Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

“Ёш инновациячи”лар беллашуви бошланди

“Ёш инновациячи”лар  беллашуви бошланди

         Аввал хабар берганимиздек, O‘zLiDeP ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида коллеж ўқувчилари ўртасида “Ёш инновациячи” кўрик-танловига старт берилди.

             Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган ҳудудий босқичларда иштирокчилар ишлаб чиқариш ва сервис, туризм, қишлоқ хўжалик соҳаларини ривожлантириш борасидаги инновацион лойиҳаларини намойиш қилишмоқда.

           Зангиота тумани агросаноат касб-ҳунар коллежи талабаси Азамат Ҳамроев (Тошкент вилояти) Жанубий Американинг ёввойи помидор кўчатини ўзимизнинг жайдари помидор кўчатига пайванд қилиб, ҳосилни икки баробар кўпайтириш, илдизи ва поясини касалликларга чидамли қилиш бўйича ўз лойиҳасини тақдим этди.

          Мирзачўл агроиқтисодиёт коллежининг 2-босқич ўқувчиси Умида Мирзаева (Жиззах вилояти) “Янги типдаги иссиқхона ва интенсив боғлар барпо этиш” лойиҳаси билан иштирок этди.

             – Мен ушбу лойиҳа устида устозларим билан ҳамкорликда анча вақтдан буён иш олиб боряп­ман, – дейди Умида. – Биз энг илғор аграр технологиялар билан бирга биологик методлардан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Бу эса таннархни арзонлаштирибгина қолмасдан, балки экологик тоза маҳсулот олишга имкон яратади.

            Самарқанд темир йўл транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дамиржон Қосимов тайёрлаган инновация бошқа иштирокчиларда “Бу лойиҳа ихтироми?” деган саволга сабабчи бўлди. “Самарқанд экспресс” йўловчи ташиш осма транспорти ҳақида муаллиф тўлиқ маълумот берди:

           – Бу ихтиро эмас, бундай осма йўловчи ташиш транспорт воситалари дастлаб Германиянинг Вуппертал шаҳрида жорий этилган. Ҳозирги кунда Хитойда ҳам ҳаракатланмоқда. Биз жамоа билан лойиҳага янгилик киритдик. Келажак транспортлари катта шаҳарларда тирбандликнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида, хоҳлаймизми-йўқми, шундай лойиҳалар асосида яратилади. Лойиҳанинг янгилиги шундаки, ушбу осма транспорт воситаси қуёш батареялари ёрдамида ҳаракатланади. Имконияти чекланган шахслар ҳам фойдаланиши учун бекатларда махсус эскалаторлар қурилади.

           Деҳқонобод касб-ҳунар коллежи (Сирдарё вилояти) 2-босқич ўқувчиси Шаҳзодбек Абдусалимов “Чиқинди мойлари ёрдамида ишлайдиган иситиш мосламаси” билан иштирок этди. Қурилмадан иссиқхоналар, пиллачилик хоналари ва биолабораторияларда кенг фойдаланиш режалаштирилган.

          Турин политехника университети академик лицейи ўқувчиси Ислом Аламов (Тошкент шаҳри) тақдимотида яқиндагина яратган “Лотос 7” автомобилини намойиш этди.

           – “ВАЗ 2103” вориси сифатида яратилган ушбу машина соатига 160 километр тезликда ҳаракатлана олади. Энг муҳими, 100 километр масофага 7 литр ёқилғи сарфлайди, – дейди ёш ихтирочи. – Шу боис мазкур лойиҳам танлов қатнашчиларида катта таассурот қолдирди ва ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди. Келгусида янада такомиллаштириб, пойга машинаси сифатида фойдаланиш ниятим бор.

          Андижон шаҳридаги ахборот технологиялари коллежи ўқувчиси Абдулазиз Маҳмудов таклиф қилган компьютер дастурларини соддалаштириш ва интернет ишланмаларини ўзбек тилида яратиш бўйича технология мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди.

         – Мен танловда кичик ГЭС лойиҳам билан иштирок этдим. Кам харажат билан кўпроқ электр энергиясини ҳосил қилишга мўлжалланган ушбу қурилма ҳакамлар ҳайьати томонидан 2-ўринга муносиб топилди, – дейди политехника коллежи ўқувчиси Муроджон Аминов (Бухоро вилояти).

           Гувоҳи бўлганингиздек, “Ёш инновациячи” кўрик-танловида кўпгина қобилиятли ёшлар кашф этиляпти.

            – Мен анчадан буён “Замонавий хизмат кўрсатиш уйи” инновацион лойиҳаси устида иш олиб бораётган эдим, – дейди Зафар­обод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи  ўқувчиси Дилноза Назарова (Жиззах вилояти). – Бугунги тадбир нафақат менга, балки барча иштирокчиларга ўз лойиҳаларининг ютуқ ва камчиликларини аниқлашда, янада мукаммаллаштиришда жуда қўл келди. Бунинг учун O‘zLiDePдан миннатдормиз.

        Иштирокчиларни баҳолашда асосий эътибор ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги, етакчилик қобилияти ҳамда инновацион ғоя, ишланма ва технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини қай даражада ўзлаштира олганига қаратилди.

“XXI asr” мухбирлари

материаллари асосида

Чарос ЁҚУБОВА тайёрлади.