Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришда янгича ёндашувнинг аҳамияти

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришда янгича ёндашувнинг аҳамияти

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, навқирон авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини, айниқса, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор юксак самара бермоқда.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Бу борада Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Партиянинг “Ёшлар қаноти” қошида жамоатчилик асосида фаолият юритаётган “Ёш либераллар” клуби атрофига мустақил фикрлайдиган ва ҳаётга теран қарайдиган, Ватан тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, фидойи ва изланувчан ҳамда иқтидорли ёшлар бирлашган.

 

Клуб партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман (шаҳар) кенгашларининг “Ёшлар қаноти” қошида фаолиятини “Келажак депутатлари” ҳамда “Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш” гуруҳлари кўмагида амалга оширмоқда. Ўтган вақт давомида “Ёш либераллар” клуби ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун яратилган шароит ва имкониятларни ёшлар орасида тарғиб қилиш, мазкур фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган ёки шуғулланаётган ёшларда учраётган муаммоларини аниқлаш, бартараф қилиш борасида тизимли ишларни амалга оширди.

 

Жорий йил май ойида “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” лойиҳаси доирасида ёшлар форуми ҳамда бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.

 

Форум доирасида Гулистон шаҳридаги маҳаллаларда уюшмаган ёшлар рўйхати шакллантирилди. Ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 20 га яқин тадбиркорлик субъекти ўзининг 350 дан ортиқ бўш иш ўрни билан қатнашди. Якунда уюшмаган ёшлар ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 150 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди ва бандлиги таъминланди. Йил якунига қадар лойиҳа бўйича Сирдарё вилоятида яна 2 мингга яқин ёшларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

 

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони жойларда ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш, иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 

Давлат дастурига кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб, мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида амалга ошириладиган Давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси, ҳудудий филиаллари ташкил этиладиган бўлди. Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулк лизингга берилади.

 

Шунингдек, давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш, тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда, уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашилади.

 

Бундан ташқари, ёшларнинг касб бўйича қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ҳам эътибордан четда қолмаган. Малакали мутахассислар томонидан ёшларга тадбиркорлик фаолиятига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни расмийлаштириш, ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш ва кичик бизнесни кредитлаш, солиқ сиёсати, имтиёз ва преференциялар, техника-технологиялар, хомашё олиб келиш ва экспорт-импорт амалиётини ривожлантириш каби масалалар бўйича маълумот берилиб, тажрибалари оширилади.

 

Мазкур дастур Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси олдига ҳам муҳим вазифаларни юклайди. Келгусида жойларда дастур бўйича изланувчан йигит-қизларнинг бошлаётган тадбиркорлик фаолиятига кўмак берилиб, бандлиги таъминланади. 

 

Тоир Салимов,

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири.

Манба: ЎзА