Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Ёшлар қаноти” қошида “Ёш олимлар лига”си тузилади

“Ёшлар қаноти” қошида  “Ёш олимлар лига”си тузилади

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида “Ёшлар қаноти”нинг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, ёш олим ва тадқиқотчилар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

 O‘zLiDeP маслакдошлари сафини тадбиркор ёшлар билан бир қаторда юксак интеллектуал салоҳиятга эга йигит-қизлар ҳисобига ҳам кенгайтиришга интилаётгани қувонарли. Шу боис “Ёшлар қаноти” қошида доимий асосда фаолият юритувчи ҳамда бугун амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган фаолларни ихтиёрий асосда бирлаштирувчи “Ёш олимлар лига”сини тузишга келишиб олинди. Ёш тадқиқотчиларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, илмий ишланмаларини амалиётга жорий этишга кўмаклашиш, ютуқларини кенг жамоатчиликка етказишда яқиндан кўмаклашиш ушбу лиганинг асосий вазифалари қаторида бўлиши таъкидланди. Ёш олимлар лигасининг Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари билан доимий мулоқот уюштиришига алоҳида урғу берилаётгани ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Энг аввало, ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, инновацион ғояларни амалиётда қўллаш, иқтисодиётга жалб этиш, O‘zLiDeP билан ҳамкорликда янги механизмларни ишлаб чиқиш ушбу лига фаолиятини янада жонлантиради, – дейди Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, ёш олим Бегзод Мусаев. – Лиганинг иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, юқори технология ва инновация­лар сингари соҳалар бўйича кенгашларини тузиш режалаштирилди. Кейинги масала, бу – тадқиқотларни амалиётга жорий қилиш, жамият ривожига кичкина бўлса-да таъсирини кўрсатишга имконият яратишдир. Лига фаолияти қўллаб-қувватланса, ўйлайманки, партия энг катта сиёсий куч сифатида ўз атрофида ёш иқтидорли олимларни янада кўпроқ жамлайди.

Анжуман давомида партия кўмагида чоп этилган, 60 дан ортиқ ёш тадқиқотчининг иқтисодиёт, сиёсат, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар, аграр, телекоммуникация соҳаларига оид илмий тўплами тақдимоти бўлиб ўтди. Китобдан ёш олимларнинг Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган муҳим вазифалар доирасидаги ўзбек, рус, инглизча мақолалари ўрин олган.

Йиғилиш сўнгида “Ёш олимлар лигаси”нинг анжуманларини мунтазам ўтказиб боришга келишиб олинди.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ

“XXI asr” мухбири.

Суратларни

Солижон ЗОИРОВ олган.