Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Яна мажбурий обунами?

Яна мажбурий обунами?

Ҳар йил такрорланади бу савол. Дасти узун ташкилот бўлса, ўйлаб-нетиб ўтирмайди. Битта қарор ёки хат билан “оммавий мавсум”га старт берилади. Одамлар ойлигидан воз кечиб бўлсаям, фалон нашрга “ихтиёрий” ёзилади. Бош тортиб кўрсин-чи, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишдан бошқа йўли қолмайди.

Муассисининг ўзи кўмакка муҳтож бўлган газета ё журнал бош муҳаррирининг юраги безиллаб қолган. “Ўзларинг ҳаракат қилинглар, бизнинг ҳам ҳисоб-китобимиз чатоқ, бўлмаса...” Ёпиб қўяқолайлик, дейишдан тийилади зўрға. Негаки, бу ёқда сиёсий-ижтимоий жараёнлар, даврнинг талаби бошқача. Хусусий нашрларнинг йўриғи ўзга. Яна кимга қийин, “марказий” ёки “давлат” деб аталмиш (аслида аксарият нашрларнинг ҳуқуқий мақоми бир хил) газета-журналлар жамоасига-да. Йилнинг боши ва ўртасига боргач, босмахона (улар бор-йўғи иккита) ташвишли хатлар йўллайди. Фалон ойнинг шу кунидан бошлаб харажатлар (доллариям қуриб кетсин) ... фоизга оширилади, вассалом! Ҳисобли дўст айрилмас, бу бозор деганлари дўстни билармиди, яна хомчўт бошланади. Кадрларни қисқартириш керак. Шундоғам иқтидорли, малакали журналист анқонинг уруғига айланаётган бугунги замонда бу каби кутилмаган зарбалар ҳар қандай муҳаррирни эсанкиратиб қўйиши табиий. Нима қилиш керак?

Сирожиддин РАУФ, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири:

– “Шарқ юлдузи”  уч-тўрт минг нусхада босиляпти. Энди тасаввур қилинг, республикамизда қарийб 10 мингга яқин мактаб бор, ҳар бирида она тили билан адабиёт фанидан сабоқ берадиган ўқитувчилар сони камида уч нафардан бўлсаям, жами 30 мингдан ошадими? Ҳисоблайлик, уч минг қаёқда-ю, ўттиз минг қаёқда? Бу аҳволда замонавий адабиётдан дарс ўтадиган устозлар қаердан манба олади? Шундай пайтда “оммавий маданият”ни тарғиб қиладиган нашрлар улоқни олиб кетади-да.

Ижодий учрашувларда кузатдим, респуб­ликадаги мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида камдан кам ҳоллардагина журналимизни кўрдим. Кутубхоналарда олди-қочди мавзудаги газеталар, китоблар турибди. Улар таълим масканларига қандай йўллар билан кириб боряпти, жумбоқми? Мажбурий обунага чек қўйилди, жуда тўғри қарор, лекин бу дегани ўқитувчи-мураббийлар умуман газета-журнал ўқимасин дегани эмас-ку. Аксинча, ихтиёрни ўзларига қўйиб бериш керак, кимдир сиёсатга қизиқади, яна бошқаси адабиётга, биров иқтисодий мавзуларга, марҳамат обуна бўлаверсин.

Шу ўринда журналистнинг машаққатли меҳнатини қадрлаб, унинг меҳнатига алоҳида эътибор ва рағбат кўрсатиб келаётган нуфузли раҳбарларни ҳам эслаш ўринли деб ҳисоб­лаймиз. Кўп йиллар Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаган, ижод аҳлининг қадрдони, чин маънода зиёли раҳбар мақомига эришган раҳматли Нуриддин Зайниев, қолаверса, бугунги кунда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажараётган Эркинжон Турдимовнинг дастлаб навоийлик, кейин эса сурхондарёлик ҳамкасбларимизга кўрсатган қўллаб-қувватлови замирида аслида маънавиятга эҳтиром ётибди, десам муболаға бўлмайди. Бошқа ҳокимлар учун бу каби ҳаётий тажрибалар ибрат эмасми? Бу энди алоҳида мавзу...

Обуна мавсумида таҳририятлар турли идораю вазирлик ва ҳокимликлардан мадад кутиб яшаши керак, деган фикрни айтишдан йироқмиз. Аввало, ижодкор халқ манфаатлари йўлида, ўз ижодий салоҳияти доирасида ҳаракат қилиши кўп кузатилган. Кўпинча журналистлар даврасида ОАВда соғлом рақобат муҳити йўқлиги ва бу айнан обунага жиддий таъсир кўрсатаётгани айтилади.

Газетамизнинг 38-сонида эълон қилинган "МАТБУОТ: Ё ҲАЁТ, Ё МАМОТ!" сарлавҳали мақоладан олинди.
Бизни телеграмдаги @XXIasrofficial каналимизда тезкор ва осон кузатиб боринг.