Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЁШЛАРГА ОИД ЯНГИ МЕЪЁР

ЁШЛАРГА ОИД ЯНГИ МЕЪЁР

 

Гулшана ХУДОЯРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

 

Бугунги кун таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ахборот-коммуникация технологиялари, авваламбор, дунёда рўй бераётган глобаллашув жараёнларида ва ахборотлашган жамиятни шакллантириш шароитида интернет болалар ҳамда ўсмирларнинг камол топишига таъсир кўрсатадиган муҳим омилга айланган. Бироқ, фойдаланувчилар виртуал оламда кечаётган –гоҳида очиқдан-очиқ, гоҳо яширин таҳдид ва хавф-хатарларни тўлиқ англаб етмаяптилар.

Оммавий ахборот воситалари ҳамда турли ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ахборот, рекламалар, компьютер ўйинлари, кино, видео ва бошқа аудиовизуал материаллар болаларнинг мурғак онги, руҳияти, энг асосийси, маънавиятига вақт ўтгани сайин кўпроқ салбий таъсир кўрсатиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, хатарли, тажовузкор, шафқатсиз, жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар содир қилишга ундаш, жиноятга осон жалб этиш учун сабаб бўлмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришнинг муҳим вазифалари этиб белгиланди.

Шуни эътиборга олиб, келажак авлод вакилларига ҳар томонлама зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш ва унинг кафолатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш муҳим аҳамият касб этади. Айни шу мақсадда, “Болаларни, уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг ишлаб чиқилиши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинганлиги мазкур ишларнинг амалий ифодаси бўлди.

Унда, энг аввало, ота-оналарга фарзандларини тарбиялаш, зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, болаларнинг жисмоний, маънавий ва ахборот хавфсизлигининг қонуний белгиланган кафолатлари комплексини яратиш, болалар соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоялаш таъминланиши ҳисобга олинган ҳолда талабларни белгилаш, маълумот тарқатувини ёш тоифалари бўйича таснифлаш, ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, ёшга оид таснифни белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) тарқатувчилар томонидан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш бошлангунига қадар экспертларни жалб этган ҳолда амалга оширилади.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи экспертни ёки экспертларни жалб этган ҳолда белгиланган тақдирда бу билан боғлиқ хизматлар ҳақини тўлаш ва харажатлар ўрнини қоплаш ушбу хизматни буюртирган ёки тарқатувчилар ҳисобидан амалга оширилади.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи унга болаларнинг қуйидаги ёш тоифаларидан бирини киритиш йўли билан амалга оширилади:

етти ёшга тўлмаган болалар учун ахборот маҳсулоти (белгиси “0+” ёзувини акс эттириши керак);

етти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (“7+” ёзувини акс эттириши керак);

ўн икки ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (“12+” ёзувини акс эттириши керак);

ўн олти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти ( “16+” ёзувини акс эттириши керак);

болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулоти (белгиси “18+” ёзувини акс эттириши керак).

Ахборот маҳсулотининг ёш таснифини баҳолашда:

унинг мавзуси, жанри, мазмуни ва бадиий безаги;

муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ушбу ахборот мазмунининг қабул қилиниши хусусиятлари;

ахборот мазмунининг болалар соғлиғига кутилаётган таъсири инобатга олинади.

Ахборот маҳсулотининг ёш тоифасига доир маълумот унга тегишли ахборот маҳсулотининг ёш тоифаси белгисининг жойлаштирилиши учун асос бўлади.

Шунингдек, ушбу масалалар O‘zLiDePнинг сайловолди дастуридаги вазифаларга ҳамоҳанг эканини кўришимиз мумкин. Чунки, айнан тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқилган ахборот маҳсулотларида болалар соғлигига зарар етказмайдиган маълумотларнинг жойлаштирилиши ва уларда ёш тоифаларининг белгиланишидан, аввало, тадбиркорларимиз манфаатдор ҳисобланади. Бундан ташқари, мазкур қонун ҳужжатида эксперт институтининг киритилиши тадбиркорларимиз фаолиятида юзага келган масалаларни холисона ҳал этилишида ўзига хос ҳуқуқий кафолат тизимини яратди.