Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЙЎЛИМИЗ БЕХАТАР ВА БЕРАДАР БЎЛСИН!

ЙЎЛИМИЗ БЕХАТАР ВА БЕРАДАР БЎЛСИН!

Балки, бешафқат ўлим фидойи ҳамкасбимиз, серқирра журналист Зиёдулла Мўминовни ҳаётдан бевақт олиб кетмаганида, балки марҳумни сўнгги манзилга кузатиш учун Навоий вилоятига бормаганимизда, эҳтимол... мазкур мақола ёзилармиди?.. Балки, умрнинг бебақо эканидан тағин забун бўлиб, эзгин кайфиятда йўлга чиққан тўрт журналистнинг Тошкентдан то Хатирчига қадар чўзилган сафари чоғида ЙПХ билан боғлиқ кўрган-кечирганлари бошқача бўлганда?.. Начора, бандаси ожиз – ўлим ҳақ. Ҳар неки бор – боиси бор.

Зиёдулла акадан сўнг унинг ўтган умрига назар ташлар эканмиз, у киши ҳаётини шошиб-пишиб яшагандек, ҳаммасига улгуриб қолишга урингандек тасаввур уйғотади. Умрини кўнглидагидек адо этдими, ё йўқ – буниси энди Яратган ва раҳматли Зиёдулла аканинг ўзигагина маълум сир бўлиб қолди. Биз эса ҳаётнинг нечоғлик қисқа эканига, кечагина таҳририятда куйиб-пишиб юрган одамнинг жони бир лаҳзада узилганига ҳали-ҳануз ишона олмаймиз.

Ҳа, азизлар! Умрки, капалак қанот қоқишидек фурсат экан, уни мазмунли қилиш ўзимизга боғлиқ, халқ розилиги йўлида хайрли ишлар бошини тутиб, дуо олмоқлик эса ҳаммамизга насиб қилсин!      

Йўлимиз БЕХАТАР ва БЕРАДАР бўлсин!

Мамлакатимизда хавфсиз ва юқори тезликни таъминлайдиган автомагистраллар барпо этиш керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёев маърузаларининг бирида “2018 йил 2017 йилдан-да оғир йил бўлади”, дея бу йилда кузатилиши мумкин бўлган ислоҳотлар шиддатига ишора берган эди. Дарҳақиқат, шундай бўлаяпти ҳам. Зеро, қаламчани ерга суқиш ва вақти-вақти билан сув қуйиб туришни ҳамма ҳам эплаши мумкин, ниҳолни зарурият туғилса пайванд қилиш, буташ, зараркунандалардан ҳимоя қилиш, лўнда қилиб айтганда, ўзини тутиб кетгунга қадар парваришлаш – қийин, малакаталаб иш. Ана шундай масъулиятни бўйнига олган мутахассиснинг пала-партиш ёхуд “хўжамкўрсин”, “бўлдими – бўлди” қабилида иш тутиши эса биринчи навбатда бўлғуси боғ барпо этилиши кечикаётганини, ҳаммасидан ҳам ачинарлиси, бир йиллик заҳмат ҳавога учганини англатади. Айни манзарани сиёсат тилига кўчирсак, “тараққиёт депсиниши” деган ажойиб бир таъриф келиб чиқади.

Касб тақозосига кўра, турли жойларда бўламиз, одамлар билан мулоқот – ишимизнинг ўта муҳим қисми.  Яшириб нима қилдик, охирги пайтда “Ислоҳотларнинг тагмазмуни пойтахтда қолиб кетаяпти, вилоятларга унинг номигина келаяпти, холос. Айримлар ўзгаришларни ўзларига хослаб ва мослаб олаяптилар” йўсинидаги олақуроқ гаплар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлди. Таҳририятга келаётган мурожаатларнинг маълум қисмида ҳам худди шундай иддао зоҳир экани, тўғри маънода, кўнгилни хижил қилади. Албатта, холис танқид ва “шув-шув” илинжидаги қўштирноқ ичидаги танқиднинг орасида Буюк Хитой девори туради. Аммо...

“Тирик” радар

Ҳаммамизга яхши маълумки, ўтган йилнинг 15 мартидан эътиборан Тошкент шаҳридаги аксарият чорраҳаларда махсус видеокамералар ўрнатилиб, уларнинг ёрдамида қоидабузарликни аниқлаш тизими йўлга қўйилди. Инчунин, белгиланган тезликни меъёридан оширганларни автомат тарзда қайд қиладиган фоторадар қурилмалари ҳам ўрнатилди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан амалга оширилган бу ёндашув ўз самарасини бериб, қисқа вақтда қоидабузарлар сони кескин камайди. Чорраҳалардаги бурунгидек узоқ тирбандликларнинг олди олинмоқда. Муҳими, автоуловлар қатновида тартиб юзага келди. Бу ўзгариш ортидан пойтахтимиз кўчаларида янги йўл белгилари пайдо бўлди.  Мана буниси ўшалардан бири:

Кўпчилик яхши биладики, бу йўл белгиси олдинда автоматлаштирилган фоторадар борлигидан огоҳлантиради. Яъни, бу ерда инсон омили йўқ. Тезликни белгиланган меъёрдан оширсангиз, ускуна автомашинани суратга олади ва марказий маълумотлар базасига йўллайди. У ердан эса... Хуллас, уч кун ўтмаёқ уйингизга “қиммат конверт” келиб турибди-да!
Бунга-ку кўз ўрганиб бўлди, яқинда эса яна бир янгиси пайдо бўлди: 


Кўриб турибсизки, пойтахтимизнинг Ислом Каримов кўчасида ўрнатилган ушбу йўл белгиси шаклига кўра аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Унга қўшимча равишда лотин ҳарфларида “RADAR” деб ёзиб қўйилган. Яъниким, тезлик 50 км/соат этиб белгиланган бу кўчада ҳаддингиздан ошсангиз, автоматлаштирилган фоторадар ўрнига ЙПХ ходимлари махсус жиҳозланган – хизмат машиналарига ўрнатилган радар аппарати ёрдамида сизни “кутиб олиши” мумкин.

Демак, тушунарли. Тошкент шаҳар ЙПХББ ишга ҳақиқий профессионалларча ёндашяпти. Офарин!  Биз сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун икки кун мобайнида журналистик кузатуви амалга оширдик. Дарҳақиқат ЙПХ ходимлари айнан мана шундай белги чегарасида фаолият олиб боришяпти. Белги ўрнатилмаган жойда “ов қилиш”, яшириниш, хизмат автомашинасини шох-шаббалар билан беркитиш каби ҳолатларни учратмадик. Тасанно! Буни – шаффоф жамиятнинг нишоналаридан бири десак асло муболаға эмас.

Ҳайдовчилар билан суҳбатларда аён бўлдики, мазкур йўл белгисини ҳатто баъзилар “тирик радар” деб номлаб ҳам бўлишибди. Саволчан нигоҳимизга эса қуйидагича жавоб беришди: “Бу йўл белгиси роботлашган қурилма ўрнига тирик одамлар, яъни ЙПХ ходимлари радар тутиб турганини англатади”, дейишди содда қилиб.

Пойтахтнинг шовқинли ҳаётида қайнаб-жўшиб ишга бориб келаркансиз, ҳаммаси рисоладагидек экани кишига ўз-ўзидан қониқиш, масрурлик бағишламай қолмайди. Бироқ азим шаҳардан четга чиқиш ҳам бор-ку...

“Яшил қўзиқорин”

...Хуллас, Хатирчигача йўл олис. Узоқ йўлни эса гурунг қаритади. Тошкентдан чиққанимиз ҳамоно янгитдан ўрнатилган фоторадарга дуч келдик.

—    Бизнинг депутат айтган радар шу-да, – дейди орқа ўриндиқда ўтирган ҳамкасбимиз.

Чиндан, парламент қуйи палатасига O‘zLiDePдан сайланган Расул Кушербаев 24 май куни ўзининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хушхабар билан бўлишган – янгийўллик ота-оналарнинг илтимосига кўра, Тошкент вилояти ИИБга депутатлик мурожаати билан чиққанини, мутасадди раҳбарлар эса бефарқ бўлмасдан, халқаро аҳамиятга эга М-39 “Олмаота-Бишкек-Тошкет-Шаҳрисабз-Термиз” автомобиль йўлининг 838-839 километри оралиғида автомобиллар тезлигини фото ва видео қайд этиш ускуналарини ўрнатиб беришганини маълум қилган эди.

Қисқаси, машинамиз Тошкент вилояти бағрини тилган катта йўлдан еларкан, огоҳлантириш йўл белгиларига тўлиқ амал қилиб борардик. Сирдарё вилоятига кирганимиз ҳамоно қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган автоуловлар шоирона айтганда, “қош қоқиб”, олд чироқларини липпилата бошлади.

–        Тезликни пайсайтиринг, қаердадир радар бор, – деди сафардошларимиздан бири.

Ҳа, йўлнинг қайсидир кунжагида ЙПХ ходими беркиниб, суратга олаётир. Аммо қаерда? Қани огоҳлантириш белгиси?

Бирор беш чақиримча юрилгач, кўча ёқасида ИИБ хизмат автомашинаси кўриниш берди. Икки ЙПХ ходими ғиз-ғиз ўтаётган автомашиналар рақамларига ўлжасини пойлаётган лочиндек тикилади.

Хайрият, биз тушмабмиз. Буёғига, англаганингиздек, юрак ҳовучланган.

Сирдарё ортда қолади – Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидамиз.

Шу жойда қизиқ бир ҳолатга эътиборингизни тортсак. Йўл четидаги устунда автоматлаштирилган фото-видео радар ўрнатилгани ҳақида белги бор-у, қанча юрманг, ундай аппаратнинг ўзи йўқ. Янаям ажабланарлиси, бу йўл белгиси ҳудуднинг қаеригача амал қилади, нега кузатув ҳудуди тугаганини билдирадиган йўл белгиси йўқ? Бу ёғини сўрасангиз, аҳоли яшаш пункти ҳам эмас. Демак, тезликни соатига 70 километрдан ошириш мумкин, лекин асло 100 километр соатдан эмас. Не дейсизки, “қош қоқиш”лар муттасил давом этиб келаётир.

Бир пайт тўсатдан ЙПХ нозири катта магистраль ўртасига отилиб чиқди. Тасаввур қилишингиз осон бўлиши учун шундай тушунтирамиз: автоуловлар қатнови зич, улар йўлда мисоли кучли селдай оқаяпти, бундай пайтда ўз ҳаётини хавф остига қўйиш, жуда таваккал иш. Хўш, бу юмуш қайси домангирнинг қўлидан келади? Албатта, ЙПХ азаматининг-да!

Маълумот келтирамиз: яқинда Пайариқ туманида мудҳиш йўл транспорт ҳодисаси юз берди. “Дамас” бошқарувидаги ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб юборган. Расмий баёнга кўра, ҳайдовчи рулда уяли алоқа воситасидан фойдаланиб келаётган экан. Биз Самарқандда бўларканмиз, маҳаллий аҳолидан бу ҳақда ҳам сўрадик. Воқеа гувоҳларининг айтишича, ЙПХ ходими қўққисдан йўлга отилиб чиқиши туфайли мазкур фожеа юз берган.

Рулни жон ҳолатда буришга тўғри келди. Ёнимизда ҳаракатланаётган автомашина паровоз янглиғ узундан-узоқ сигнал берди. Бунга қаноат қилмаган ҳайдовчиси ортдан қувиб келиб, ғазаб тупукларини сочди: “Эй, нимага бунча ҳовлиқасан, ёнбошингга қарамайсанми, йўлдан чиққан “яшил қўзиқорин”ни энди кўряпсанми?!”

Халқ топиб, қопиб айтади. Шу ўринда масъум болалик хотиралари қўзғайди. Момоқалдироқ гумбурлаши ортидан оёқларимиз остидан қўзиқоринлар потирлаб чиқар, бизлар эса уларни тергилаб, аввалги йилдан қолган шувоқ пояларини ёқиб, муваққат оловда тансиқ таом пиширар эдик. Ғўр эдик, чўпон эдик ўша пайтлар...

ЙПХ ходимининг айни ҳаракати ҳам қўзиқорин чиқишига муқояса эдиким, на куласиз, на йиғлайсиз!

Мушоҳада қилайлик. Катта магистралга портиллаб чиққан ЙПХ ходимига жони азиз эмасми? Албатта, азиз! Аммо унинг зиммасида оддий ҳайдовчилар билмас сирли бир топшириқ борки, таваккал қилишга... м а ж б у р. Унинг айнан қандай топшириқ эканини эса тахмин қилишимизгина мумкин, холос. Дейлик, қоидани бузган автомашина суратга туширилди. Далил бор! Хўш, уни тегишли манзил бўйича жўнатиб юборишга нима тўсқинлик қилади? Гап жарима ундиришга қолган бўлса, ҳайдовчи уйига келган “қиммат конверт”ни олгани заҳоти маъмурий амалиёт бўлимига бориб жаримани тўлайди-ку. Али Хўжа – Хўжа Али.

