Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Янгича усул янгича ишлашни талаб этади

Янгича усул  янгича ишлашни талаб этади

Иш самарадорлигини ошириш, инновацион технологияларни қўллаш,  етиштирилаётган хомашёнинг қайта ишланишини кенгайтириш мақсадида қишлоқ хўжалигида кластер усулини изчиллик билан жорий этишга киришилди. Бу борада Андижонда ҳам талай ишлар амалга оширилмоқда.

Фикримизни Қўрғонтепа туманидаги кластер усулида пахта ҳосили етиштириб, дунё андозалари даражасидаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Khantex Group” масъулияти чекланган жамияти мисолида давом эттирамиз. Мазкур корхона хорижлик ҳамкорлар билан алоқа боғлаб, Германия, Бельгия, Швейцариядан замонавий тўқимачилик дастгоҳлари келтирди. Шу йил сентябрь ойида йигирув фаб­рикаси ишга тушди. Йил охирида  тўқув, 2019 йилнинг биринчи чорагида бўёқ, иккинчи чорагида тикув фаб­рикалари ишга тушади. Пировардида ҳар куни текстиль мажмуасида 30 тонна пахта толаси қайта ишланиб, тайёр маҳсулотга айлантирилади. Мажмуа билан ёнма-ён янги технологиялар асосида пахта заводи қуриляпти, 5 та пахта қабул қилиш пункти талаб даражасида таъмирланиб, жиҳозланяпти.

Корхона барча ишларни кластер усулининг талаб ва қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда режалаштиряпти. Шу йил кўкламдаёқ хориждан келтирилган тракторларга тиркалган сеялкаларда илгаригидек олтмиш ҳамда тўқсон схемаларида эмас, балки 76 схемасида бир ҳафта ичида чигит экилди. Бунда гектарига 131 минг тупгача кўчат ўстириш мумкин. Янги усулнинг қулай томони шундаки, қатор ораларига ишлов бериш унуми икки баробарга ошади. Чуқур чизел ғўза илдизининг яхши ривожланишини таъминлайди. Бу борадаги ишлар хусусида “Khantex Group” МЧЖ таъсисчиси Зокиржон Набижонов шундай дейди:

– Баҳордан бошлаб фермерлар билан кўп бора юзма-юз гаплашдик. Текис униб чиққан ғўза ниҳоллари сифатли парваришланди. Фермер хўжаликларига бўнак маблағи, иш ҳақи ойма-ой етказиб берилгани қишлоқ мулкдорларида янгиликка ишонч уйғотди. Ғўзалар ишловига бирорта ҳам ҳашарчи жалб қилинмади. Кластер таркибидаги “Қуёшли ўлка” фермер хўжалигининг 865 гектар даласида хорижий техникалар синови муваффақиятли ўтди. 8 минг 186 гектар майдонда ғўзанинг ҳосилдор ва тола чиқиши юқори “Андижон-36” нави парвариш қилинди. 19 нафар агрономнинг кунию туни далада ўтди, десам муболаға бўлмайди.

АҚШдан келтирилган “Жон Дир” русумли пахта териш машинаси кунига 180 гектар майдондаги пахтани йиғиб олиш қувватига эга. Эътиборлиси, машина терилган пахтани бир вақтнинг ўзида тойлаб, плёнкага ўрайди. Фермерга фақатгина тойлар ҳисобини олиш қолади, холос. Қўл меҳнатига барҳам берилгани айни муддао.

“Khantex Group” МЧЖ O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши билан доимий ҳамкорлик қилади. Янгиликка, инновацияга иштиёқманд ёшлар, партия фаоллари иштирокидаги тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши бу ерда бошланғич партия ташкилоти тузилишига туртки бўлди. Таъсисчининг ташаббуси билан корхонанинг 20 дан зиёд ходими партия аъзолигига қабул қилингани ҳамкорликни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

– “Khantex Group”да қуйи тузилмамизнинг ташкил этилиши амалиётга татбиқ қилинаётган кластер усулини айнан мана шу бошланғич партия ташкилотимиз аъзолари орқали бошқа тадбиркорлик субъектларида оммалаштириш имконини беради, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази раҳбари Шуҳратбек Бозоров.

Янги усул қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни  жадал жорий этиш, нафақат хомашё етиштириш, балки ундан тайёр маҳсулотлар тайёрлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш имконини яратади. Кластер туфайли фермер хўжаликларининг даромади ошади,   қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси юксалади.

Пахтачилик мисолида оладиган бўлсак, кластер ерни шудгорлаш, чигит экиш, ғўзани парваришлаб, ҳосилни йиғиб-териб олиш, хомашёни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқариш билан боғлиқ корхоналар, хўжаликларни бир мажмуа доирасида бирлаштирувчи тузилмадир. Кластер шарофати билан узвий алоқадор жаб­ҳаларда меҳнат унумдорлиги ошади, ишловчилар учун қулайлик яратилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев клас­тер усулини Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида эътироф этгани бежиз эмас. Дарҳақиқат, хомашё экспортидан тушган даромад қайда-ю,  тайёр маҳсулотларни сотишдан топилган даромад қайда?

“Khantex Group”га қарашли текс­тиль корхоналари ёнида ёғ-мой корхоналари ҳам барпо қилиниши мўлжалланяпти. Ҳозир бир ярим минг киши банд бўлса, иккинчи босқичда яна 1000 нафар киши муқим иш ўрнига эга бўлади. Режага далалар адоғида фермерлар уйлари қад ростлаши ҳам киритилган.

Хуллас, деҳқону фермерлар билан саноатчилар ҳамжиҳатликда тараққиёт сари дадил қадам ташлаяптилар. Кластер усули юртдошларимизни янгича фикрлашга, янгича ишлашга ундаяпти.

Зилола РАҲМОНОВА,

 “XXI asr”   мухбири