Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Йўловчи хавфсизлигига кафолат бор...ми?! Қашқадарёда бу саволга ҳеч ким жавоб беролмаяпти...

Йўловчи хавфсизлигига кафолат бор...ми?! Қашқадарёда бу саволга ҳеч ким жавоб беролмаяпти...

Йўловчи борки, уловга мингани заҳоти манзилимга эсон-омон етиб олай, деб ният қилади. Бунда автотранспорт хизматини сизга ким кўрсатаяпти, ана шуниси жуда муҳим. Чунки сиз унинг ихтиёрига ўз ҳаётингизни ишониб топшираяпсиз. Гапнинг индаллоси – одам ташувчи йўловчи хавфсизлигига кафолат бериши шарт!

Бироқ баъзи ижарачи киракашлар йўловчи хавфсизлигидан кўра, кўпроқ пул топишни ўйлашяпти. Ишонмаяпсизми, унда эшитинг.

Сариқ рангга бўялган таксига ўтирдим. Машинанинг мен ўтирган томон ичкарисида эшикни ташқарига очадиган “қулоқ” йўқ экан. Мен буни йўл-йўлакай газ тўлдириш шохобчасига тўхтаганимизда билдим. Ҳангома шундан бошланди. Ҳайдовчи машинани айланиб ўтиб, эшикни очди. Камина эса худди тўралардай машинадан тушдим. Бироқ йўл давомида хавотирим аримади. Худо кўрсатмасин, ёнғин чиққудек бўлса, шофёр ўз жонини сақлашга улгуриши мумкин. Аммо у қўрққанидан қочиб қолса-чи? Буёғини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг...

 – Эрталаб машинангизни техника кўригидан ўтказганингизда бунча қийналмас эдингиз, – дейман унга ачиниб.

– Қизиқ одам экансиз, нонушта қилишга вақт тополмаяпману, техник кўрикка бало борми?  Хўроз қичқирмасдан “питак”ка келмасангиз, навбат тегмайди. Ахир мен машинани эгасига, ёқилғига ва оилам учун пул топишим керак. Агар бугун кунлик ижара пулини обориб бермасам, эртага ишсиз қоламан. Етиб борсак, биратўла тушлик қилиб оламан. Машина кўп, навбат келиши жуда қийин. Яна бир марта Қаршига бориб келай, кейин устага кўрсатаман. Бир ойдан бери қўлим тегмайди, бунга...

Дарҳақиқат, сариққа бўялган таксиларнинг аксарияти эски, транспорт хизмати кўрсатишга яроқсиз. Аммо тирикчилик дардида уларни ижарага олиб ишлатаётган йигитларни унинг ҳолати эмас, мўмай пул қизиқтиради. 

Агар адашмасам, вилоятнинг шаҳар ва туманлари марказлари, ички йўналишларга қатнайдиган автомашиналар тўпланадиган 100 дан ортиқ  автошоҳбекат ва бекатлар ишлаб турибди. Биргина Қарши шаҳридан ҳар битта туман марказига юздан ортиқ машина қатнар экан. Аммо техник кўрик масаласи... бошда айтганимдек чатоқ. Йўловчи хавфсизлигига жавоб берадиган кишининг ўзи йўқ. Натижада тез-тез содир бўлаётган кўнгилсиз йўл транспорт ҳодисалари туфайли бегуноҳ одамлар бемаҳал ҳаётдан кўз юммоқда. 

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Масалан, ҳамма ҳам манзилига арзонроқ нархда кетишни истайди. Шу боис йўловчи машина кутади. Аммо лицензия олишдан қочиб, ноқонуний киракашлик қилаётган фуқароларнинг ҳаммаси ҳам тиббий кўрикдан ўтганми? Афсуски, йўқ.  Бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмайди. 

– Киракашда икки карра масъулият бўлиши керак, – дейди шифокор Абдусалим Мўминов. – Чунки у ўтин олиб кетаётгани йўқ. Ҳайдовчи бир суткада 8 соат тиниқиб ухлаши, тиббий кўрикдан ўтиб туриши шарт. Катта тезликда кетаётган машинанинг ҳалокатга учраши учун бир лаҳзалик эътиборсизлик етарли бўлади. Ишдан чарчаб келган кунларимда узоқроққа меҳмондорчиликка чақиришса, оила аъзоларимнинг ҳаётини хавф остига қўймасдан, йўловчи машинада боришни маъқул кўраман. Ёки умуман бормайман. Инсон соғ-саломат юрганининг ўзи катта зиёфатдир.

Мана ўттиз йилдирки, Қарши – Яккабоғ, Шаҳрисабз – Китоб йўналишларида автобус қатнамаслиги боис, йўл ҳақи ой сайин ошиб бормоқда. Одамлар бир неча бор автобус қатновини йўлга қўйишни сўраб, турли идораларга мурожаат этишди. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади. Айниқса, байрам, ҳайит кунлари, абитуриентлар учун тест синовлари бошланган кезларда йўл ҳақи икки бараварга қимматлашади. Энди, стипендиясига зўрға тўртта бўғирсоқ еб, кун кўриб юрган талабаларнинг ҳолини тасаввур этаверинг. Улар учун бу жуда оғир.

Чироқчи, Қамаши, Ғузор йўналишарида автобус қатнаётганлиги боис нархлар бирмунча паст. Тўғри,  шаҳарлараро қатнайдиган Бухоро – Қарши – Китоб  поезди ҳам бор. Аммо Китобдан тонг пайт соат 5:00 да жўнаб, кечқурун 21:00 да қайтади. Кўпчилик учун бу жуда ноқулай. Масалан, Китобнинг бирор қиш­лоғида яшовчилар поезддан тушгач, уйларига етиб олиш учун каттагина пул сарфлашга мажбур бўлишади.

Йўловчи хавфсизлигига кафолат борми? Бу саволга воҳада жавоб берадиган мутасаддини топиш амримаҳол. Бугун вилоят бўйлаб қатнаётган автомашиналарга уларнинг ўзлари ўтиришса, балки ўзбошимча уюшмалар ва ҳайдовчиларни тартибга олган бўлишармиди? Ахир инсон саломатлиги дунёдаги энг бебаҳо бойлик. Уни асраш бахтли келажак ва соғлом турмуш тарзи гаровидир.  Шундай эмасми?..

Биродар ШУКУР