Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Йилгўжа қандай таом?

Йилгўжа қандай таом?

           Элас-элас хотирлайман, ҳар гал онам тандир қиздирганда бувим болалик кезларини бир ўкиниш билан ёдга оларди. Биз ҳам бу хотиралардан ўзига хос хулоса чиқарармидик, қайта-қайта эшитишдан безмасдик.

                – Арпа, буғдой – ош, олтин-кумуш – тош, деган гап бекорга айтилмаган. Ўйнаб-куладиган, турмуш ташвишлари, қийинчиликларини билмай ўтадиган кунларимиз, афсуски, очарчилик йилларига тўғри келган. Бир сиқим дон топиш учун далама-дала чопардик. Болалар қорни очлигидан қўлига нима илинса, оғзига солиб кўрарди. Бир сафар тенгқур бола тактак (арпанинг ёввойи тури) еб, қуса-қуса жон берганини эслайман. Ўшанда қишлоқда ваҳима кўтарилиб, болаларни кўчага чиқармай қўйишди. Қиш кириб келгач, фалончининг боласи очдан ўлибди, фалончи кунжара еб шишиб кетибди, деган гаплар кўпайди.

               ...Шундай кунларнинг бирида уйда негадир зерикиб қўшнимизникига чиқдим. Дугонамни чақира-чақира ичкарига кирсам, бир нарсани талашиб, териб еб ўтиришган экан. Эътибор бериб қарасам, жулбароқ (қалин гилам) устига буғдой сочилган экан. Дугонам менга кўзи тушгач, хижолат чеккандек қизариб кетди-да, ўрнидан туриб қарши олди.

              – Халтадан тўкилган экан, териб еб ўтирибмиз-да!

            – Ун қиласизлар, еманглар, қуруқ донни! Ошқозонни оғритади.

Хуллас, болалар донни боягидек еб битиргач, “Яна берсин, опамга айтинг!” деб хархаша қила бошлади-ю, шундагина дугонамнинг хижолати маънисини тушунгандек бўлдим. Болаларнинг очликдан ўлиб қолмаслик чораси тезда қишлоқ бўйлаб тарқалди.

                 Онам раҳматли эса унхалта таги кўриниб қолиши ҳамоноқ йилгўжа тайёрлашга тутинарди.

               ...Ҳақиқатан ҳам, бувим шундай оғир кунларда яшагани учунми, ноннинг қадрига етар, кўчада бир бўлаги кўрсаям кўзларига суриб оларди-да, одам юрмайдиган бирор жойга қўяр ёки йўл-йўлакай учраган ит-мушукками берарди.

              Энам, айниқса, гўжа тайёрлашга жуда уста эди. Ҳозирга қадар сақланиб қолган йилгўжа оши мингйиллар давомида сақланиб келинган удум. Гапнинг бироз чувалашганидан чалғигандирсиз, йилгўжа аслида одамлар кўк­ламда йиғилиб, биргаликда тайёрлайдиган маросим таоми.

            Эрта баҳор кун ўзини қўйиши билан қиру адирларда йилгўжа маросими бошланиб кетади. Қиш­лоқнинг катта дошқозони олиб келинади-да, адирнинг бир чети ковланиб, ўчоқ учун жой ҳозирланади. Дошқозон яхшилаб жойлаштирилиб, тагига олов ёқилади. Ишонсангиз, ҳар сафар кексалар ўт ёқиш учун кўнгли тоза болани топиб келишади. Айтиш­ларича, бунда ҳам катта ҳикмат бор эмиш...

             Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида йилгўжа ҳар хил номланиб, бўлак-бўлак усулда тайёрланади. Бизнинг Бахмал томонларда эса одатда фақат маккажўхоридан тайёрланади. Маккажўхорининг ҳазм бўлиши қийин. Шунинг учун аввал келида обдон туйилади. Кейин сув ёки сут солиб пиширилади, ичига хушбўй ис таратувчи райҳон, шивит сингари кўкатлар солинади. Умуман олганда, айни иликузилди маҳали мана шу овқат пиширилиши ва тарқатилиши замирида ўзига хос ибрат яширин. Бир қозондан ош ейиш халқнинг ҳамжиҳатлиги, аҳиллиги, тотувлиги нишонасидир. Бундан ташқари, болаларнинг йиғилиб, бобо-момолари бошчилигида дастурхон атрофида ўтириши келажакда шу ишлар давом эттирилишидан далолат.

Олимжон ЖУМАБОЕВ