Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Йўллар ва йўлсозлар

Йўллар ва йўлсозлар
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бош­лиғи Бекмурод Раҳимовнинг ҳисоботи тингланди.
 
Қайд этилганидек, воҳадаги автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 18446,9 км.дан иборат. Тегишли норматив ҳужжатлар ва дастурлар асосида шу йили 620 км. йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 200,1 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Шу йилнинг 8 ойида умумфойдаланувдаги йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 8,4 млрд. сўмлик, Қарши шаҳар кўчалари ва йўлларини капитал таъмирлаш бўйича 3,5 млрд. сўмлик ишлар бажарилди. 3427 км. автомобиль йўлларни жорий таъмирлаш учун эса 14,9 млрд. сўм маблағ сарфланди.
– Йўл қурилиши ишларини тез ва соз амалга оширишимиз учун ёқилғи-мойлаш материаллари ва битум етишмовчилиги халақит бераяпти, – деди вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Бекмурод Раҳимов. – 20 минг тонна битум талаб қилингани ҳолда ҳозирга қадар “Жарқўрғоннефтқайтаишлаш” қўшма корхонаси томонидан бор-йўғи 5 минг 800 тонна маҳсулот ажратилди, холос. Шу билан бирга, махсус техникаларимиз эскириб қолгани ҳам унумдорликка жиддий таъсир этаётир. 2018 йил охиригача 29 та замонавий техника харид қилишни режалаштирганмиз. Ҳозирга қадар 1 та асфальт заводи, 1 та автогрейдер,
2 дона каток сотиб олинди.
Баҳс-мунозараларга бой бўлган тадбирда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Лутфулла Ёзиев ва депутатлар Момосулув Бердиқулова, Абдусалим Мўминов, Фарҳод Элмуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, айрим ички йўллар нафақат транспорт воситалари, ҳаттоки одамлар юриши учун ҳам яроқсиз бўлиб қолгани, бундан кексалар, мактаб ўқувчилари қийналаётганини рўйи-рост айтишди. Гоҳо режага киритилган йўллар таъмирланмайди, кейинги йилга қолдириб юборилади. Мутасаддилар депутатларнинг сўровномаларига аниқ-равшан, мантиқли жавоб қайтаришмайди.
– Кейинги йилларда йўллар носозлиги туфайли кўнгилсиз ҳодисаларга учраб, судма-суд ҳақини талаб қилиб юрган автомобиль эгалари сони кўпайиб бормоқда, – деди депутат Алишер Бойқараев. – Биз ҳуқуқий-демократик давлат барпо этяпмиз. Шундай экан, йўлсозларимиз ҳам зиммаларидаги вазифаларни сидқидилдан бажаришлари керак-да энди. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари билан келишган ҳолда ушбу масалани янада чуқурроқ ўрганиб, вилоят кенгаши сессияси муҳокамасига киритишни режалаштирдик.
Йиғилишда сифатсиз битумдан асфальт йўл қургандан кўра ўзимизда ишлаб чиқарилаётган арзон цементдан фойдаланиб, мустаҳкам ва равон бетон йўллар қуришни кўпайтириш, бетон қоришмасидан қурилаётган 126 километрлик Қарши­–Шаҳрисабз йўли қурилишини жадаллаштириш, йўл қопламаларига салбий таъсир кўрсатаётган оғир юк автомашиналарини фақат махсус йўллардангина қатнашини ташкил этиш, ноқонуний қурилган, ҳаракат хавфсизлигига халақит бераётган иншоотларни буздириб ташлаш, автомобиллар тезлигини назорат қиладиган қурилмаларни кўпайтириш, йўллар атрофини ободонлаштириш тўғрисидаги таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.
Мулоқот ниҳоясида мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларига олиб борадиган йўлларни таъмирлаш ишларини депутатлик гуруҳи томонидан қайтадан ўрганиб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, таҳлилий маълумотлар асосида вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясига киритиш учун билдирилган таклифлар инобатга олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
 
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири