Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Йўллар очилди – кўнгиллар очилди

Йўллар очилди – кўнгиллар очилди

          Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти Ашт ноҳиясида ижодий сафарда бўлиб қайтган мухбиримиз репортажи

        – Отам Пунукдан, онам чустлик, ўзим бўлса попликман!

88 ёшли Жўрахон отанинг жумбоқли гапидан ҳам кўра бир гапириб ўн кулиши эътиборни тортади:

– Ҳув ана, бизнинг қишлоқ! – дейди  тоғлар бағридаги гўшага ишора қилиб. –  Қани юринг, биродар,  кампир зардоли данагини чаққунча,  Пунукда  бўламиз.

        Попнинг Пунгонида, Ўзбекистон билан Тожикистоннинг чегара постида турибмиз.   Қўшни мамлакатга ўтиш учун навбат кутаётганлар бошига Чуст дўппи қўндирган  нуронийга йўл беришади. Ота икки мамлакат раҳбарининг шодон қўл беришиб турган  сурати қаршисида туриб, падари бузруквори, онаси,  ака-опаларининг қабрини зиёрат этиш, қариндошларни йўқлаш учун виза олиш илинжида  пойтахт  ва Поп орасида бўзчи мокисидек қатнагани,  бир қадамлик ота юртига  ўтолмай, изига қайтган   кунларини эслайди.

    Ҳартугул Президентимиз ташаббуси билан бу йўллар очилди. Катта трассадан ўнгга қайриламиз. Дашт узра ўрлаган йўл сўлим қишлоққа элтади.  Бир хонадон олдида тўхташимиз билан  эшик очилиб, ўрта ёшли йигит чиқди ва отани бағрига босди. Ичкарида  саксонни қоралаган онахон ҳамроҳимнинг елкасидан олиб кўришди. Гоҳ ўзбек, гоҳ тожикча гурунг бошланди. Дастурхон атрофи мезбонга тўлди.

     – Бу Идинисо, Умринисо холамнинг набираси, ҳам қудамиз, – дея онахонни таништирди Жўра ота. – Уч ўғил, тўрт қизнинг онаси. Кенжа қизлари Ҳабибахон Муроджонимга тушган... 

     Холанинг тўнғичи – Раҳматали қишлоғимизни кўрсатай, дея йўл бошлади. Айтишича, Пунук Суғд вилояти Ашт ноҳиясининг йирик қишлоқларидан. Бир-бирига туташ Сарвак, Навбунёд, Сариҳовуз, Ғож, Даҳана қишлоқлари  Пунук жамоатига бирлашган.    Масжид рўпарасидаги ҳовлига кирдик.

      – Бу мен туғилиб ўсган уй, – дейди отахон оғир хўрсиниб. – Биздан кейин Иброҳимжон акага қолган. Кейин у кишининг ўғли Зокиржон яшади. Бир йили келсам, шу йигит олдимга бир даста пул қўйиб: “Уй-жойингиз ҳақини тўлолмагандик, шуни олиб қўясиз”, деса бўладими?! Жуда таъсирланиб кетдим.

   – Ўтганлар қатори менинг ота-онам ҳақига Қуръон тиловат қилиб турасизларми?, – дедим. – Бўлмасам-чи, шу ерда фарзандларим вояга етяпти, бир умр руҳларини шод этсам-да камлик қилади, – деб жавоб берди Зокиржон. Кўзларим тўла ёш билан:

– Мингдан минг розиман, баҳузур яшайверинг­лар, – дедим.

Зокиржондан кейин бу уй ўғли Розиқжонга қолди. Тижорат илмини обдон эгаллаган тадбиркор йигит эди раҳматли. Эндиликда у бош­лаган ишларни фарзандларини ёнига олиб, келин давом эттиряпти... 

Ота тиловат қилгач, яна хотираларга берилди:

– Бу уйлар кейин қурилибди. Тоққа туташ пастак гувала уйларимиз бўларди. Эсимдан чиқмайди, адир оша келаётган туя томимизга чиқиб кетибди-да. Туёғи шифтни тешганидан устимизга шувиллаб тупроқ тўкилди. Чустдан  Тошхўжа эшон келганларида отам у кишини сандиққа яширганлари ҳамон кўз олдимда. Дину ислом қатағонга учраган оғир йиллар эди-да... Пастда оғил, сомонхонамиз бўларди. Бу ерда қишда яшаб, ёз келди дегунча тепага Толонакдаги боғимизга кўчардик...

Ҳа, Мулла  Илмиддин Жалил ўғли  Пунукнинг ер-мулкли, зиёли инсонларидан  эди. У чустлик Қутбинисо мулла Усмон қизига уйланиб, тўрт фарзанд кўрди: Машариф, Оқилабиби, Тўхтарбой, Жўрахон... Фарзандлари камолини кўриш эр-хотинга насиб этмади. Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан икки йилча аввал Мулла Илмиддин  63 ёшида, урушнинг иккинчи йили эса Қутбинисо 52 ёшида вафот этди.  Ўн бирга етмаган Жўрахон опаси Оқилабиби қўлида қолди. Оқилабиби Чодакдан келган Умрзоқ деган йигит билан умрини боғлади.  Уруш даврлари. Бир бурда  нон анқога шафе. Тирикчилик тошдан қаттиқ. Умрзоқ хотини ва Жўрахонни эргаштириб, акаси Қаюмни қора тортиб, Қўқонга келди. Акасига қарашиб юрди. Попда Умрзоқнинг аммаси Хумор яшарди. Шаҳарга келиб-кетиб турадиган ҳамқишлоқларидан жиянининг аҳволи-рў­йини  эшитиб, Умрзоқни оиласи билан Попга чорлади. Жўрахон ҳам улар билан келди. Умрзоқ билан Оқилабиби икки фарзанд кўришди. Иккиси ҳам турмагач, Жўрахонни фарзандликка олиб, вояга етказишди. Оқилабиби ширмойи  нонлар ёпар, Жўрахон уларни бозорга олиб чиқиб сотарди...

 

“НЕКСИЯ”ГА АЛИШМАЙМАН БОШОҒИМНИ”

– Жўрахон ота, пойдевор тагидан бошоқ топиб олгандим, дегандингиз, – сўрайман отадан.

– Ҳа.., – жилмаяди ота, – ўша бошоқ худди мана шу ердан чиққан, – кўча эшиги ёнбошидаги гулзорга ишора қилади. – Бунда меҳмонхонамиз бўларди.  Тонг отаргача жомийхонлигу навоийхонликлар ўтарди. Бўйим чўзилиб қолган пайтларим. Зокиржон раҳматли ҳамма уйларни бузиб янгилабди-ю, шунга келганда кўнгли бўлмабди. Бир куни келсам, шу уй ўрнига  дарвозахона қуришим керак, лекин кетмон солишга ҳеч ботинолмаяпман, деб қолди.  Акамнинг ўғли Абдуллага айтсам, “Э, ўзимиз бузиб оламиз, жиянларингизга атаб уй соляпман. Бутун ёғочларни шу янги уйга ишлатворамиз”, деди. Буздик. Эски усталар ишининг пишиқлигига қаранг. Ерни бир қулоч  ўйиб, харсанг тошлар териб чиқишган экан. Уларни кўчираётганимизда сарғайиб кетган қоғозга ўроғлиқ бир нарса чиқди. Тамакининг ҳиди келади.  (Кейин билсам, қурт-қумурсқадан сақлаш учун қоғозни атайин тамаки сувига бўктиришган экан).  Очиб не кўз билан кўрайки, буғдой бошоғи! Бўлиқ, селкиллаб турган бошоқ!

Қайтадан ўраб, чўнтакка солдим. Попга қайтиб, ҳовлидаги бир бўйрача жойга уни  сеп­дим. Баҳорда  бир ҳосил қилса денг!  Одатий буғдой бошоқларидан бўлиқ, дони ҳам икки-уч ҳисса кўп. Ўриб, селгитиб, раҳматли кампирим билан қўлда бошоқладик. Роса бир қоп чирсиллама   буғдой чиқса-я!  Худонинг бергани шу-да. Бунинг  устига марғузорлик фермер ошнам келиб қолди. Донни кўриб, ҳайратга тушди. “Ғаройиб эканми, дониям бошқача-я!”, деди. Кетаётиб, “Менга озроқ  беринг, экиб кўрай”, деди. Бир пақирча бердим. Келаси йили фермер уч  қоп буғдой олиб келди. Эмишки, ўша бир пақир буғдойдан ўн қоп ҳосил чиқибди. Эшитиб Чуст, Наманган, Фарғонадан келишди... Ишбилармонлардан бири: “Шу буғдойни бизга беринг, мана яп-янги “Нексия” сизга”, дейди.  “Нима қиласиз?” десам, “Буёғини бизга қўйиб беринг”, дейди.  Унамадим. Ғаройиб буғдойдан намуна олиб уруғчилик идоралари эшигини қоқдим, илмий тадқиқот институтларига  бордим, селекционер олимлар билан учрашдим. Униси у деди, буниси бу... Йўл беришмади. Аммо буғдой қўлма-қўл бўлиб водий, ҳатто Тошкенту Қашқадарёнинг айрим  фермер хўжаликларида ҳали ҳануз экиляпти. Эккан борки, барака топяпти. Баъзилари ҳар йили ёзда беш-олти қопдан ташлаб  кетишади. Уларни эътиборга муҳтож, етим-есирлари бор оилаларга улашаман...

Йўл-йўлакай ота билан у кишининг таниш-билишлариникига кириб, дийдорлашиб чиқамиз.

– Телевизорда Ўзбекистон телеканалларининг деярли ҳаммасини кўрамиз, – дейди Хўжанд давлат  университети ўқитувчиси  Одилжон Солижонов. – Янгиликлардан, фидойи юртбошингиз раҳнамолигидаги ислоҳотлардан хабардормиз. Айниқса, у кишининг қўшни давлатлар билан алоқани тиклагани, дўстлик  ришталарини боғлагани  тарихий иш бўлди.

 

ЧУСТНИ БИР КЎРСАМ ЭДИ...

Сўнг Мулла Илмиддин ота билан Қутбинисо она хилхоналарини зиёрат қилдик. Хилхона қишлоқ тепасидаги тоғ ёнбағрида, Пунуксой, сойнинг ҳар икки ёқасига жойлашган Пунук қишлоғи кафтдагидек кўриниб туради.

– Онам жонлари узилаётиб, Чустни бир кўрсам армоним йўқ эди, деган эди, – маъюс тортади Жўрахон ота. – Менга оналик ва опалик қилган Оқилабиби 1987 йилда вафот этаётиб, мени онамнинг ёнига олиб боринглар, деганди. Шу ерга келтириб қўйдик. Мана... отамнинг ёнларида  она-бола ётишибди. Худойим раҳмат қилсин уларни...

Жўра ота пинакка кетгач, қариндошлари Иқболжон менга боғини кўрсатмоқчи бўлди.

 – Раҳматли бобомиз (Жўрахон отанинг отаси) боғбонликка ишқибоз бўлган экан, – дейди у. – Етти жойда боғ яратган экан.  Шулардан бири биз ака-укаларга мерос. Уч гектар эди,  тошқин бир қисмини олиб кетди...

Боғнинг этагидаги  уйларнинг бирида  Иқболжон, бирида укаси Азимжон    яшайди. Ҳовли саҳнига турфа гуллар, мевали, манзарали  кўчатлар экилган. Қатор ораларидаги картошка яшнаб ётибди. Помидор, булғор қалампири, бақлажон, сабзи, пиёз...

