Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Хусусий тиббиёт: ютуқлар кўпми ё тўсиқлар?

Хусусий тиббиёт: ютуқлар кўпми ё тўсиқлар? O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг аёллар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш масалалари: амалиёт, муаммо ва истиқболдаги режалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Партиянинг парламентдаги фракцияси билан ҳамкорликда ўтказилган мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, хусусий тиббиёт муассасалари вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирда Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида тиббиёт соҳаси бўйича белгилаб берилган доолзарб вазифалар ва давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида баён қилинган вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди.  

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов давра суҳбати аввалида алоҳида таъкидлаб ўтганидек, юртбошимиз имзолаган мазкур фармонга мувофиқ тасдиқланган муҳим ҳужжат – 2019­-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси аввалгиларидан соҳадаги камчилик ва муаммолар жуда кенг қамраб олингани, мамлакатимиз тиббиётининг келгуси тараққиётини белгилайдилан кўплаб вазифалар яхлит йўсинда жамлангани билан фарқ қилади.

Зеро, ушбу ҳаётий концепцияни ишлаб чиқишда бир қанча вазирлик ва ташкилотлар, тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар ўз таклиф ва тавсиялари билан фаол иштирок этишган. Концепция бугунги кунда тиббиёт соҳаси ривожига тўсқинлик қилаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиши, тизимга инновацион ёндашувларни олиб кириши, энг асосийси, хусусий тиббиётни ривожлантиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга. Партия дастури ва сайловолди платформаси билан ҳамоҳанг жиҳати шундаки, ундада соҳани янги босқичга олиб чиқиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосидаги тиббиёт ривожи, тиббий туризм ва бу йўналишга инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Мавлуда Хўжаева соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини ривожлантиришга йўналтирилган устувор вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди. Ҳудудларда хусусий тиббиёт ташкилотлари фаоллигини ошириш, уларнинг тармоқларини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, молиявий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлашда давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш,  босқичма-босқич мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш,  соҳада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш ва бошқа чора-тадбирлар тизимнинг ҳар томонлама юксалишини таъминлайди. 

 Давра суҳбати қатнашчилари томонидан кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ибратли жиҳати, хусусий тиббиёт учун 41 та “ноль” қийматида бино, 82 нафар тадбиркорга ер берилиб, улар учун жами 82 миллион доллар кредит ажратилди, 16 таси чет эл инвестицияси иштирокида ташкил этилди. Шунга қарамасдан, айрим ҳудудларда хусусий килиникалар умуман фаолият юритмаётгани ҳам суҳбатда афсус билан тилга олинди.

Соҳа мутахассислари бир қатор тизимли муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб, хусусий тиббиётни давлат тиббиёт ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишига ғов бўлаётган тўсиқлар қўшимча молия ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини чеклаётганини қайд этишди. Тиббиёт амалиётининг таълим бериш жараёни ва илм-фан билан етарлича интеграциялашмагани, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг замонавий тизимларини татбиқ этишдаги сусткашлик, соҳа ходимларини ижтимоий-моддий ҳимоя қилиш даражаси пастлиги, соғлиқни сақлаш тизимига ахборот-коммуникация технологияларининг кераклича жорий этилмагани каби қатор муаммолар соҳа ривожига ғов бўлмоқда.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш ва уларга амалий ечим топиш, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш киритиш ва уларда хусусий тиббиётни янада ривожлантиришга оид нормаларни акс эттириш бўйича партия фаоллари томонидан 50 га яқин аниқ таклифлар билдирилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати