Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЁШЛАРДАН УМИДИМИЗ КАТТА

ЁШЛАРДАН УМИДИМИЗ КАТТА
Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида Наманганда “Буюк келажак сари Президент ғоялари билан” шиори остида ёшлар форуми ўтказилди.
Мамлакатимизда ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг деярли барча  маърузалари, жумладан, шу йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам ёшлар тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилган эди. Сиёсий партияларнинг Ёшлар қаноти бўлимлари бу борадаги фаолиятини тубдан ўзгартириши, баландпарвоз гаплардан, тадбирбозликлардан воз кечиб, амалий ишга ўтиши зарурлиги таъкидланди.  
 
 
 O‘zLiDeP уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, иш билан таъминлаш бўйича янги лойиҳани амалга оширди.
Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида Наманганда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилган “Буюк келажак сари Президент ғоялари билан” ёшлар форуми ана шундай мақсадда ташкил этилди.
– Форумнинг ўзига хос жиҳати шундаки, – дейди  O‘zLiDeP вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Иброҳимжон Саттаров. – Аввалги тадбирларимизда асосан олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, лицейлар талаба-ўқувчилари иштирок этишарди, маҳаллаларда ишсиз, бекор юрган ёшлар назардан четда қоларди. Бу гал фақат ана шундай қатлам вакилларига жиддий эътибор қаратилди. Масалан, вилоятда 771 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, уларда 114 мингдан ортиқ уюшмаган ёшлар бор. Тадбирнинг биринчи босқичида партия туман кенгашлари ходимлари, маҳалла фаоллари, бош­ланғич ташкилотлар етакчилари, депутатлар,   корхона, муассасаларнинг раҳбарлари, тадбиркорлар ҳам иштирок этишди. Улар қатнашчиларга корхоналарида яратилган шарт-шароит, бўш иш ўринлари ҳақида сўзлаб беришди. Натижада банд бўлмаган 300 нафардан ортиқ ёшлар билан партия фаоллари бошқараётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида меҳнат шартномалари имзоланди.
– Партиямизнинг туман кенгаши таклифи билан биз депутатлар ҳам тарғибот ишларида иштирок этдик, – дейди Халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Алимардон Бозоров. – Ҳудудимизда 70 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Биз тадбир доирасида Шарқ, Оқтош, Шаҳанд, Тошкент, Хўжанд маҳаллаларидаги ҳар бир оилага кирдик, ишламаётган, ўқимаётган ёшлар билан суҳбатлашдик. Туман кенгаши депутатларидан Беҳзод Тўйчиев, Равшан Шарофиддинов, Баҳодир Алишеров, Ҳусанбой Солиев ва мен ҳар биримиз 2 нафардан йигит-қизни ўзимиз фаолият юритаётган кичик корхоналарга, фермер хўжалик­ларига ишга қабул қилдик. Бундан, албатта улар ҳам, биз ҳам ниҳоятда мамнун бўлдик.
– Партия фаоллари ва депутатлар хонадонимизга келишиб, ҳол-аҳвол сўрашди, – дейди Оқтош маҳалласида яшовчи фуқаро Машҳура Расулова. – Шунда мен тикувчиликка қизиқишимни, лекин қарега бориб ишлашимини билмаётганимни, шу масалада ёрдам беришларини сўрадим. Менга туманимиз марказидаги “Дилрабо – СДА” масъу­лияти чекланган жамиятга тикувчи бўлиб ишга киришимни тавсия этишганда, аввалига ишонмадим. Чунки бу корхона довруғи, у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар хорижга ҳам экспорт қилиниши эшитгандим. Кейин билсам, шу корхонага менга ўхшаган қизлардан 30 нафарини ишга қабул қилишибди. Бундан барчамиз хурсанд бўлдик.
Форумнинг “Ёшлар бандлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиз”, “Юртим жамоли тасаввуримда” номли босқичлари 25 август куни Наманган шаҳридаги Бобур боғида давом этди. Шу куни вилоятнинг барча туманларидан уюшмаган ёшлар таклиф қилиндилар.