– Ўзбекистонда  ҳар қарич ердан унумли фойдаланасизлар, – дейди у. – Иссиқхоналарда етиштирилган помидор, бодринг, қулупнайлар ҳавасни келтиради. Сизлардан ибрат олиб, мен ҳам иссиқхона ташкил этсамми,  деб турибман. 

Ортимизга қайтамиз. Меҳмонхона қариндош-уруғ билан тўла. Ҳазил-мутойиба авжида:

– Бизнинг Ашт ноҳиямиз  ўзининг темирчи усталари билан донг таратган, – дейди мезбонлардан бири. – Ўзбекистонда темирчи уруғи борки,  суриштирсангиз ота ё бобоси аштлик бўлиб чиқади. Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг отаси ҳам аштлик бўлган. Ҳунари орқасидан Фарғона қишлоқларида яшаб, элга хизмат қилган...

– Сиз уни айтасиз, қайси куни марказга чиқсам, икки кишининг гурунги қулоғимга чалинди, – суҳбатни тортади бошқаси, – Биродар, Америкада аштлик темирчилар бормикан, деб бири сўраса, иккинчиси нима дейди денг?

– Хўш? – ҳамма унинг оғзига тикилади.

– Унисини билмадиму,  аммо Аргентинада  бор деб қуйидаги ҳикояни айтди: “Бир киши Аргентинага   бориб бозордан тарвуз олибди. Қараса, тарвуз ичидан  тақ-туқ овоз келаётган эмиш. Тарвузни ёрса, иккита одаммишу, бириси босқон босиб, бириси қўлидаги болғаси билан ўзи ясаган кетмонга ишлов бераётганмиш. “Қаерликсизлар?”, дебди ҳалиги киши. “Мен Аштданман”, дебди болға ушлагани, “шогирдим   эса Пунукдан!”.

Кулги авж олади.

Уч кун деганда  сафаримиз қариди.

Отанинг қариндош-уруғлари, қишлоқ оқсоқоллари бизни катта йўлгача кузатиб чиқишди.

– Бизлар томонгаям боринглар, юртимиздаги ўзгаришларни кўринглар, азиз меҳмонимиз бўлинглар, – дейди Жўрахон ота улар билан хайрлашгиси келмай. – Дарвоқе, улуғ тожик шоири Абдураҳмон Жомий ўзларининг “Нафахтул-унс”  китобларида исломнинг тўртта устунидан бири, дея таърифлаган ҳазрати Боб Фарғонийга яқинда Попда катта мақбара тикламоқчимиз. Ҳашар хабарини телефонда айтаман. Кўплашиб борасизлар.

– Албатта борамиз, шундай улуғ ишга ҳисса қўшмай бўларканми?- дейишади улар бир овоздан.

– Кўришгунча!

– Роҳи сафед!..

 

САБОҚ

           Йўлдамиз.

        Жўрахон ҳожи ота  Умрзоқовнинг чеҳрасига  разм ташлайман, чарчоқ сезилмайди. Ўша-ўша руҳи баланд. Ўз даврида Москвадаги алоқа институтини тамомлаган, умри  Поп ва Чуст туманлари почта-алоқа тармоғи  раҳбарлигида  ўтган, ўғил-қизларни тарбиялаб, ўқитиб,  элга қўшган, савобталаб инсонга  ҳавасим келади. Ўз-ўзидан ҳижолат тортаман.  Ота  шу ёшида Тожикистондаги  қариндош-уруғини йўқлаб юрибди.  Мен бўлсам... Икки одим нари, шундоқ қўшни қиш­лоқда турадиган ёлғизгина холамдан ойда-йилда бир  хабар олмайман...

Ортиқали НОМОЗОВ,

“ХХI asr” махсус мухбири

                                                                                                                      Меҳваржон БАҲОДУРОВ 
                                                                                                                      (Тожикистон) олган сурат