Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Хусусий сектор манфаатларини ҳимоялашнинг янги механизми

Хусусий сектор манфаатларини ҳимоялашнинг янги механизми

Ўтган ҳафтада Президентимиз томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон асосий электоратимиз – хусусий сектор вакиллари манфаатлари, демакки, партиямиз дастури ва сайловолди платформасида белгиланган устувор вазифаларга тўла ҳамоҳанг. Партиямиз дастурида кучли иқтисодиёт аҳоли фаровонлиги ўсишининг асоси ва миллий хавфсизликнинг кафолати экани аниқ-равшан баён этилган. Бинобарин, O‘zLiDeP ва унга ҳамкор ташкилотлар мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ҳал қилинишига кўмаклашишни зиммасидаги  энг муҳим вазифалардан деб ҳисоблайди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан фармон мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ҳамда хусусий сектор вакиллари билан иш олиб борувчи тузилмаларга етказиш мақсадида ташкил этилган давра суҳбатида шу каби эътирофлар қайта-қайта таъкидланди. Мулоқотда парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзолари, тадбиркорлар, турли ташкилот ва идоралар вакиллари сўзга чиқиб, мазкур ҳужжат мамлакатимизда тадбиркорликнинг янада тараққий этишини таъминлаши,  жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий таянчи бўлган ўрта синфнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини билдирдилар.

Қайд этилганидек, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қанча меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлса-да, ишбилармонларни қабул қилиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ягона тизими мавжуд эмас эди. Муаммоларни таҳлил қилиш бўйича ишлар талаб дараждасида амалга оширилмасди. Долзарб масалаларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан механизми жорий қилинмаган эди. Энг оғриқли нуқталардан бири шуки, аксарият давлат ва хўжалик бош­қаруви органлари раҳбарлари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилишга, уларнинг қонуний талабларини аниқлаш ва тезкорлик билан ҳал қилишга ҳамда муаммоларни бартараф этишга етарлича эътибор берилмаяпти. Тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлашда жойларда ҳамон бюрократик тўсиқлар ва ғовлар сақланиб қолмоқда. Фармонда шу сингари муаммоларни тизимли равишда ҳал қилиш борасида муайян чора-тадбирлар белгиланди. Эндиликда Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилинади. Амалга татбиқ этилаётган механизмнинг афзаллиги шундаки, Бош вазир тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш, ишбилармонларнинг қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш, хусусий сектор вакиллари дуч келаётган муаммолар бартараф этилишини шахсан назоратга олади ва улар ижросини кузатиб боради.


Фармонда тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил этиш, бу борада “business.gov.uz” ягона интерактив портали фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳам белгилаб берилди.

– Йўлга қўйилаётган тизим орқали туман ёки шаҳар миқёсида ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларнинг ечимини ҳукумат даражасида топиш имконияти вужудга келмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Жамшид Ҳасанов. – Туманда ҳал бўлмаётган масалалар вилоят даражасида, вилоятда ҳам ечими топилмаган муаммолар ҳукумат даражасида кўриб чиқилади. Бошқача айтганда, яратилаётган механизм воситасида энг чекка ҳудудларда фаолият олиб борувчи тадбиркорлар ҳам муаммоларига ҳукумат диққат-эътиборини қаратишлари мумкин. Бизнес-омбудсманга қабулхоналарнинг ишини йўлга қўйишга кўмаклашиш ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан таъсирчан чораларни қўллаш бўйича вазифалар юкланди. Бинобарин, бизнес-омбудсманнинг ҳудудларда фаолият юритувчи ходимлари қабулхоналар билан биргаликда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тизимли иш олиб борадилар.  Бу эса ўрта синф вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоялаш бўйича  янгича ёндашув юзага келаётганини англатади.

Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси Дилшод Рўзиметов таъкидлаганидек, қабулхоналар фаолияти натижалари доимий назоратга олинади. Фармонга мувофиқ, Ҳисоб палатаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар мурожаатлари амалда ҳал этилиши ўрганилади ва мониторинг юритилади. Ўрганиш ва мониторинг якунлари Бош вазирга тақдим этилади. Бош вазир ҳар чоракда қабулхоналар фаолияти натижаларини алоҳида йиғилишларда, хусусан, видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқади. Зарурат бўлганда тадбиркорлар ва хорижий инвесторларни шахсан қабул қилади. Ҳар чоракда қабулхоналар фаолияти натижалари, тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида  Президентга ахборот беради. Фармон билан адлия органлари зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юклатилмоқда. Хусусан, туман миқёсидаги муаммолар қабулхоналар билан бирга адлия бўлимлари томонидан ҳам атрофлича ўрганилади. Адлия вазирлиги аниқланган масалаларни таҳлил қилиб, зарурат туғилганда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади.     

– Тадбиркор ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсий куч вакили сифатида шуни айтишим зарурки, ушбу фармон хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган  ишларни янги босқичга олиб чиқади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Полянте Свешников.

Йиғилишда партия фаоллари мазкур фармон партия сайловолди дастурида қайд этилган хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш каби устувор вазифаларни амалга оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди. Партия ўзининг маҳаллий кенгашлар ва парламентдаги депутатлик корпуси имкониятларидан самарали фойдаланиб, фармонда белгиланган вазифалар ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини олиб боради.

Беҳзод ИСРОИЛОВ,

“XXI asr” мухбири

Солижон ЗОИРОВ олган сурат.