ёш шахматчилари рўйхатининг энг юқори поғонасида юртимизнинг икки вундеркинди – Жавоҳир ва Нодирбекларнинг турганлиги қалбимизга фахр бағишлаши билан бирга яқин йилларда жаҳон шахмат тожининг яна юртимизга қайтишига умид уйғотади.
 
– Менинг мазкур ютуқни қўлга киритишимда, – дейди Жавоҳир Синдаров, – устозларим Сабоҳат ва Сирожиддин Зайниддиновлар, Акром Тошхўжаев, Бобур Саттаров ва халқаро гроссмейстер Марат Жумаевларнинг берган сабоқлари, ота-онам, яқинларим, айниқса, бобом Комил Синдаров, маънавий устозларим Бакриддин Зарипов, Муртоза Раҳматовларнинг қўллаб-қувватлаши, юртимизда спортга яратилган шарт-шароитлар, Президентимизнинг шахматга эътибори асосий омил бўлди. 
 
Жавоҳирнинг жаҳон шахмат аренасида қўлга киритган бу оламшумул ғалабаси билан барча юртдошларимизни муборакбод этамиз.
 
Жаҳон шахмат тарихида энг ёш гроссмейстерлар рўйхати: