Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЁШ ФЕРМЕРЛАР КУЧ СИНАШДИ

ЁШ ФЕРМЕРЛАР КУЧ СИНАШДИ
Қарши шаҳрида O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят ташкилоти ҳамда вилоят Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган “Ёш фермер” кўрик-танлови жараёнида навқирон авлод вакилларининг фермерликка қизиқишини кучайтириш, уларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган ишлар сарҳисоб этилди.
Айни пайтда вилоятда 21 минг 780 фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлса, уларнинг мингга яқинига ёшлар раҳбарлик қилаётгани эътиборга молик.  Йигит-қизлар қишлоқ инфратузилмасини яхшилашга, аҳоли турмуши фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшяптилар. Шунинг баробарида, тадбир ташкилотчилари қайд этганидек, вилоятда уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлашда фермер хўжаликлари етарли иш қилишмаяпти. Йигит-қизлар фақат мавсумий ишларга жалб қилиняпти, холос. Бандликни ошириш мақсадида бу йил кўпгина хўжаликлар ерлари оптималлаштирилиб, 700 га яқин янги фермер хўжалиги ташкил этилди.  Айрим фермерлар фақат ғалла-пахта етиштириш билан чегараланиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳақида ўйламаяптилар. Қатнашчилар шу сингари муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиш юзасидан фикр алмашдилар.
– Танловнинг вилоят босқичида воҳамизнинг 15 га яқин ташаббускор фермерлари кураш олиб борди, – дейди партия вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Азизбек Норов. – Улар ўзлари бошқараётган фермер хўжалигида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, фаолиятга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг мақбул ечимларини  топиш борасидаги  лойиҳаларининг тақдимотини ўтказишди. Танлов шартлари бўйича куч синашишди.
Биринчи ўрин Касби туманидаги “Акмал Оромов” фермер хўжалиги раиси Акмал Оромовга насиб этди.  2-ўринга Қарши туманидаги “Ҳайитов Тош” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Йўлдошев, 3-ўринга эса Китоб туманидаги “Ғуломов Сирожиддин Ғуломович” фермер хўжалиги бошлиғи Сирожиддин Ғуломовлар сазовор бўлдилар.
– Тумандаги энг ёш фермерман, – дейди Акмал Оромов. – Қишлоқ мулкдори бўлишимда O‘zLiDeP туман Кенгаши яқиндан ёрдам берган. Кўп йиллардан буён партиямиз томонидан ташкил этилган тадбирларда қатнашиб, ҳуқуқий-иқтисодий  билимларимни ошириб келаяпман. Хўжалигимиз тасарруфида 82 гектар ер бор. Бу йил 40 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 45 центнердан ғалла ҳосили олдик. 42 гектар майдонда пахтадан мўл ҳосил етиштирилмоқда. 20 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланган.  Бу йил 20 сотих майдонда иссиқхона ташкил этдик. 300 бош қорамол боқиладиган замонавий чорва комплекси қураяпмиз. Гўштни қайта ишлайдиган технология олиб келиш учун шартнома тузиб қўйдик. Бу танлов мен каби ёш фермерларнинг билим ва малакасини оширишда яқиндан ёрдам беряпти.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири