Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Янги департамент ташкил этилади

Янги департамент ташкил этилади

Пойтахтимизда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини ўрганиш ва унинг самарали ижро этилишини таъминлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда қарорнинг тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришдаги аҳамияти хусусида сўз юритилди. Таъкидланганидек, эндиликда Миллий ўлчаш эталонлари ва миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишувни (CIPM MRA) имзолаган мамлакатларнинг калибр­лаш сертификатлари мамлакатимизда ҳам ҳеч қандай истисноларсиз тан олинади. Шунингдек, сифат менежменти тизимларини жорий этган ва миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган синов лабораториялардан фойдаланадиган тадбиркорлик субъектларига улар томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг мувофиқлигини декларациялаш йўли билан тасдиқлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармалари тугатилиб, “Ўзстандарт” агентлиги қошида департамент ташкил этилади.

Янги департамент техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунбузилишларининг олдини олиш ва профилактика қилиш, тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга масъул этиб белгиланди. Техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши, ўлчов бирликлари ягоналиги ва ишончлилигини таъминлаш, мажбурий сертификатлаштириш қоидалари талаблари бажарилиши устидан назорат ўрнатиш ҳам Агентлик ҳузурида ташкил этилаётган департаментнинг асосий вазифаларидан биридир.

Давра суҳбатида қарор O‘zLiDeP электорати бўлган тадбиркорлар учун ҳам қатор имтиёз ва имкониятлар яратаётгани таъкидланди. Жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда, уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштириш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари тақдим этилганда, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим хомашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади.

Гулноза БОБОЕВА,

ЎзА мухбири

Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.