Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ёш олимлар бош ва бўйин соҳасида асорати бор беморларни даволашда янги лойиҳа тақдим этди

Ёш олимлар бош ва бўйин соҳасида асорати бор беморларни даволашда янги лойиҳа тақдим этди

         Андижон давлат тиббиёт институтида анъанавий XI Республика “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” ярмаркасининг институт босқичи бўлиб ўтди. Инновациялар салмоғини янада кенгайтириш ва амалиётга жорий этиш мақсадларида ташкил қилинадиган мазкур ярмаркада ҳар йили кўплаб кашфиётлар тақдим этилади, ихтиролар кашф қилинади.

         Жорий “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш ” йилида илмий-техник салоҳиятни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтириш ва инновацион фаолиятни юксалтиришга янада кўпроқ эътибор берилмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш,  янги ғоя ва ихтиролар яратишга чоғланган ҳар бир инсонга қанот бериш саъй-ҳаракатлари ҳар қадамда намоён бўлмоқда.

         Анжуманда сўз олган институт ректори Мадаминжон Мадазимов иштирокчиларни ярмарканинг моҳияти, баҳолаш мезонлари билан таништириб, лойиҳанинг янгилиги, республика ва хорижий ОАВлардаги намойиши, долзарблиги муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

        Ярмаркада 60 дан зиёд инновацион лойиҳа ва ишланмалар намойиш этилди. Айниқса, ёш олимлар Муҳаммадяҳё Тешабоев ва Комилжон Мадазимовларнинг “Бош ва бўйин соҳасида асорати бор беморларни хирургик даволашда интраоперацион баллон тўқима чўзилишини клиник амалиётга татбиқ қилиш” мавзусидаги лойиҳаси ўзининг долзарблиги билан барчанинг эътирофига сазовор бўлди. Шунингдек, биологик физика, информатика, тиббий техника ва янги технологиялар кафедраси ходимлари Шуҳрат Ғуломов, Гулмира Мўминова, Дилшод Жўраевларнинг “Толали ўсимликлар (қўға)нинг физик хоссаларини ўрганиш асосида тиббиёт амалиётида қўлланиладиган материалларни яратиш” лойиҳаси ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

          -Лойиҳанинг мақсади, толали ўсимликлар синфига мансуб қўға ўсимлигининг механик хоссаларини ўрганиш асосида ҳарбий дала жарроҳлигида қўлланиладиган бойламалар ва унинг кукунидан халқ хўжалигининг турли соҳаларида қўлланиладиган брикетлар тайёрлашдан иборат, - дейди Дилшод Жўраев. – Бунда биз ўсимликнинг барча механик хоссаларини, ташқи муҳитга таъсирини ўрганиб чиқдик. Унинг халқ хўжалиги ва тиббиёт учун фойдали томонларини аниқлашга ҳаракат қилдик.

         Ярмаркада оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ички касалликлар, кардиология ва ноинфекцион касалликлар профилактикаси, жарроҳлик травматология ва ортопедияси, нейрожарроҳлик ва дала жарроҳлиги, тери-таносил ва сил касалликлари, онколгия ва радиология йўналишларида қилинган ва қилинаётган янгиликлар кенг намойиш этилди. тадир натижаларига кўра иштирокчилар “Энг фаол илмий-тадқиқотчи аёл”, “Энг намунали илмий тадқиқот”, “Энг фаол ёш тадқиқотчи”, “Энг оригинал лойиҳа муаллифи” номинциялари бўйича аниқланиб, тақдирландилар.

          Танловнинг институт босқичида ғолиб бўлган ёш олимлар, тадқиқотчилар, тиббиёт ривожига илғор инновацион лойиҳалари билан муносиб ҳисса қўшаётган ёшлар жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасининг ҳудудий босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

 

Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr”   мухбири