Мавзуга доир:

ЙПХга яқин манбаларимизнинг айтишича, ходимлар ҳар куни раҳбарларидан “план” олиб кўчага чиқишади. У қанақа “план” дейсизми? Масалан, бир кунда камида ўнта маъмурий баённмомани тўлдириши шарт! 5 таси – хавфсизлик камарини тақмаганлик учун, яна 5 таси – бошқа қоидабузарликлар учун! Энди ўзимизга савол берайлик: ҳаракат хавфсизлиги поспони бисмиллони нимадан бошлайди? Нима қилиб бўлса ҳам “план”ни бажариш пайида бўлади. Бажармай ҳам кўрсин-чи, ё маоши, ё амали!...

***

Булунғур бошланибоқ таниш белгига кўзимиз тушади. Симёғочлардаги қутичаларни санай бошлаймиз: бир, икки, уч... Шу тобда улардан кимдир қизил гавҳарли кўзи билан боқиб тургандек тасаввур уйғотади. Бироқ афанди ишлар бу ерда ҳам бор. Мутасаддилар ҳамма радарларга биратўла битта белги етади, деб ҳисоблашган чоғи. Огоҳ қилганмизми, қилганмиз! Ҳар бирига алоҳида дейсизми? Унақа нағмаларингизни бориб Тошкенжонга қиласиз!

Хўп, майли. 
            Навбатда Жомбой тумани. Бу ерда бизнинг ўрнимизга суратлар сўзлай қолсин. 


Сухмон МФЙ ҳудудидаги радар. Огоҳлантириш белгиси мавжуд. Мана у:









Бу Назар МФЙ ҳудудига ўрнатилган радар. Юз метрдан сўнг тумандаги Шайман деҳқон бозори келади. Радар ўрнатилгани ҳақида ҳеч қаерда огоҳлантирилмаган. Кейин радарни шу тартибда ўрнатиш мумкинми йўқ – бу ҳам сўроқ остида...



Бу Зарафшон МФЙ ҳудудида. Огоҳлантириш белгиси йўқ.

“Группани чақир, группани!”

...Каттақўрғонга келганимизда қуёш ғарбга ёнбошлаган, биз таъзияга улгуришимиз керак эди. Яна белги йўқ, яна симёғочлардан мўралаган қутичалар.

Гарчи тахминий манзил аниқ бўлса-да, адашиб кетмаслик учун салқин ичимликлар сотаётган дўкон олдига тўхтадик.

–        Мирбозордан ўнгга қайрилиб кетасизлар, – деди сотувчи.

–        Раҳмат, ишқилиб жанозага улгурармиканмиз, йўлларда эса бунча радар кўп. Билмайсизми, яна қаерларда бор?

Сотувчи жавоб бериш олдидан шарақлаб кулиб юборди.

–        Меҳмонсизлар-да, билмайсизлар. Бу симёғочлардаги радарларнинг айримлари сохта. Қутичани ўзи, холос...

Ё тавба, илгарилари ЙПХ ходимларининг ҳайдовчиларни чув тушириш мақсадидаги турли хил ҳийлалари ҳақида эшитардигу, бунақасини... Қойилмисиз?! Гап қаёққа кетаётганини сезгандирсиз? Йўл белгиси ўрнатилмаган деб эътироз билдирсангиз, бу радар эмас деган жавоб ҳам тайёр-да!

Кузатамиз. Сотувчининг гапи тўғрига ўхшайди: бошқа машиналар “қутичалар”га асло парво қилмаяпти.

Ана, ён тарафимиздан икки машина юқори тезликда қувиб ўтди. Кўримсизгина автобус бекати ичкарисидан ногоҳ чиққан ЙПХ ходими бизга тўхташ ишорасини берди. 

–        Ҳурматли ҳайдовчи, марҳамат ҳужжатларингизни тақдим қилинг. Тезликни оширдингиз.

Беихтиёр, сурхонлик такси ҳайдовчисининг таассуф-ла айтган гаплари ёдга тушади: “Деҳқонобод (Қашқадарё)да ғалати ишлар бўлади. Кўп эътибор берганман. Радар қурғурга ҳеч “70” (бу жойда давлат рақами Қашқадарё вилоятига тегишли экани айтилмоқда – таҳририят) тушмайди. Қўлга тушган нуқул “75”у бошқа вилоятликлар”.

