Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида қонун керак...ми?

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида қонун керак...ми?
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ва улар фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш” мавзуида уюштирилган очиқ мулоқотда шу масала хусусида  сўз юритилди
Якка тартибдаги тадбиркорлик ўз моҳият-эътиборига кўра улкан салоҳиятга эга. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишининг ўзига хос афзаллик­ларини бирма-бир баён этишга ҳожат йўқ, назаримизда.
Биргина жиҳатни тилга олиш жоиз: амалдаги тартиб-таомилларга мувофиқ ЯТТлар 80 турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин. Бироқ, синчковлик билан нигоҳ ташланса, хусусий бизнеснинг мазкур тармоғи билан боғлиқ айрим камчиликлар ҳам яққол кўзга ташланади. Хўш, муаммо нимада? Бу йўналиш ривожига халақит бераётган тўсиқлар нималардан иборат? Нуқсонларга барҳам бериш учун қандай чора-тадбирларни амалга ошириш зарур?
Ана шундай долзарб масалалар депутатлар, тадбиркорлар, партия фаоллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот мобайнида батафсил кўриб чиқилди.
Тадбирни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини вақтинчалик бажарувчи Бахтиёр Якубов кириш сўзи билан очди. У тадбирда қатнашаётган тадбиркорлар ва сафдошларимизга миннатдорлик билдирди ҳамда Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан юртимизда ишбилармонларга ҳар томонлама қулай шарт-шароит вужудга келтирилаётгани, бу борадаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, шунингдек, кун тартибига қўйилган масала бўйи­ча партия позицияси  хусусида мухтасар сўз юритди.      
Мулоқот иштирокчилари қайд этганидек, якка тартибдаги тадбиркорларга оид муносабатлар бугунги кунда Фуқаролик кодекси, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддалари ва Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор норматив ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда. Ҳозирда якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг рўйхатга олиниши соддалаштирилган тартибда амалга оширилаётганлиги, улар учун қатъий белгилаб қўйилган солиқ тўловлари ва бошқа имтиёзлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда. Яратилаётган имкониятлар туфайли бугун аҳоли орасида айни шу бўғинга қизиқиш кучаймоқда. Бу, албатта, ижобий ҳолат. Чунки якка тартибдаги тадбиркорлик нафақат мамлакат бюджети учун ўзига хос даромад манбаи, балки фуқаролар бандлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳамдир.
Аммо, сўзга чиққанлар таъкидланганидек, тадбиркорликнинг ушбу тури имкониятларидан тўла фойдаланилаётгани йўқ. Бунинг асосий сабабларидан бири амалдаги қонунчиликда якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолияти билан боғлиқ аксарият масалалар очиқ қолиб кетганидир. Хусусан, мавжуд қонунчиликда мазкур субъектларнинг зарур хомашё билан таъминланиши, уларга ер ажратиш тартиби, коммунал хизмат кўрсатиш, электр, газ, сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан зарур коммуникация тармоқларини улар фаолият кўрсатаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини таъминлаш билан боғлиқ масалалар аниқ-равшан белгилаб қўйилмаган. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг импорт-экспортдаги ҳамда халқаро кўргазмалардаги иштироки билан боғлиқ масалалар ҳам қонунчиликда ўз ифодасини топмаган.
Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини тартибга солиш, айниқса, солиққа тортиш масалаларида улар билан назорат қилувчи органлар ўртасида юзага келаётган низоли ҳолатларнинг судларда кўрилиши таҳлили ҳам ушбу тортишувларнинг кўп ҳолларда якка тартибдаги тадбиркорлар фойдасига ҳал бўлмаётганини кўрсатади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар мурожаатларининг ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилиши ҳам талаб даражасида эмас. Уларнинг мурожаатларига кўпинча тадбиркорлик субъекти тартибида эмас, балки жисмоний шахс мурожаатларини кўриб чиқиш тартибида ёндашилмоқда. Бу ҳолат эса улар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Бинобарин, мулоқотда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида тегишли қонунчиликка ўзгартишлар киритиш баробарида соҳани тартибга солувчи алоҳида қонун лойиҳасини тайёрлаш таклифи ҳам илгари сурилди. Қонун лойиҳасида якка тадбиркорлар мақоми, унинг ишини ташкил этиш асослари ва тартибини белгилаш, бу фаолиятдан манфаатдор бўлишлари учун муайян кафолатларни кўзда тутиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби муҳим нормаларни акс эттириш лозимлиги тўғрисида сўз борди.
Мулоқот иштирокчилари аксарият ҳолларда якка тартибдаги тадбиркорлар турли муаммолар қаршисида ёлғиз қолиб кетаётгани, бундай ҳолларда уларга кўмаклашувчи бирор тузилма йўқлиги тўғрисида ҳам гапирдилар. Шу ҳисобга олинган ҳолда ушбу тизим субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувининг олдини олишда кўмак берувчи уюшма ёки бошқа шаклдаги ташкилот тузиш фикри ҳам айтилди.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган муаммолар моҳиятини янада чуқурроқ ўрганиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш мақсадида партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан “Якка тартибдаги тадбиркорликнинг Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида ривожланиш истиқболлари” юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ўтказиш ва унинг натижалари асосида  парламент эшитувини ташкил этиш ҳақидаги таклиф кўпчилик томонидан маъқулланди.
Мулоқот ниҳоясида иштирокчилар якка тадбирдаги тадбиркорликка дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чуқур таҳлил қилиш, соҳанинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида алоҳида қонун лойиҳасини тайёрлаш заруратини ўрганиш ва унинг концепциясини тайёрлаш, шунингдек, мамлакатда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг ташкилий асосларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олишди.
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири
Шуҳрат РАҲИМОВ олган сурат