Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЁШЛАР ИТТИФОҚИ КАФОЛАТ БЕРДИ – ёш йигит озодликдан маҳрум этилмади

ЁШЛАР ИТТИФОҚИ КАФОЛАТ БЕРДИ – ёш йигит озодликдан маҳрум этилмади       Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кенгашининг ташаббуси билан жойларда бир қанча самарали ишлар амалга оширилаётгани сир эмас. Масалан, унинг ёрдами ва кафолати билан жиноят остонасида турган инсонни тўғри йўлга қайтариш, унга имконият бериш, қолавера, керакли  кадрга айланишида кўмаклашиш бу ҳам ташкилотнинг каттагина ютуғи аслида. Бундай ишларнинг амалдаги натижасига ҳам тез-тез гувоҳ бўляпмиз.
      Фикримизга исбот сифатида келтириб ўтишимиз мумкин, Шероз Сувонов Тойлоқнинг Украч қишлоғида туғилиб ўсган. Қўлида касб-ҳунари бор. Самарқанддаги йирик корхоналардан бирида ишлайди. Ҳалол меҳнат қилиб, жамиятда ўз ўрнини топишга интилаётган ёшлардан бири.
Нима бўлди-ю, у қизиққонлиги туфайли, қолаверса, ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфлилик даражасини билмаслиги оқибатида “Telegram” ижтимоий тармоғи орқали “Жесты и катастрофы” каналидаги жангари видеороликни танишига юборди.
        Бу ножўя ҳаракат фош этилгач, Шерозга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши очилди. Жиноят иши материалларига кўра, у 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди биносида Тошкент шаҳар судининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда Шероз Сувоновга нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилди. Бу тўғрисида  “Зарафшон” газетасининг “facebook”даги саҳифасида маълум қилинди.
       Суд мажлисида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов ва Тойлоқ туман кенгаши раиси М.Ашуров ҳам иштирок этди ҳамда Шероз Сувонов ҳақида ўз фикрларини баён этди.
– Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилишида Президентимиз Ш.Мирзиёев ташкилот олдига ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим вазифаларни қўйган эди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов. – Жумладан, ҳаётда билиб-билмай ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган ёки бошқа ножўя ишларга қўл урган ёшларни тўғри йўлга бошлаш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳам иттифоқимиз фаолиятининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, суд мажлисида Шероз Сувоновнинг бу хатти-ҳаракат оқибатини билмасдан содир этгани, бу ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, унинг бу хатосини тузатишга биз ҳам ёрдам беришимизни билдирдик. Шерознинг келгусида бундай ножўя ишларни амалга оширмаслиги ва ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлиб, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш тадбирларида қатнашишига, Ватанимиз учун керакли кадр бўлиб етишишига кафолат бердик.
      Суд ёшлар иттифоқининг ижобий тавсифномаси ва кафолатини инобатга олиб, судланувчи Шероз Сувоновга тайинланиши мумкин бўлган 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосини 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишига алмаштирди.
Ёшлар иттифоқининг саъй-ҳаракати билан бир йигит камида 5 йил қамоқ жазосидан олиб қолинди.