Аммо биз Қаттақўрғондамиз. Яхши гумонда бўламиз. Шунчаки, айни вазиятни омадсизликка йўйиб қўямиз.

–        Камандир, узр, мусулмончилик – таъзияга шошаётган эдик, шунга...

–        Хўп, ҳужжатларингизни тақдим қилинг-чи.

Чиқмаган жондан умид. Ҳайдовчилик гувоҳномаси, техпаспорт, суғурта, ишончнома кўрсатилади.

ЙПХ ходими бекат биқинига яширилган “Ласетти”га ўтира солиб, баённома тўлдира бошлайди. Шаштидан кўриниб турибдики, барибир жаримага тортади. Нима ҳам қилардик, қоидани буздик. Шошма-чи, назаримизда, тезлик меъёрида эди-ёв, текшириб кўрайлик-чи?

–        Расмини кўрсатинг!

Қараймиз, соатига 70 километр белгиланган жойда 78 тезликда тушибмиз. Қоида бўйича 75 тезликкача рухсат этилади. Демак, тезлигимиз соатига уч километрга ошган. Алам қиларкан. Шубҳа қурғур барибир тинч қўймайди. Рулда ўтирган ЙПХ ходимига юзланамиз.

–        Марҳамат қилиб, сиз ҳам аввал бизга ўзингизни таништириб,тегишли ҳужжатларни тақдим қилсангиз?

–        Жетонимни кўрмаяпсизми?

–        Жетон ҳужжат эмас. Кейин, ҳудуд радар кузатувида экани тўғрисидаги белгини кўрмадик, яна-тағин радарнинг синовдан ўтганлиги ва қайси муддатгача амал қилиши ҳақидаги сертификатни ҳам кўрсатинг. Радар алоҳида жиҳоз. Унинг сизга бириктирилганини ҳам билишимиз керак.

–        Сиз кимсиз, ўзи?!.

Можаро шу ерда бошланади. Нозир аввалига журналистик гувоҳномани олиб қўйиб, тегишли органларга юбориш билан таҳдид қилади. Қизиқ, ўзи ҳужжат сўраяпти, кейин қўлдан юлқиб олиб, пўписа қилишга ўтди. Биз Ўзбекистон қонунчилигида журналист эканини ифодалайдиган ҳужжат кўрсатгани учунгина жавобгарликка тортилиш ҳақида ўқимаганмиз. Шу учун кўнгил тўқ эди. Лекин навбатдагиси шу қадар бўлдики, эшитса қўрққанидан илон ҳам пўст ташлаб юборса керак. ЙПХ ходими бизни хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилишда айблади, шеригига қарата:

–        Группани чақир, группани, – деди томоқ йиртгудек бўлиб.

Куласизми, куясизми, бу ёғи ўзингизга ҳавола. Бу жойда ходим нақ мўлжалга урди-ёв. Ахир “группа”ни эшитгани ҳамоно унча-мунча одамнинг ранги сомон бўлиб қолади-я. Хўш, биз нима “жиноят” қилдикки, чўчисак. Бу ёғи яна тортишув. Ходим сертификатни кўрсатган кишим бўлади. Бошқа саволларимиз эса жавобсиз қолаверади.

–        Икки бекат нарида бошқармамиз жойлашган. Керакли маълумотларни ўша ерга бориб сўрайверинг, улар жавоб беришади. Мен эса ишлашим керак, – дея гапни чўрт кесади.

Баракалла, нозир! Бошида шошаётганимизни бекор айтибмиз-да, аттанг, минг аттанг. Сизни устингиздан арз қилгунимизча, таъзия ҳам тугаб бўлади. Инсоний бурчимиз адо этилмагани ортидан эса виждон азоби бир умр таъқиб қилади. Мавриди келгани учун айтамиз: биз қонун устуворлигига асосланган шаффоф жамият қуришга интиляпмиз, ўрта асрларда, бундай ўзи билганча иш тутадиганларни йўлтўсар-қароқчи дейишган, лекин биз XXI асрда яшаяпмиз. Ўрта асрлардаги ҳолат ҳамонки мавжуд экан... ҳай, майли.

Хуллас, ноилож қоламиз. Баённома тўлдирилади.

Охиридаги иддао эса ўлганнинг устига тепган бўлади: “Агар муомала қилганларингда, “реме-пемен” ёзиб берардик...”

***

Бу ёғига ҳикоямизни давом эттирмаймиз. Сезиб турибсизки, ярим тун бўлса-да, ортга қайтишда ҳам айни машмашаларга бой манзаралардан юрак пўкиллай-пўкиллай, хавотиру алағдалар ичида бўлган.   

Шу ўринда айрим оғриқли саволлар ҳаммамизни-да қийнайди.

Ҳеч кузатганмисиз, нега ҳайдовчилар ЙПХ ходими билан суҳбатда тезда асабийлашиб кетади?

Нега ўзимиз гувоҳи бўлган воқеадаги каби ЙПХ ходимлари пўписанинг турли вариантлари билан қўрқитишади?

Нега шунча ёзилгани, айтилгани билан вилоятларда ЙПХ ходимлари иштирокида “йўл қароқчилиги” давом этаётир?

Нега вазият пойтахтда бошқа-ю, вилоятларда бошқача?

Бундай саволлар урчиб кетаётгани нимани англатади?

Халқ кўп нарса талаб қилаётгани йўқ. Марҳамат, йўл белгиларини тўғри ўрнатинг, низом талабларидан чиқманг, кейин бемалол фаолият юритинг-чи, ким нима деркин?..

Биз сарлавҳани бежиз бундай танламадик. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида кўрсатиб ўтилган вазифалар, ҳеч шубҳасизки, яқин тараққиётимизнинг “йўл хариталари”дир. Уларни асло кечиктирмасдан ўз вақтида адо этсаккина, кўзлаган мақсадимизга эришишимиз мумкин. Аммо биргина сафаримиз мобайнида ЙПХ билан боғлиқ кўрган кечирганларимиз, негадир ерга қаламчани суқишу ва ўз ҳолига ташлаб қўйишдек иштибоҳни уйғотдиким, не дейишни ҳам билмайсан киши.

Ўйлаб кўрайлик, бу каби муаммолар ривожланиш йўлидаги тушовлар эмасмикан? Бу каби кўнгилсизликлар учрайверар экан, биз маррага ета оламизми? Ё, беш йилда қилиниши керак бўлган ишни ўн йилда қиламизми?

Шу ўринда яна бир аччиқ ҳақиқатни айтиб ўтишимиз жоиз. Мақолани ўқир экансиз, ҳамма айб ЙПХ ходимларидами, ахир улар ҳам зиммаларидаги белгиланган хизмат вазифасини бажаришаяпти-ку, деган ҳақли савол туғилади. Шу жойда асл моҳият юзага қалқиб чиқади. Бугунги одамлар кечаги эмас – замон шиддати сония сайин ошиб бораётир. Тезлик фаолиятга кўчди. Энди шунга жавоб тариқасида замонавий магистрал (жаҳон тажрибасида пуллик йўллар доим ўзини оқлаб келмоқда) ҳам керак! Юртимиз ҳудудида вена қонтомирлари янглиғ бўртиб турган М-39 ва М-37 йўлларининг бугунги ҳолати эса талабга жавоб бермайди, десак  айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бу йўлларга аҳоли уйлари шу қадар яқинки, ҳар километрига радар қўйганингиз билан муаммо ечим топмайди. Бу ишлар, бошда айтганимиздек, пойтахтда жадал суръатда давом этаётир. Яқиндагина Президент матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳадан аён бўлаяптики, янги қурилаётган йўл Тошкет шаҳридан Чорвоққача бўлган масофани 22 чақиримга қисқартиради. Бу сайёҳлар учун, ўзбек туризми ривожи учун қилинаётган улуғ иш. Бироқ, биламизки, сайёҳларнинг аксарияти М-39 ва М-37 халқаро йўлларидан ўтади. Юқоридаги каби муаммоли ҳолатлар бартараф этилмас экан, пойтахтдан Самарқанд ва Бухоро каби қадимий ва йирик шаҳарларимизга элтадиган, хавфсиз ва юқори тезликни таъминлайдиган чинакам автомагистрал қурилмас экан, олдинга силжиш ўрнига депсиниб тураверамиз.  

Яхши ният – ярим мол. Ёнверимизга боқсак, улуғ мақсадга йўғрилган йўлнинг қарийб ярмига ҳам етай деб қолибмиз. Нима ҳам дердик: бу ёғига йўлимиз бехатар (берадар) бўлсин!..

                                                                                                                                                                                        Аслиддин АЛИМАРДОНОВ,

                                                                                                                                                                                                 “XXI asr”  махсус мухбири.

                                                                                                                                                                                     Тошкент — Хатирчи — Тошкент