Дастлаб “Юртим жамоли тасаввуримда” мавзусида чизган расмлари намойиши ўтказилди. Ёш мўйқалам усталарининг ижоди кўпчиликда катта таассурот қолдирди. 
– Сўнгра уюшмаган ёшлар вакиллари билан очиқ мулоқот бўлди. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов бошчилигидаги партия фаоллари, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари Н. Халилова,
Р. Кушербаев мамлакатимизда ёшларга билим олиш, ҳунар эгаллаш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида сўз юритдилар.  Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорликни бошлаш, бизнес режаларини тузиш, банкдан имтиёзли кредитлар олиш каби қатор масалаларда қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтардилар. Жонли мулоқот якунида 20 нафардан зиёд ёшлар вакилларига тадбиркорлик субъектларига ишга киришларини кафолатловчи меҳнат шартномалари ҳам топширилди.
– Мен Уйчи туманидаги Жийдакапа маҳалласидан келдим, – дейди Элмурод Носиров. – Қўлимда ҳунарим бор. Электр пайвандлаш ишларини бемалол бажара оламан. Маҳалламизда қайси хонадонда шундай юмушлар бўлса, қўлдан келганча бажариб бераман. Лекин бир жойда муқим ишламасам, меҳнат стажим нима бўлади, деган савол мени кўпдан қийнаб келарди. O‘zLiDeP фаоллари хонадонимизга келиб, дилдан суҳбат ўтказишди. Уларга ўз фикрларимни айтдим. Менга тўғри йўл-йўриқ кўрсатишди. Наманган шаҳрида “Мех-маш” масъулияти чекланган жамияти борлигини, шу корхонада электр пайвандчи бўлиб ишлашим мумкинлигини айтишди. Бу таклифдан бошим кўкка етди. Ота-онам билан маслаҳатлашиб, бу таклифга бажони дил рози бўлдик. Қарабсизки, корхона раҳбари билан меҳнат шартномасини ҳам имзоладик. Албатта, бу ишончни меҳнатим билан оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.    
Наманган давлат университетида ташкил этилган тадбир ҳам жуда қизиқарли ўтди. Унда илм-фан, спорт бўйича халқаро олимпиада ва мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган талабалар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ўз ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.
Ниҳоят форумнинг якуний қисми бошланди. Наманган шаҳрининг энг гўзал гўшаларидан бири “Уч фаввора” хиёбони ҳар қачонгидан ҳам гўзал тусга кирган. Катта монитор ва паннода
“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекис­тон!”, “Буюк келажак сари Президент ғоялари билан” шиорлари ёзиғлиқ. Бу сўлим гўшага қўлларида партия логотипи туширилган байроқчаларни тутган юзлаб ёшлар юз-кўзларида қувонч билан кириб келишди.  Кўкка бўй чўзаётган фавворалар, хушманзара дарахтлар уларда шундай жаннатмонанд юртда яшаётганлигидан  фахр туйғуларини уйғотади.
– Мен наманганлик ёшларнинг ғайрат шижоати, салоҳиятига балли дейман, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Расулжон Кушербаев. – Ушбу тадбир баҳонасида шунга гувоҳ бўлдик-ки, бу ерда ёшларнинг тадбиркорлик, ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишлари баланд экан. Ёш ишбилармонларнинг эришган ютуқлари, айниқса, 40-50 тадан иш ўрни яратаётганини бошқа ҳудудларга ибрат бўлгулик-да. Бир ҳафта давом этган форум доирасида кам эмас, уч юздан ортиқ ёшларнинг иш билан таъминлаганлиги бунинг ёрқин далилидир.
Кўтаринки руҳда ўтказилган форум барчада катта таассурот қолдирди. Куйлар қўшиқларга, қўшиқлар рақсларга уланиб кетди. Тадбир сўнгида бир гуруҳ фаолларга O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Комилжон ФАЙЗИЕВ,
O‘zLiDeP Наманган вилоят кенгаши
матбуот хизмати ходими