Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЁНИЛҒИСИЗ ИШЛАЙДИГАН ТРАКТОР

ЁНИЛҒИСИЗ ИШЛАЙДИГАН ТРАКТОР
Илғор ғояларни биринчи бўлиб илғаган ва амалиётга татбиқ этган тадбиркор бошқалардан бир қадам олға кетиши шубҳасиз. Газетамизда янги рукн очиб, илмий-тадқиқот институтларида, ёш изланувчиларнинг бисотида дунё юзини кўришга шай турган инновацион лойиҳалар ҳақида ҳикоя қилиб боришни ният қилдик. Қоғоздаги чизмалар, назарий ҳисоб-китоблар фермер ва ишбилармонларимиз кўмагида рўёбга чиқса, хаёл ҳаётга айланса, бундан жамиятимизга фақат ва фақат фойда келишига ишонамиз. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғоя, инновацияга таянган давлат ютади!
 
Ҳеч замонда трактор ёнилғисиз ҳам ишлайдими? Ҳа, албатта, ишлайди!
Пойтахтимиздаги Миробод саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Жамшидбек Акбаров яратган техника намунасининг ҳаракатланиши учун қуёш энергиясининг ўзи етарли. Қуёш трактори лойиҳаси МТЗ-50Х трактор модулидан андоза олиб ясалган. Максимал тезлиги 9-10 км/соат. Умумий қуввати 40 киловатт. 20 киловаттлик икки генератори бор. Ўзини ўзи бемалол қувват билан таъминлай олади. Ичида 8 тадан 16 та аккумулятори бўлади.
Тракторга максимал катталиги 4 метр квадрат қуёш панеллари ўрнатилади. Генераторлар билан қуёш батареяси кетма-кет ўтказилиб, аккумуляторга уланади. Аккумуляторлар моторга уланади. Мотор ишлаганда иккита 20 киловатли генераторни ишга туширади. Қуёш батареяси энг камида 100 вольт энергия ишлаб чиқаради, транзистор ёрдамида кучайтирилиб, аккумуляторга узатилади. Қуёш батареяси остига ўзини ўзи совитиб туриши мақсадида 24 вольтдан 48 вольтли иккита вентилятор (шамоллатгич) қўйилади.
Асосан баҳор ва кузда ер шудгорланади. Бу пайтда очиқ кундан кўра булутли ҳаво кўпроқ бўлади, қуёш тракторлари тўхтаб қолмайдими, деган савол туғилиши табиий. Батареянинг ишлаши учун ёруғликнинг ўзи етарли. Қувват бироз камайганда иккита генератор энергия билан таъминлаб туради. Улар моторнинг айланиши ҳисобига ток ишлаб чиқаради.
– Ёнилғисиз ишлайдиган бу техника қанчага тушар экан, дейсизми? Унчалик қиммат ҳам эмас,  – дейди лойиҳа муаллифи Жамшидбек Акбаров. – Оддий тракторни 130 миллионга, қуёш тракторини эса 200 миллионга харид қилиш мумкин. Қиммат экан, деган хулосага келишга шошилманг. Харажатларни энг минимал даражада ҳисоблаб чиқамиз. Агар оддий тракторга бир кунда 20 литрдан ёнилғи кетадиган бўлса, бир йилда 32 млн 850 минг, ўн йилда 328 млн 500 минг харажат талаб қилинади (нарх-навонинг ўсиб бориши инобатга олинса, бундан-да харажат кўпроқни ташкил этади). Қуёш трактори эса беминнат хизмат қилаверади. Атроф-муҳитга ҳам зиёни йўқ. Шовқинсиз ишлайди. Бузилиб қолса, электрик тузата олади...
Жамшидбекнинг ихтиросидан нафақат ерни шудгорлаш ва қишлоқ хўжалигининг бошқа ишларида, балки уй ёки шийпонни электр энергия билан таъминлаш мақсадида ҳам фойдаланса бўлар экан. Қуёш тракторидан кўчма электр станцияси сифатида фойдаланиш ҳам мумкин.
Ёш ихтирочи инновацион лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида изланишларини Наманган муҳандислик институти доценти Азамат Боймирзаев билан давом эттирмоқда.
Миробод саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Жамшидбек Акбаровнинг “Қуёш трактори” инновацион лойиҳаси фермер ва тадбиркорларимиз томонидан қўллаб-қуватланиб, молиялаштирилса, ёнилғи етишмовчилиги сабабли қишлоқ хўжалиги ишлари тўхтаб қолишига ва бузилган техникани тузатиш учун ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилади. Ҳам иқтисодий тежамкорликка, ҳам иқтисодий самарадорликка эришилади.
Чарос ЁҚУБОВА,
“XXI asr” мухбири