Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Яна ўша газ, электр ҳақида

Яна ўша газ, электр ҳақида

Мутасадди ташкилотлар Ўзбекистонда энергия ресурсларига бўлган тарифлар кўтарилишини, харажатларнинг ўрнатилган жорий тарифлардан баландлиги билан изоҳламоқда.

Нархи кўтарилиши кутилаётган электр энергияси, газ ва ёқилғи энергияси тарифлари ва уларнинг қандай асосга кўра ошаётгани ҳақидаги маълумотлар билан биргаликда, ушбу секторларда реформалар ўтказиш қанчалар катта аҳамият касб этишини ҳамда “Ўзбекенерго” ҳозирги ҳолатини кўрсатувчи статистика келтирилган бўлиб, унга кўра компания қарзлари 2 миллиард доллардан юқорилиги маълум. Электростанцияларнинг 84% и 50 йил муқаддам ишга туширилган, ва уларни ишлатиш учун кетадиган ёқилғи ҳажми ҳозирги кундаги замонавий станцияларга қараганда 2 маротаба кўпроқдир. Бу электр энергияси ишлаб чиқаришдаги асосий харажат бўлиб қолмоқда. Электр тармоқларининг 62,4% нинг хизмат муддати 30 йилдан юқори. Бундай паст самарадорликка эга бўлган корхона нархларни ҳеч қандай реформаларсиз кўтариши ушбу соҳалардаги муаммоларни судраб юришдан ўзгаси эмас.

Давлат томонидан молиялаштириладиган ушбу секторларда нархлар кўтарилиши, ўтказилиши керак бўлган бир қатор реформаларни енгиллаштиради. Шунчаки нархларнинг оширилиши ечим бўла олмайди.

Бизга маълумки ушбу секторлар монополлашган, барча нархлар давлат томонидан ўрнатилади, бу эса ўз ўрнида ташкилотларнинг ўз харажатларини ошириб кўрсатишга уринишади. Харажатларни ошириш уларга коррупсион даромадларни яшириш, кўтарилган нархларни асослаб беришда қўл келади. Бу асосан «қиммат» харидлар орқали амалга оширилади. Маълумки юқори харажатлар бошқарувнинг нотўғри йўлга қўйилганидан далолат беради.

Ушбу секторларни монополиядан чиқариш долзарб масалалардан бири саналади. Бунга сабаб ушбу ташкилотлар давлат томонидан молиялаштирилишига қарамасдан давлат қарзи ўсиб бораётгани! Бошқарувдаги муаммолар сабаби ҳам бир неча функциялар бир ташкилот, ёки жавобгар шахслар томонидан бажарилади. Корпоратив бошқарувдаги муаммоларнинг ечими демонополизация қилишдадир. Бу секторларда монополиядан чиқариш, авто-саноат ёки шунга ўхшаш бошқа секторлардан бироз фарқ қилади. Уларда божхона орқали рақобатдош маҳсулотлар кириб келишини енгиллаштириш орқали рақобат муҳитини яратиш мумкин, аммо бунда мукаммалроқ чоралар кўрилиши лозим. Айтайлик электр энергияси секторини бир қанча функцияларга бўлиш, «электр энергиясини тармоқларга тақсимлаш», «генерация» ва «чакана савдосини» рақобатдош муҳит шаклланадиган муҳитда йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда энергия тақсимоти табиий монополияда яъни давлат назоратида қолади. Табиий газ секторида ҳам бурғлаш, геологик текширувлар ва қазиб олиш каби жараёнлар ҳам тақсимлаш берилиши бошқарув жараёнини енгиллаштиради.

Хулоса қилиб айтганда энергия ресурсларига ўрнатилган нархлар бунга қадар ҳам кўтарилган (йилига 10%-15%), аммо кўтарилиши кутилётган жорий йилдагиси олдинги йиллардан фарқли ўлароқ махсус тарифлар орқали тўланиши кутилмоқда. Яъни бунда қанчадир белгиланган миқдоргача бўлган энергия истеъмоли учун бир тариф, белгиланган лимитдан ўтган тақдирда бошқача (юқорироқ) тариф бўйича тўланади. Бунда ошган нархлар аҳоли қатлами учун у қадар тўғридан тўғри таъсирга эга бўлмасада юридик шахслар орқали ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Чунки янги тарифлар юридик шахслар учун кескин кўтарилиши, бу эса улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар нархига ва охир оқибат умумий нархлар кўтарилишига олиб келади.

Икки ҳолатда ҳам, яъни реформалар ўтказилганда ҳам, паст самарадорликка эга жорий структура қолганда ҳам нархлар ошиши талаб этилади. Реформаларга сарфланса хизмат сифати, ускуналар ва умуман тизим тубдан яхшиланади. Бунинг учун инвесторларни жалб этиш талаб этилади, улар эса табиийки зарарда ётган, ҳеч бир стратегияга эга бўлмаган корхонага инвестиция қилишни исташмайди.

Агар янги тарифлар реформалар учун кўзланган бўлса бу рақобат муҳитини шакллантирган ҳолда аҳоли умумий турмуш даражасининг яхшиланишига олиб келади. Аксинса секторлардаги эски, мавжуд структурани сақлаб қолиш учун керак бўлса бундан барча ютқизади.

Темур ЭШҚУВАТОВ